Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
Қонун устуворлиги –давлат бошқаруви органлари самарали фаолият юритишининг асоси.(Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг асарлари асосида)
бошқарилишидан узоқлашиш, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқликдан келиб чиққан ҳолда, фаолият турини, етиштириладиган маҳсулот ҳажми ва хилини, ишлаб чиқариш хўжалик алоқалари доирасини аниқлаш эркинлигини товар ишлаб чиқарувчиларнинг ўзларига бериш сиёсати юргизилди.
Шу билан бирга, бозор тизими соф ҳолида умуммиллий муаммоларни ҳал этишга ҳамда жамиятнинг ижтимоий соҳалардаги – мудофаа ва давлат бошқаруви, жамоат тартибини сақлаш, ягона энергетика тизимининг ишлаб туришини таъминлаш, фундаментал фанларни ривожлантириш соҳаларидаги эҳтиёжларини қондиришга қодир эмаслиги ҳисобга олинди. “Бу вазифалар, – деб таъкидлаган эди Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов, – давлат зиммасида бўлиши лозим.
Истиқлолнинг биринчи кунларидан бошлаб ўта муҳим ташқи сиёсий масалаларни ҳал қилишга, давлатлараро сиёсий ва иқтисодий муносабатлар соҳасида энг мақбул йўлларни топишга тўғри келди. ўоят қисқа фурсатда бу соҳада Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар қўмитаси, кейинчалик эса, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ва бошқа қатор давлат бошқаруви органлари тузилди, дипломатик кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими яратилди.
Ислом Каримов томонидан давлат бошқарувида, тармоқ ва хўжалик раҳбарлигида, назорат қилувчи ташкилотларда, жойлардаги ҳоким ва бошқа мансабдор шахсларда масъулиятни ошириш вазифаси қўйилди: “Таъмагирлик, порахўрлик, бюрократизм сарқитлари ботқоғидан чиқиш. Биз тутган йўлни тушунмасдан, нафс балосига мубтало бўлган, нафс гирдобига тушган кимсалардан халос бўлиш ва уларни жавобгарликка тортиш”.
Ўтиш даврида давлат, жамият ҳаётининг Асосий Қонуни – янги Конституциямиз қабул қилинди, мазкур жараённинг ҳуқуқий асослари яратилиб, тегишли қонун ва фармонлар чиқарилди ҳамда ҳаётга татбиқ этила бошлади. Давлат бошқаруви, вазирликлар, ташкилот ва корхоналар тизими ўзгартирилиб, улар янги тартиб – ҳаёт талаблари асосида ишлашни бошлади.
Ана шу йўналиш доирасида “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги, “Жойларда давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва бошқа тарихий аҳамиятга эга бўлган қонунлар қабул қилинди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва маҳаллий кенгашларга бўлган илк сайловнинг Ўзбекистон ҳаётидаги ўрни, одамлар онгига таъсири катта аҳамиятга эга бўлди. Зеро, у демократик руҳда, муқобиллик асосида ўтгани билан халқаро миқёсда ҳам юртимиз нуфузини оширди.
“Аввал айтганимдек, мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотнинг биринчи босқичи якунланди. Биз бу даврда, аввало, давлат бошқарув тизимини шакллантириб олдик. Маҳаллий кенгашлар, маҳалла оқсоқоллари йиғинлари ҳозирги осойишталик ва барқарорликнинг пойдевори бўлиб хизмат қиляпти, десак хато бўлмайди. Мустаҳкам бошқарув тизими қабул қилинган фармон ва қарорларнинг юқоридан қуйи поғонагача етиб боришини таъминламоқда. Бусиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Бошқача айтганда, бошқарув тизими мустаҳкам бўлсагина иш юришади”.
Биринчи Президентимиз сайлов натижаларини таҳлил қилар экан, давлат бошқаруви идораларининг барча бўғинлари фаолиятини юқоридан пастга қадар қатъий тафтиш қилиб чиқиш зарурлигини қайд этди: “Улар қандай ишлаяпти? Уларнинг умумий ишимизга амалий фойдаси тегяптими-йўқми? Ана шу масалани аниқлаб олиш шарт. Чунки самарасиз бошқарув бўғинлари қанчалик кўп бўлса, фуқаролик жамиятини қуриш шунчалик қийин кечиши ҳеч кимга сир эмас”.
