От сильного государства к сильному гражданскому обществу

Фотогалерея

Национальные партнёры

Международные партнёры

СЎЗ ЭРКИНЛИГИ ВА МАСЪУЛИЯТ

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтида (ФЖШМҚМИ) “Ахборот соҳасида ислоҳотлар амалга оширилиши доирасида миллий босма ОАВ ривожланиши тенденциялари” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда республика ва ҳудудий нашрларнинг бош муҳаррирлари ҳамда журналистлари, ОАВ соҳасидаги етакчи экспертлар, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда бошқа ихтисослаштирилган жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди. Тадбирда қайд этилганидек, мамлакатимизда ахборот воситаларини янада либераллаштириш, сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, бугун юртимизда оммавий ахборот воситалари ривожини таъминлайдиган, демократик талаб ва стандартларга тўла мос келадиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Хусусан, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши оммавий ахборот воситаларини эркин ва жадал ривожлантириш, ахборот ва сўз эркинлиги масъулиятини таъминлашда муҳим босқич бўлмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида ушбу йўналиш бўйича белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ижроси туфайли оммавий ахборот воситалари фаолиятининг самарадорлиги ошиб, унда тўғри, холис, аниқ маълумотга асосланган ахборотлар ҳамда чуқур таҳлилий, танқидий материалларга кенг ўрин берилаётир. Давра суҳбатида мамлакатимизда сўнгги йилларда ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларнинг қўлланиши натижасида Ўзбекистонда медиа-соҳанинг изчил ривожланаётганлиги таъкидлаб ўтилди. Жумладан, 2000 йилда республикада 524 та босма ОАВ фаолият юритган бўлса, 2012 йил 1 январь ҳолатига кўра, ушбу кўрсаткич 977 тани ташкил этди. Нодавлат босма ОАВ умумий ҳисобда 22,9 фоиздан 51,23 фоизга ўсди. Тадбирда давлат бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, жойларда жамоатчилик назоратини амалга оширишда ОАВнинг ўрни сезиларли даражада кучайиб бораётгани эътироф этилди. Шунингдек, иштирокчилар Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти мутахассислари томонидан 2012 йил давомида ҳудудий босма ОАВ ҳолати устидан олиб борилган мониторинг ва тадқиқот натижалари билан танишдилар. Мониторинг натижаларига кўра, бугун ҳудудий босма ОАВда танқидий материаллар сони кўпаймоқда. Энг эътиборлиси, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг танқидий мақолаларда кўтарилган муаммоларга ўз муносабатларини билдириш ҳамда уларни ўз вақтида бартараф этиш кўрсаткичлари ўсган. Хусусан, “Қизилтепа тонги”, “Мирзачўл овози”, “Бухоро оқшоми”, “Жондор овози”, “Шарқ тонги”, “Қувасой тонги” каби газеталарда ёритилган танқидий мақолалар ижобий акс садо бериб, уларда кўтарилган муаммолар масъул идоралар томонидан ўз вақтида бартараф этилишига эришилган. Давра суҳбатида Президентимизнинг “Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳудудий босма ОАВнинг ҳам фаоллигини кучайтиришга, уларнинг юртимизда олиб борилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар ҳақида аҳолини тизимли равишда хабардор этишдаги иштирокини таъминлашда долзарб аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, ОАВ вакилларини Концепция доирасидаги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнига кенг жалб қилиш мақсадида 2012 йил давомида ФЖШМҚМИ ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари томонидан “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги ва бошқа шу каби қонунлар лойиҳалари муҳокамалари юзасидан 70 дан ортиқ давра суҳбатлари ташкил қилинди. Тадбирда, шунингдек, ҳудудий босма ОАВнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган айрим жиҳатлар хусусида ҳам сўз юритилди. Давра суҳбати якунида мавжуд камчиликларни бартараф этиш, мамлакатимизда медиа-соҳанинг истиқболли ривожланишига доир тавсиялар ишлаб чиқилди. «Халқ сўзи» 17.11.2012