Фотогалерея
Наши публикации
Национальные партнёры
Международные партнёры
Интернет опрос посетителей сайта
Ваколатлар кенглиги юксак самаралар бермоқда
Ўзини ўзи бошқаришнинг халқимизга хос ноёб тизими бўлган маҳалланинг кундалик ҳаётимиздаги ўрни мустаҳкамланиб, мавқеи йилдан-йилга тобора ортиб бораётгани, мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларда фаол қатнашаётгани барчамизга маълум.
Ушбу қадимий ва ноёб бошқарув тизими бир неча асрлик қадимий тарихга эга бўлса-да, унинг ҳуқуқий асослари яратилган ва жамият бошқарувида ўзига хос ваколатларга эга бўлган даври мустақиллик йилларига тўғри келди.
Хусусан, ўтган йиллар давомида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатлари кўпайди. Давлатимизнинг марказий ва юқори бошқарув органлари ваколатларини босқичма-босқич қуйи тизимга, шу жумладан, ўзини ўзи бошқариш органларига ўтказилди.
Фуқаролар йиғинларига берилган ваколатлар доирасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқлаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Эҳтиёжмандлар қатламига ижтимоий кўмаклашишнинг энг содда, аммо самарали жиҳатлари инобатга олиниб, бу борадаги барча ваколатлар тўлалигича фуқаролар йиғинларига ўтказилди.
Бу жараён эса бутун дунё ҳамжамиятида «ўзбек модели» деб тан олинган ривожланишнинг беш тамойилидан бири «Кучли ижтимоий сиёсат» асосида амалга оширилди.
Бундан ташқари, сўнгги йилларда «Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» тамойили асосида фуқаролар йиғинларига кўплаб ваколатлар берилди. Бу эса, ўз навбатида, фуқаролар йиғинлари фаолиятини тартибга солувчи амалдаги қонунларни янада такомиллаштиришни талаб этди.
Ушбу талабларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма йиғилишида қабул қилинган Мaмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислoҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ри-вoжлaнтириш кoнцeпциясида алоҳида вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, концепцияда маҳалла фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштириш, унинг вазифалари кўламини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан ўзаро яқин муносабатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Концепция ижроси доирасида 2013 йил 22 апрелда «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги ҳамда «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги қонунлар янги таҳрирда қабул қилинди.
Янги таҳрирдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонунда фуқаролар йиғинларининг жамоатчилик назоратини амалга оширувчи субъект сифатидаги роли оширилиб, уларга тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфатларига риоя этилиши ҳамда коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича қўшимча ваколатлар бериш назарда тутилди.
Айниқса, қонуннинг 11-моддасида шаҳарча, қишлоқ, овул ва шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ваколатида бўлган, ҳар чоракда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг фуқаролар йиғинлари фаолияти соҳасига кирувчи масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитиш тартиби янада мустаҳкамланди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика ва ҳудудий Кенгашларнинг ташкил этилганлиги жамият ҳаётида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиб бораётган маҳалла институтининг ривожланишида муҳим қадамлардан бири бўлди.
Мазкур Кенгашлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштириш, қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатларини амалга оширилишига кўмаклашиш, улар фаолиятидаги муаммоларни комплекс ўрганиш ва тизимли ҳал қилиш юзасидан аниқ асосланган таклифлар ҳамда таъсирчан механизмлар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини ҳар томонлама ривожлантириш, унинг мақоми, нуфузини ошириш бўйича олиб борилган амалий ишлар натижасида йиғин ходимларининг фаолияти давлатимиз томонидан муносиб тақдирлаб келинмоқда. 2010-2016 йиллар давомида фуқаролар йиғинларининг 250 нафарга яқин ходимлари турли давлат мукофотлари билан тақдирланди. Биргина 2016 йилда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларидан 25 нафари давлатимизнинг юксак мукофотларига муносиб топилди.
Бугунги кунда фуқаролар йиғинлари раисларининг 430 нафари халқ депутатлари маҳаллий кен-гашларининг депутатлари ҳисобланса, 3 нафар йиғин ходими Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзосидир.
Мамлакатимиздаги турли миллат ва элатларнинг бир оила бўлиб яшашида, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда, миллий қадрият ва анъаналарни янада ривожланишида муҳим восита ҳисобланган маҳалла институти фаолиятига хорижий давлатлар экспертлари томонидан ҳам катта қизиқиш билан қараб келинмоқда.
Мамлакатимизда ва бир қатор хорижий давлатларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига бағишлаб ўтказилаётган туркум халқаро семинар, давра суҳбати ва конференцияларда фуқаролик жамияти институти сифатида маҳалла институтининг фаолиятига юксак баҳо бериб келинмоқда.
Абдурасул РАХМОНОВ,
Институт лойиҳа раҳбари.
“Mahalla” газетасининг 2016 йил 17 сентябрь кунги 104-сонида чоп этилган