Мустақиллик шарофати билан мамлакатимизда давлат бошқаруви тизими таркиб топди. “Давлатимизда қонун чиқарувчи олий орган – Олий Мажлис бор, сайлаб қўйиладиган маҳаллий ваколатли органлар – Кенгашлар бор, Президент бор, Бош вазир, Бош вазир ўринбосарлари бор, тегишли ваколатга эга бўлган вазирлар ва маҳкамалар раҳбарлари бор. Ҳокимлар ва уларнинг таркибий бўлинмалари бор. Табиийки, ана шу тизимнинг ҳаммаси, ундаги ҳар бир ҳокимият тузилмаси ўз вазифаларини аниқ бажариши ва ягона пировард мақсадни – халқ иродаси ва умидларини рўёбга чиқаришни кўзлаб ишлаши керак”.
Юқорида қайд этилганидек, бозор муносабатлари шароитида давлатнинг иқтисодиётни бошқаришдаги роли кескин ўзгаради. Давлатнинг бош вазифаси иқтисодий, ишлаб чиқариш, ижтимоий ва савдо-иқтисодий муносабатларнинг ўз маромида ишлаши учун зарур шарт-шароитларни яратиб беришдан иборат. “Бу ўта муҳим тизим, – хулоса қилади Ислом Каримов, – иқтисодий фаолиятимизга қийинчиликлар билан бўлса-да, кириб бормоқда. Эскича фикрлаш, маъмурий-буйруқбозлик, сансалорлик каби иллатлардан қутулиш жуда қийин бўляпти. Шунинг учун ҳам иқтисодий ва хўжалик фаолиятига давлат бевосита аралашадиган соҳаларни камайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар нафақат иқтисодий, балки улкан сиёсий аҳамиятга эгадир.
Жамиятда, деб қайд этади Ислом Каримов, демократия қай даражада эканлигини белгиловчи камида учта мезон бор. Булар: “Халқ қарорлар қабул қилиш жараёнларидан қанчалик хабардорлигидир. Ҳукумат қарорлари халқ томонидан қанчалик назорат қилиниши, оддий фуқаролар давлатни бошқаришда қанчалик иштирок этишидир. Ана шу уч соҳада ҳақиқий силжишлар бўлмас экан, демократия ҳақидаги ҳамма гап-сўзлар ё халққа хушомад қилиш, ёки оддий сиёсий ўйин бўлиб қолаверади. Бундай силжишлар эса бир кунда бўладиган иш эмас”.
Биринчи Президентимиз давлат қурилиши муаммолари ҳақида гапирар экан, бир ҳақиқатни яхши англаб олишни лозим топади: “Давлатнинг куч-қудрати – аввало, демократик институтларнинг мустақил фаолият кўрсатиши учун шарт-шароит яратиш, фуқаролар ва жамиятнинг барча сиёсий, ижтимоий салоҳиятини рўёбга чиқариш, тадбиркорлик ва иқтисодий ташаббуслар эркинлиги учун зарур имкониятларни ташкил этиб бериш қобилияти билан ўлчанади”.
Ислом Каримов мамлакатимизни 1991-2000 йй. давомида ислоҳ қилиш ва янгилаш борасида қўлга киритилган натижаларни сарҳисоб қилар экан, ушбу босқич миллий давлатчиликни шакллантириш ва республикамизни барқарор ривожлантиришда мустаҳкам замин бўлди, деб таъкидлаган эди.
Тарихан қисқа вақт ичида совет давридаги эски маъмурий-буйруқбозлик тизимига барҳам берилди, миллий давлатчиликни шакллантиришнинг пухта ҳуқуқий асослари яратилди, давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти тармоқлари ташкил этилди, ижтимоий ва фуқаролик институтлари фаолияти йўлга қўйилди, иқтисодиётни эркин бозор муносабатларига ўтказиш жараёни амалга оширилди.
