Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

Маҳалла кичик – маъмурий ҳудуд. Унинг сайлов жараёнларидаги ўрни

Ҳаммамизга маълумки, бугунги кунда бутун мамлакатимиз бўйлаб 4 декабр куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича барча тадбирлар Марказий сайлов комиссияси, тузиладиган сайлов комиссиялари томонидан очиқ ва ошкора, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда амалга оширилмоқда.

Ушбу тадбирлар дастурига асосан жорий йилнинг 20 октябрь кунига қадар халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари сессияларида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари таркибига номзодларни муҳокама этиш ва тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсиялар берилди.

Бу жараёнда фуқаролар йиғинлари, яъни шаҳарча, қишлоқ, овул йиғинлари (таъкидлаб ўтиш жоизки Хоразм вилояти ҳудудида овул фуқаролар йиғинлари мавжуд эмас) ва шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳам иштирок этиши Қонунда белгилаб қўйилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Конунининг 11-моддасига асосан шаҳарча, қишлоқ, овул ва шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғиинлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича участка сайлов комиссияларининг аъзолигига номзодларни тегишли округ сайлов комиссияларига тақдим этилиши белгиланган.

Участка сайлов комиссияларини тузиш кай тарзда амалга оширилади?

“Ўзбекистан Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 17-моддасига асосан участка сайлов комиссияларини тузиш куйидаги тартибда амалга оширилади:

Участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида 5-19 нафар аъзодан, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади. Агар комиссия 7 нафаргача аъзодан иборат таркибда тузилса, раис ва котиб сайланади. Участка сайлов комиссиясининг шахсий таркиби округ сайлов комиссиясининг қарори билан тасдиқланади.

Участка сайлов комиссияси аъзоларининг сони зарур ҳолларда кўпайтирилиши ёки камайтирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузуридаги участка сайлов комиссияси раиси вазифасини ваколатхоналарнинг раҳбарлари амалга оширади.

Участка сайлов комиссиясининг кандай ваколатлари мавжуд?

“Ўзбекистан Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасига асосан участка сайлов комиссияси куйидаги ваколатларга эга:

Участка сайлов комиссияси:

1) участка бўйича сайловчиларнинг рўйхатини тузади;

2) сайловчиларни сайловчилар рўйхати билан таништиради, рўйхатдаги ноаниқликлар ҳақидаги аризаларни қабул қилади ва кўриб чиқади ҳамда тегишли ўзгартишлар киритиш масаласини ҳал қилади;

3) сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш ва овоз беришда қатнашиш имконияти бўлмаган сайловчилардан сайлов конвертларини қабул қилади;

4) сайлов ўтказиладиган кун ва овоз бериладиган жой ҳақида аҳолини хабардор қилади;

5) овоз бериладиган бинолар ва сайлов қутилари тайёрлаб қўйилишини таъминлайди;

6) сайлов куни сайлов участкасида овоз берилишини ташкил этади;

7) сайлов участкасида берилган овозларни ҳисоблаб чиқади;

8) сайловга тайёргарлик кўриш ва овоз беришни уюштириш масалаларига доир ариза ва шикоятларни кўриб чиқиб, улар юзасидан қарорлар қабул қилади;

9) ушбу Қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Бундан ташқари, участка сайлов комиссиялари таркибига номзодларни округ сайлов комиссияларига тақдим этишдан олдин шаҳарча, қишлоқ ва шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан номзодлар вакиллар йиғилишида кўриб чиқилди ва муҳокама қилинди. “Ўзбекистан Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 18¹-моддасига мувофиқ тарзда участка сайлов комиссияларининг аъзолари жамоатчиликнинг обрўли вакиллари орасидан танлаб олинди. Шаҳарча, қишлоқ ва шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари номзодларни вакиллар йиғилишида кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш пайтида уларнинг партия аъзоси, округ сайлов комиссияси аъзоси эмаслигига ёки бирорта партиядан Халқ депутатлари кенгашига сайланмаганлигига ҳам эътибор қаратишди.

Шунингдек, сайловчиларнинг рўйхатини шакллантириш жараёнида ҳам фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари энг муҳим роллардан бирини ўйнайди.

Таъкидлаш жоизки, истиқболга эришганимиздан кейин, маҳаллаларга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддасига ва 1993 йил сентябр ойида қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунга биноан, маҳаллалар ўз ҳуқуқий мақомига ҳам эга бўлган эди.

Ҳа, бугунги кунда маҳалла давлатнинг иқтисодий-ижтимоий, сиёсий-маънавий ва тарбиявий масалаларида таянчига айланиб улгурган, чунки маҳалла кичик маъмурий ҳудуд бўлиши билан бирга, турмуш тарзи, қадриятлар, анъаналар, урф-одатлар умумийлиги билан боғланган кишилар жамоаси бирлигидир.

Азамат Мадримов,

Институтнинг Хоразм вилояти ҳудудий

бўлинмаси катта ходими

Мақола «Боғот садоси» газетасининг 2016 й., 10 ноябрь №45 (8334) сонда чоп этилган