Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

Демократия кўзгуси

Мустақилликнинг илк йиллариданоқ барча соҳалар каби фуқаролик жамияти инс­титутларининг фаолиятига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, фуқароларни мамлакатимизнинг муҳим сиёсий жараёнларида ва бошқа ижтимоий-сиёсий жараёнларда иштирокини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни муҳим аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Фуқаролик жамияти институтлари саналган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар ва ҳаракатлар, касаба уюшмалари, жамоатчилик ташкилотлари ҳамда фондлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари аҳолининг барча қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишда, фуқароларнинг фаоллиги ва ҳуқуқий, жумладан, электорал маданиятини юксалтиришда муваффақиятли иштирок этмоқдалар.     

Айни пайтда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди, Хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа бир қатор нодавлат ташкилотлар билан давлат ташкилотлари ҳамкорлигида жойларда сайлов тарғиботига, унинг ҳуқуқий асослари ва ташкил этиш жараёнлари юзасидан ҳудудий ва маҳаллий семинарлар, давра суҳбатлари, телекўрсатувлар ташкил этилмоқда. Мазкур тарғибот тадбирларида асосий эътибор нафақат участка сайлов комиссиялари аъзоларининг билим ва кўникмалари оширишга, балки аҳолининг сиёсий маданиятини янада кенгайтиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, фуқароларнинг амалдаги қонунчиликдан хабардорлиги даражасининг оширилиши фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тузилган маслаҳат марказларининг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Чунки маҳалла институти аҳоли билан яқиндан ишлайдиган, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида маҳаллалар ўрнини белгилаб берувчи муҳим бўғин саналади. Маълумки, сайловларнинг энг муҳим босқичи ҳисобланган овоз бериш жараёни айнан маҳалла ҳудудида ташкил этилган сайлов участкаларида амалга оширилади. Вакиллик органларига ўтказилган сайловларда ҳам участка сайлов комиссиялари таркибини шакллантириш, сайловчилар рўйхатини тузиш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи бўйича билимларини ошириш, сиёсий партияларга ва депутатликка номзодларга сайловолди ташвиқотларини олиб боришларида бир хил шароит яратиб бериш каби бир қатор муҳим вазифаларни фуқаролар йиғинлари тегишли округ ва участка сайлов комиссиялари билан ҳамкорликда амалга оширдилар.

Бу каби тадбирларни белгиланган қонун-қоидалар асосида амалга ошириш учун албатта фуқаролар йиғинлари ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш талаб этилади. Шундан келиб чиқиб, участка сайлов комиссиялари, фуқаролар йиғинлари раислари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар вакиллари учун тез-тез семинарлар ўтказиб келинмоқда. Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш жоизки, бу йилги Президент сайловларида вилоятимизда ташкил этилган 463 та участка сайлов комиссияларининг таркибига минг нафардан ортиқ фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари жалб этилган. Уларнинг 269 нафари маҳалла раислари, 314 нафари маҳалла маслаҳатчилар ва 250 нафардан ортиғини маҳалла котиб ва посбонларидан иборат. Бу ҳам ўз навбатида олдимизда турган муҳим сиёсий жараённи юксак савияда ўтказишда маҳалла институтининг вакилларига катта сиёсий масъулият юклайди.

Яна бир эътиборга молик жиҳат шундаки, мамлакатимизда демократик қадриятларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам муҳим роль ўйнамоқда. Улар инсон манфаатлари ҳимоя қилинишида, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий фаоллиги, ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда фаоллик кўрсатмоқда. Айни пайтда вилоятимизда фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотларининг сони 500 дан ошди. Улар соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга оид масалаларни ҳал этиш бўйича дастурларни амалга оширишда фаол иштирок этиш билан бирга, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини, хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши, сайлов органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлашда ҳам ўзига хос ўринга эга эканликларини намоён этадилар.