“Давлат бошқарувида давлатнинг истиқболини одамлар яратмайди, уни одамлар гуллатиб-яшнатмайди, балки, бу ишни тизим бажаради. Тизим яратилса, иқтидорли ижрочилар энг муҳим жойларга қўйилса – иш юришиб кетаверади. Тизимнинг ўзи ишлаши керак. Бизнинг келажагимиз ва истиқболимиз ана шундай”.
Давлат бошқаруви билан боғлиқ вазифаларни бажаришда, янги ҳаётимизни қуришда асосий принциплар даражасига кўтарилган қоидаларга риоя қилиш ўта муҳим аҳамият касб этди. Бу принциплар нималардан иборат? Давлат бошқаруви ва жамият қурилишида демократик андозалар ва тамойилларни янада чуқурроқ татбиқ этиш, ҳокимият – яъни, қонунчилик, ижро ва суд тармоқларининг ўзаро мувозанати ва мутаносиблигини, шу билан бирга, уларнинг мустақиллигини таъминлаш, ҳар қайси тармоқ ўз вазифа ва бурчини бажариши учун амалий механизмларни ҳаётда ташкил қилиб бериш.
Ҳаётимизни эркинлаштириш йўналишларининг яна бир муҳим йўли – марказий ва юқори давлат бошқарув идоралари вазифаларини давлат ҳокимиятининг қуйи тузилмаларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига босқичма-босқич ўтказиб боришни таъминлашдир.
Мамлакатимизда давлат бошқарувини демократлаштириш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида давлат бошқаруви соҳасида замонавий кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси бу борадаги таянч таълим муассасасидир. Академияда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, иқтисодиётни бошқариш тизимини либераллаштиришга йўналтирилган ислоҳотларни амалга оширишга қодир етук кадрлар тайёрланмоқда.
Янги тарихий давр давлат бошқаруви олдида янги муҳим вазифаларни қўймоқда.
Бу борада, Биринчи Президентимиз томонидан қонун лойиҳаларини давлат бошқаруви, фуқаролик жамияти институтларининг турли бўғинларида кенг ва амалий муҳокама қилишни таъминлашнинг муҳимлиги алоҳида қайд этилган эди.
Ҳозирги шароитда сўз, шунингдек, мамлакатни бошқаришда фуқароларнинг иштирокини ҳар томонлама кучайтириш ҳақида бормоқда. Давлат бошқаруви асосини қонунлар ташкил этар экан, қонун ижодкорлиги соҳасида фуқаролик жамияти институтлари фаол иштирок этиши зарур. Шу муносабат билан, бу борадаги ишларнинг очиқлигини таъминлаш, жамоатчиликни парламент палаталарининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолиятидан ҳар томонлама хабардор қилиб бориш муҳим вазифа ҳисобланади.
Конституциявий ислоҳотлар нуқтаи назаридан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва энг аввало, фракцияларнинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий давлат дастурларининг ижросини сўзсиз таъминлаш борасидаги фаолияти сифат жиҳатидан янги асосда қурилиши лозим.
Яна бир муҳим вазифамиз, деб таъкидлаган эди Ислом Каримов, қонун ижодкорлиги фаолиятини прогноз қилиш ва режалаштириш бўйича самарали тизимни яратишдан иборатдир. “Бу биз учун асосий марраларимиздан чалғимасдан, реал ҳаётдан узоқлашмасдан, нафақат давлат бошқаруви, иқтисодий тараққиёт соҳасидаги аниқ вазифаларни ҳал этишда, балки асосий мақсадимиз бўлган ҳуқуқий демократик давлат қуришни изчил амалга оширишда қандай қонунлар қабул қилишимиз кераклигини аниқ белгилаш имконини беради”.
Мавлюда ХАСАНОВА,
Саидбек ИСМОИЛОВ,
Шахноза АЗИМБАЕВА –
Институт масъул ходимлари