От сильного государства к сильному гражданскому обществу

Фотогалерея

Национальные партнёры

Международные партнёры

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси тўғрисида

Жорий йилнинг 28 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис якуни бўйича амалдаги бир қатор нормавтив-ҳуқуқий ҳужжатларга, жумладан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Фуқаролик процессуал кодекси, Хўжалик процессуал кодекси ҳамда “Судлар тўғрисидаги” қонунга ўзгартиришлар киритилди.

Юқоридаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига ҳамда 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ киритилмоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ьўғрисидаги” қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 112-моддаларига тегишли ўзгартишлар ва қўшимча киритилмоқда. Ушбу тузатишларга мувофиқ Олий хўжалик суди ва Олий суд фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иши юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органига – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилмоқда.

Мазкур қонунга мувофиқ суд тизимида иқтисодий ва маъмурий судлар, хусусан Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг иқтисодий, маъмурий судларини, шунингдек туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларини ҳамда туман, шаҳар маъмурий судлари тузилмоқда. Маъмурий судлар оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шу жумладан давлат органларининг ҳаракатларига ёки ҳаракатсизлигига, қарорлари устидан фуқароларнинг, тадбиркорлик субъектларининг берган шикоятларини ва мурожаатларини кўриб чиқиш ваколатига эга бўлади.

Суд-ҳуқуқ тизимида янги институт – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши жорий этилмоқда. Бу Кенгаш аввал амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясини алмаштириши лозим. Конституциясининг 111-моддаси янги таҳририга мувофиқ Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси суд ҳокимияти мустақиллиги ҳақидаги конституциявий принципга риоя этилишини таъминлашга кўмаклашиши белгилаб қўйилмоқда. Кенгаш раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан тайинланади. Судьялар олий кенгаши аъзолари қонунга мувофиқ Давлат раҳбари томонидан тасдиқланади.

Институт Ахборот хизмати