Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
Сайлов жарёнида халқаро кузатувчиларнинг ўрни
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар.
Кузатувчиларни рўйхатдан ўтказиш тартиби. Кузатувчилар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатдан ўтказиладилар. Уларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилади. Аризада кузатувчининг фамилияси, исми, отасининг исми, иш жойи, шунингдек Ўзбекистон Республикасида бўлишининг тахминий жойи ва муддати кўрсатилиши лозим.
Кузатувчиларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қарорни Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тақдимномасига асосан қабул қилади.
Марказий сайлов комиссияси кузатувчиларга уларнинг сайлов кампанияси давридаги фаолиятлари учун асос бўладиган тегишли намунадаги мандатни беради.
Хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатларнинг вакиллари ҳисобланмайдиган шахслар рўйхатдан ўтказилмайди.
Хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчиларнинг ваколатлари. Кузатувчиларнинг ваколатлари улар рўйхатга олинган кундан бошлаб амалга оширилади ва Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижаларини эълон қилганидан кейин тугайди.
Кузатувчилар сайлов участкаларига келганларида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан берилган мандатни сайлов комиссияси раисига кўрсатишлари шарт.
Кузатувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш бўйича ўтказиладиган йиғилишларда, округ ва участка сайлов комиссияларининг мажлисларида иштирок этиш;
-сайлов участкаларида ҳозир бўлиш ва тайёргарлик ишларининг
боришини, овоз бериш учун сайлов қутиларининг жойлаштирилиши ҳамда муҳрланишини, фуқароларга сайлов бюллетенлари берилишини кузатиш;
- овозларни санаб чиқиш ва участка сайлов комиссияси баённомасини тузиш пайтида ҳозир бўлиш;
- сайлов натижалари ҳақидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган нусхаларини сўраш ва уларни олиш;
- агар сайлов участкасида Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуни бузилган деб ҳисоблаш учун асос мавжуд бўлса, ўз кузатувлари ҳақида юқори турувчи комиссияга маълум қилиш.
Кузатувчилар қуйидагиларга ҳақли эмаслар:
- сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш
кабинасида ёки хонасида бўлиш;
- сайловчиларга таъсир ўтказиш, бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиётини
тарқатиш;
-сайловчилардан улар кимни ёқлаб овоз берганликларини суриштириш ёки
сайловчиларга сайлов бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;
- участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутиларини
муҳрлашда, уларни очишда, овозларни санаб чиқишда аралашиш.
Кузатувчилар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига риоя этишлари шарт.
Кузатувчилар ўзларининг барча хулосаларини ҳужжатли, ҳаққоний ва текширувга асосланган фактлар билан асослашлари лозим.
Кузатувчилар фаолиятининг кафолатлари. Кузатувчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган пайтларида Ўзбекистон Республикаси ҳимоясида бўладилар. Кузатувчилар фаолиятини молиявий-ташкилий таъминлаш уларни Ўзбекистон Республикасига юборган давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Кузатувчилар кузатувни мустақил амалга оширадилар. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва сайлов комиссиялари кузатувчиларга ўз ваколатларини амалга оширишларида кўмаклашадилар.
Кузатувчиларнинг жавобгарлиги. Хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатларнинг кузатувчилари ўз фаолиятлари билан боғлиқ сайлов кампаниясининг боришини кузатиш ва унинг натижаларини баҳолаш бўйича билдирилган мулоҳазалари учун жавобгар бўлмайдилар.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси кузатувчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари бузилган тақдирда уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиши мумкин.
Ғолибжон Маҳаммаджанов,
Институтнинг Тошкент вилояти ҳудудий
бўлинмаси етакчи мутахассиси
Мақола “Эркин сўз” Қуйичирчиқ туман газетасининг 2016 й. 4 ноябрь, 41-сонда чоп этилган.