Фотогалерея
Наши публикации
Национальные партнёры
Международные партнёры
Интернет опрос посетителей сайта
“Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг ҳаётга тадбиқ қилиниши
Жорий йилнинг 12 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорда, жумладан, 2014 йилнинг 1 январидан ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божининг миқдори 5 бараварга, уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимлар миқдори эса 2,5 бараварга камайтирилганлиги кўрсатилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган ННТнинг алоҳида бўлинмалари (ваколатхоналари ва филиаллари)ни, шу жумладан юридик шахс ҳуқуқига эга бўлганларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга олиш учун ундириладиган давлат божи бекор қилинган.
Шу билан бирга, ногиронлар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болалар жамоат бирлашмалари учун давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни соддалаштирилган. Яъни, янги қабул қилинган қарорга мувофиқ, ушбу ташкилотларнинг давлат рўйхатидан ўтиш учун давлат божининг миқдори 50 фоиз этиб белгиланди.
Бундан ташқари, адлия органлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатларини ўрганиб чиқиш муддатларида ҳам енгиллик яратилди. Агар илгари амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ННТлар мурожаатлари икки ой муддат ичида кўриб чиқилган бўлса, мазкур қарор билан - бир ой муддат белгиланди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, юридик шахслар олти ой мобайнида банк ҳисоб варақалари бўйича пул операцияларини ўтказиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган тақдирда уларни тугатиш учун асос бўлишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 53-моддаси қоидаси нодавлат нотижорат ташкилотларига жорий этилмаслиги қарорда ўз аксини топган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан давлат ҳукуматига ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатга олиш, тугатиш, уларнинг таъсис ҳужжатларига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш, улар томонидан солиқ, статистика ва рўйхатга олувчи органларга ҳисоботлар тақдим этилишининг тартибини унификация қилиш ва соддалаштириш каби масалалар юзасидан бир ой муддатда қарор қабул қилиш вазифаси юклатилди.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ННТ ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш, катта ижтимоий аҳамиятга молик долзарб муаммоларни ҳал этишда, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг тармоқ, минтақавий ва ҳудудий, авваламбор давлат ННТнинг фаол қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлган соҳалардаги дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш чораларини кўриш вазифалари белгиланди
Таъкидлаш жоизки, давлат раҳбари томонидан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги зиммасига марказдаги ҳамда жойлардаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ҳамда халқаро шартномаларида мустаҳкамланган нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан самарали назоратни таъминлаш чораларини кўриш вазифаси юклатилган.
Шу билан бир қаторда, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, давлат ва жамият ишларини бошқаришда фуқаролик институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли ҳамда аҳамиятини оширишга йўналтирилган кенг кўламли ишларни мунтазам равишда кенг ёритилишини таъминлаш чоралари ҳам назарда тутилган.
Мазкур қарорнинг қабул қилиниши “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг ҳаётга тадбиқ қилиниши, “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясида” белгиланган мақсадли вазифаларнинг мантиқий давомидир.
Кўпчилик экспертларнинг фикрига кўра, давлат раҳбарининг ушбу қарорида белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, ННТ тизимини кенг ривожлантириш, уларни ташкил этиш ҳамда фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий механизмлар ҳамда тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва соддалаштиришга қўйилган қатъий қадам бўлади.
ФЖШМҚМИ Ахборот хизмати