Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

Ёшларнинг сайлов жараёнларида иштироки

Сайловлар – бу мамлакатимизда амалда бўлган ҳуқуқий нормаларнинг нечоғлиқ демократик руҳда эканини намоён этадиган, демократик ҳуқуқий давлатнинг узвий белгиси, халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишининг, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокининг асосий шакли бўлиб, ўта муҳим ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга масаладир.

Демократия ва сайлов институтлари жамиятда тенглик ва эркинликни, очиқлик ва ошкораликни, фуқароларнинг давлат бошқарув ишларида ўз вакиллари орқали иштирок этишларини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади. Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир Ўзбекистон Республикаси фуқароси 18 ёшга тўлар экан, у жамиятда ўзини фуқаро сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш, яъни ўз овозини ўзи ишонган номзодга бериш орқали иштирок этиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, Конститутциямизнинг 117-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган.

Ҳозирги кунда Тошкент вилояти ҳудудида 1 млн 739 минг 885 та фуқаро 30 ёшгача бўлган ёшларни ташкил этса, улардан 516 минг 834 таси овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган ёшларни ташкил этади. Шундан 43 минг 543 та фуқаро Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида биринчи марта иштирок этувчи ёшлар ҳисобланади.

Ҳозирда Тошкент вилояти ҳудудида 876 та сайлов участкалари ташкил этилган бўлиб, уларда шакллантирилган комиссия аъзолари таркибида ёшлар ва ёшлар ташкилотлари вакиллари иштироки қамровига муҳим эътибор қаратилган. Жумладан, вилоят бўйича сайлов комиссиялари таркибида “Камолот” ЁИҲ Тошкент вилояти Кенгашининг 134 та фаол аъзолари фаолият олиб боришмоқда. Жумладан, Ангрен шаҳрида 9 нафар, Чирчиқ шаҳрида 17 нафар, Бўстонлиқ туманида 40 нафар, Зангиота туманида 3 нафар, Қибрай туманида 2 нафар, Қуйи Чирчиқ туманида 2 нафар, Оққўрғон туманида 4 нафар, Оҳангарон туманида 3 нафар, Паркент туманида 26 нафар, Ўрта Чирчиқ туманида 9 нафар, Чиноз туманида 10 нафар, Юқори Чирчиқ туманида 2 нафар, Янгийўл туманида 7 нафар. Шакллантирилган барча сайлов участкаларининг 90% и таълим муассасаларида ташкил этилган.

Бундан ташқари, вилоят миқёсидаги участка сайлов комиссиялари жами аъзолари сони 8173 та бўлиб, уларнинг 1352 таси 30 ёшгача бўлган ёшларни ўз ичига олган. Шунга кўра участка сайлов комиссияси жами аъзоларининг 16,5 фоизини ёшлар ташкил этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Тошкент вилоятида истиқомат қилаётган ёшларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда сайлов жараёнларига ёшларни кенгроқ жалб этиш борасида Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамда вилоятда фаолият юритаётган бир қатор жамоат ташкилотлари, хусусан, “Камолот” ЁИҲнинг Тошкент вилояти ва туман Кенгашлари ҳамда сиёсий партияларнинг “Ёшлар қаноти” томонидан бир қатор тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилиб келинмоқда.               Ушбу тадбирларни оммавий ахборот воситаларидан кузатиб бориш, шунингдек, Президентликка номзодлар билан учрашувларда ёшларнинг бевосита иштирок этиши, уларда келгусида давлат ҳокимияти органига қайси номзод муносиб эканлиги, қай бир номзод илгари сураётган ғоялар ва дастурлар ёш сайловчининг келажакдаги ҳаётини янада фаровон бўлиши учун хизмат қила олиши мумкинлиги ҳақида фикр шаклланишига асос бўлади.

Шу билан бирга сайлов ёшига эндигина қадам қўйган ёшларимиз сайлов, сайловолди ташвиқот тадбирлари, номзодлар ёки уларнинг ишончли вакиллари билан бўлиб ўтаётган учрашувларда иштирок этиш имконияти, уларнинг таълим олиши ёки қўшимча меҳнат, юмушлар билан бандлиги боис чегараланиши мумкин. Бундай вақтларда ёшлар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнлари ва сайловолди кампаниялари билан оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, телевидение, умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқлари, хусусан, Интернет тармоғи орқали, босма, кўргазмали, аудиовизуал ва плакатлар, варақалар ва бошқа материаллар орқали танишиб боришлари мумкин.

Демократик принциплар ҳукм сураётган жамиятимизда ҳар бир фуқаро учун қонун доирасида ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан фойдаланиш учун барча шароитлар яратилган. Шундан келиб чиққан ҳолда ҳар бир ёш сайловчи сайловолди тадбирларида иштирок этиши ёки этмаслиги, унга доир ахборотлардан хабардор бўлиши ёки бўлмаслигини ўзи мустақил равишда ҳал этади.

Шунга қарамай, сайлов кампанияси даврида Президентликка номзодлар тўғрисида етарли маълумотларга эга бўлмаслик ёш сайловчи учун сайлов куни кимга овоз бериш борасида асосли қарор қабул қилишида қийинчилик туғдиради. Яъни ёш сайловчи ўз келажаги, мамлакат ёки ўз ҳудуди тақдири борасидаги овозини кимга ишониб беришини аввалдан режалаштирмагани боис бу борада аниқ қарор қабул қила олмайди.

Зеро мамлакат ҳаёти, жамиятимиздаги муҳим масалаларда қабул килиниши лозим бўлган қарорлар, қонунлар, ечимини кутиб турган масалалар айнан сайловчи танлаган, овоз берган номзод томонидан ҳал этилиши ва тегишли ислоҳотлар қабул қилган ҳолда мавжуд муаммолар бартараф этилиши мумкин.

Хулоса ўрнида таъкидлаш мумкинки, сайлов қонунчилиги тизимидаги янгиланишлар фуқароларнинг дунёқараши, қолаверса, ҳаётга бўлган муносабатига ўз таъсирини кўрсатиб, ҳар бир воқеа ва ҳодисага нисбатан ўз фикри ва муносабатини билдириб бориш кўникмасини шакллантиришга хизмат қилади. Фуқароларнинг сиёсий, ижтимоий фаоллиги, фуқаролик масъулиятининг ошиб бориши эса бўлажак сайловларнинг юқори савияда ўтишида муҳим бўлган омиллардан биридир.

 

Наргиза Мавланова,

Институтнинг Тошкент вилояти худудий

бўлинмаси  катта мутахассиси

Мақола “Машъал” газетасининг 2016 йил 26 ноябрь № 48 (8847) сонда чоп этилган