Фотогалерея
Наши публикации
Национальные партнёры
Международные партнёры
Интернет опрос посетителей сайта
Ўзбекистонда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ташкил этилди

Жорий йилнинг 31 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади. Фармонга асосан янги қўмита ягона давлат инвестиция сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишни мувофиқлаштириш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этиш учун масъул ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикасининг инвестиция салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, инвестиция муҳитини янада такомиллаштириш, йиллик инвестиция дастурларини сифатли ишлаб чиқиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш учун қулай шароитлар яратиш, халқаро молия институтлари, хорижий ҳукуматларнинг молия институтлари, етакчи чет эл компаниялари ва банк тузилмалари билан ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, жалб этиладиган чет эл инвестициялари самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилмоқда.
Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплекси таркибига киради.
Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарининг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилари ва халқаро ҳамда хорижий молия институтларидаги доимий вакили лавозими Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси номенклатурасига киритилади. Улар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг буйруғига асосан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.
Институт Ахборот хизмати