Демократик сайловларни очиқлик ва ошкоралик принциплари асосида ташкил этишни оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Негаки, улар бир томондан сайловчиларни сайлов жараёнларининг боришидан хабардор қилишса, иккинчи томондан сайловолди ташвиқотини олиб бориш, номзодларни тарғибот қилишда муҳим восита бўлиб хизмат қиладилар. Шу билан биргаликда ОАВ вакиллари миллий ва халқаро кузатувчилар, ишончли вакиллар, сайлов штабларининг вакиллари билан биргаликда сайлов жараёнининг ошкоралиги ва шаффофлигини таъминлаб, аҳолини сайлов натижалари билан таништирадилар. Демак, сайловларнинг демократик тамойилларга асосланган ҳолда ўтказилишида журналистлар зиммасига катта масъулият  юклатилади. ОАВ кенг жамоатчиликни сайлов жараёнлари тўғрисида изчил ва тизимли тарзда хабардор қилиб бориш билан бирга номзодлар ва уларни кўрсатган сиёсий партияларнинг сайловолди дастурларини электоратга етказиш учун минбар вазифасини бажарадилар. Фуқаролик жамияти институтларидан бири сифатида сайлов ўтказиш жараёни устидан жамоатчилик назоратини амалга оширадилар. Расмий маълумотларга кўра айни пайтда Марказий сайлов комиссияси томонидан 500 нафардан ортиқ журналистлар аккредитациядан ўтказилган. Уларнинг орасида хорижий ОАВ вакилларига ушбу сиёсий жараённи ёритишда кенг имкониятлар яратиб берилганлиги миллий сайлов тизимининг халқаро стандартларга нечоғлик мослигидан далолат беради. Шунингдек, мазкур масъулиятли вазифани амалга оширишда журналистларга янада енгиллик яратиш мақсадида 12-Хоразм округ сайлов комиссияси ҳам ҳудудий ОАВ вакилларини аккредитацияда ўтказишни йўлга қўйди. Айни кунда округ сайлов комиссияси ҳузурида 35 нафардан ортиқ марказий ва маҳаллий ОАВнинг вакиллари аккредитациядан ўтказилган. Бундан ташқари, жойларда “Сайловларни ёритишда ОАВнинг роли”, “Сайлов жараёнларида фуқаролик жамияти институтларининг ўрни”, “Сайлов-демократия кўзгуси” мавзусида давра суҳбатлари, кўрсатувлар ташкил этилиб улар ОАВ орқали кенг ёритилмоқда. Айниқса ҳудудий нашрларимиздан “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда”, “Ҳуқуқий ҳимоя”, “Иқтисод таянчи” газеталари саҳифаларида  сайлов ва демократия, сайлов округларини ташкил этиш тўғрисида ва бошқа қатор маълумотлар, таҳлилий мақолалар, репортажлар, интервью ва суҳбатлар мунтазам ёритиб борилмоқда. Ҳудудий бўлинмамиз томонидан “Хоразм ҳақиқати”, “Ҳуқуқий ҳимоя” газеталари таҳририятлари ҳамда Хоразм вилояти телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, айни кунга қадар мазкур нашрлар саҳифалари “Сайлов ва ОАВ”, “Очиқлик ва ошкоралик асосида”, “Пухта тайёргарлик кўрилмоқда”, “Сайловга тайёргарлик” сарлавҳали таҳлилий мақолалар ҳамда “Хоразм” телеканали орқали “Сиёсат ва масъулият”, “Муносабат” кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди.

Сайлов ҳақида гап борар экан, аввало, барчамизнинг кўз олдимизда партияларнинг сайловолди ҳаракат дастурлари гавдаланиши табиий. Чунки партия давлат ва жамият учун қандай вазифаларни амалга оширишни муҳим деб билиши ҳамда ҳокимиятнинг вакиллик органларига сайланадиган депутатлари орқали қандай ишларни амалга оширмоқчилиги айнан ана шу сайловолди платформасида акс этади. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар учун ўзига хос синов вазифасини ўтайди. Зеро, сайловчилар у ёки бу партия илгари сурадиган номзодга берган овозлари орқали маълум маънода сиёсий партия фаолиятига ҳам баҳо берадилар, муносабат билдирадилар. Бундан ташқари, бўлажак сайловлар сиёсий партияларга ўз дастурларини кенг тарғиб қилиш ҳамда ўз тарафдорлари ва электорати сонини кўпайтириш борасида катта имконият яратади.

Бугунги кунда юртимизда ижтимоий-сиёсий жараёнларида хотин-қизлар ва ёшларнинг фаол иштирокига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг давлат ва жамият қурилиши, оила ва жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш механизми муваффақиятли ишлаб турибди. Унга кўра хотин-қизлар ва ёшларга меҳнат қилиш, илм олиш, касб-ҳунар эгаллаш, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқ ва имтиёзлардан фойдаланиш кафолатланган.

  Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримов томонидан илгари сурилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳатларни янада чуқурлаштириш ҳамда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да баён этилган фуқароларнинг шу жумладан, хотин-қизларнинг турли фуқаролик жамияти институтлари, сиёсий партиялар орқали давлат ва жамият бошқарувида иштирок этиш ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланиш механизмларини яратиш ва мантиқий натижаларга эришиш бугунги куннинг долзарб вазифаси ҳисобланади. Шу ўринда хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, давлат ва жамият бошқарувини демократлаштиришда уларнинг иштирокини янада кучайтириш ҳамда бўлиб ўтадиган сайловларда фаол иштирокини таъминлашда фуқаролик жамияти институтлари заммасига янада масъулияли вазифалар юкланади. Бу борада вилоят Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда тарғибот тадбирлари режаси ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур тарғибот гуруҳига олима аёллар, “Зулфия” номидаги давлат мукофоти совриндорлари, маҳалла маслаҳатчилари ҳамда олий ўқув юртларидаги бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари раислари жалб этилган. Айни пайтда вилоятимизнинг барча туманларида, айниқса, чегара ҳудудларида жойлашган сайлов участкаларида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг  аҳамияти, округ ва участка сайлов комиссияларининг асосий вазифалари, улар ишида хотин-қизларнинг иштироки, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг роли каби мавзуларда давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Шунингдек, «Хотин-қизларнинг сайловлардаги иштироки» мавзусида олий ўқув юртлари, жойлардаги корхона, ташкилот ва муассасалардаги меҳнат жамоалари, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларидаги бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари, маҳаллалардаги хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари раислари ва аъзолари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар ҳамда уй бекалари ўртасида давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.

Рақамлар мурожаат қилар эканмиз, жорий йилда вилоятимизда ташкил этилган 463 та участка сайлов комиссияларининг 4132 нафар аъзоларидан 1700 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг 400 нафардан ортиғи эса бошлағич хотин-қизлар ташкилотлари раислари саналади. Шунингдек, 12-Хоразм округ сайлов комиссиянинг 11 нафар аъзосидан 5 нафари яъни 45%ни хотин-қизлардан иборат эканлиги ҳам мамлакатимизда аёлларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини тенглигидан, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигидан дарак беради.   

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга ошириладиган тадбирларда хотин-қизларнинг ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш бўйича тарғибот ишларининг изчил олиб борилиши, уларнинг ўз овози давлатимиз ва жамиятимизнинг келгуси тараққиёти учун ғоят муҳим аҳамиятга эга эканликларини англаб етишларига хизмат қилиши табиий.

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилиги халқимизнинг бой миллий қадриятлари ва тарихий давлатчилик анъаналари асосида сайловга оид халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаларини инобатга олган ҳолда яратилган. У фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг давлат ҳокимиятини шакллантириш ҳамда давлат бошқарувидаги эркин иштирокини таъминлашга хизмат қилади. Бу муҳим омил жорий йилнинг 4 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови эркин, адолатли ўтишига хизмат қилади.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида қайд этиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг фаолияти учун барча шароитлар, хусусан ҳуқуқий асослар, моддий ва маънавий имкониятлар яратилган. Бу йилги сайловларда фуқаролик жамияти институтлари алоҳида жонбозлик кўрсатган ҳолда аҳолини сайловларга тайёрлаш, уларнинг сиёсий онги ва маданиятини юксалтириш ва сайловларни ҳақиқий демократик руҳда ташкил этиш ва амалга оширишга ўз ҳиссаларини қўшадилар.

 

Илёс Абдуллаев,

Институтнинг Хоразм вилояти

ҳудудий бўлинмаси раҳбари

Мақола «Ҳуқуқий ҳимоя» газетасининг 2016 йил 31 октябрь №20 (154)-сонда чоп этилган.