Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишнинг янги даври бошланди

Маълумки, 2017 йилнинг 30 июнь куни Тошкент шаҳридаги Симпозиумлар саройида Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойи бўлиб ўтди. Мазкур Қурултойда илк бор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иштирок этиши ва давлатимиз раҳбари томонидан “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаолиятидаги жиддий камчиликларнинг бирма бир санаб ўтилиши мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиётини амалга ошириш биринчи даражадаги вазифалар қаторида эканлигини кўрсатмоқда.

Президентимиз томонидан Ҳаракат ташкил топган илк кунлардан бошлаб то бугунги кундаги фаолиятигача бўлган давр мобайнида йўл қўйган бир қатор объектив ва субъектив камчиликлар таъкидлаб ўтилди.

Жумладан, Ҳаракат том маънодаги бутун бир Ўзбекистон ёшларини ўз атрофида бирлаштира олмаганлиги асосий муаммолардан бири эканлиги эътироф этилди. Фуқаролик жамияти шаклланиши мониторинг қилиш мустақил институти томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра Бугунги кунда, умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган “Камолот” ЁИҲнинг бошланғич ташкилотлари томонидан умумий ёшларнинг 9,3%, Ҳаракатнинг ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида фаолият юритаётган бошланғич ташкилотлари томонидан умумий ёшларнинг 25,8% ва олий таълим муассасалари бошланғич ташкилотлари томонидан 100 минг нафар (умумий ёшларнинг 3,1%) ёшлар қамраб олинган бўлсада, олий таълим муассасаларини тугатган ёшлар иш жойи ва яшаш манзили бўйича қамраб олинмаслиги натижасида 6,5 млн.дан ортиқ ёшлар ижтимоий-сиёсий таъсир доирасидан четда қолиб кетган.

Эътиборлиси, Президентимиз томонидан ташкилотга аъзолик кўп ҳолларда фақат қоғозда мавжудлиги амалда эса аксарият аъзолар “Камолот” тўғрисида аниқ тасаввурга эга эмасликлари тўғрисидаги фикрлари Институтимиз томонидан ўтказилган тадқиқот натижасида ўзининг амалий тасдиғини топди. Хусусан, Ҳаракатнинг Наманган шаҳар ҳамда Янгиқўрғон туман Кенгашларида ёшларга оид статистик маълумотлар мавжуд эмаслиги, Сирдарё вилояти Гулистон, Сайхунобод ва Навоий вилоятининг Хатирчи, Кармана, Учқудук, Қизилтепа туманларида ҳудуддаги ёшлар сони ҳамда ҳаракат аъзолари сони ҳақида ҳудудий Кенгаш ходимлари ҳеч қандай маълумотга эга эмасликлари маълум бўлди. Сурхондарё вилоят Кенгаши билан Шеробод, Денов, Музработ, Узун туман Кенгашлари ўртасида яқин ҳамкорлик муносабатлари йўлга қўйилмаганлиги сабабли аъзолар сонини юритишда ўзаро номутаносиблик вужудга келган.

Президентимизнинг Ҳаракатда фаолият юритаётган айрим мутахассисларнинг етарли даражада касб ва малака талабларига жавоб бермасликлари ҳақидаги фикрлари юзасидан шуни қайд этиб ўтиш лозимки, Андижон вилояти Андижон шаҳар, Асака, Булоқбоши, Бўз, Избоскан, Пахтаобод, Жалақудуқ, Марҳамат, Шаҳрихон, Андижон туманлари ва Бухоро вилояти Когон шаҳар, Қоракўл, Вобкент, Ромитан туманлари, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳар, Бекобод ва Қуйичирчиқ туманлари Кенгашларида доимий кадрлар қўнимсизлиги кузатилган ва ушбу шаҳар ва туманларда кадрларнинг фаолият давомийлиги асосан 6 ой ва 1 йилдан ошмаган.

Шунингдек, Ҳаракат раҳбарларининг ёшлар мурожаатларини ижобий ҳал қилишдаги фаолиятига қониқарсиз баҳо берилган. Тадқиқот давомида Ҳаракатнинг қуйи ташкилотларига ёшлар томонидан турли муаммо ва камчиликликларга қаратилган жами 2 952 та муроожатлар қилинган бўлиб, шундан, 2 372 (80,3%) таси ижобий ҳал қилинган. Қолган, 580 та (19,7%) мурожатлар эса Ҳаракат раҳбар ходимлари томонидан эътиборсиз қолдирилган. Шунинг учун ҳам Қашқадарё вилоятининг аксарият туман, шаҳар кенгашларига ёшлар томонидан умуман мурожаатлар қилинмаган.

Президентимиз томонларидан Ҳаракат ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлари етарли даражада бино билан таъминланмаганлиги қайд этиб ўтилди.

Тадқиқот давомида, Самарқанд, Хоразм ва Жиззах вилояти Кенгашлари биноларининг етарли даражада таъмирланмаганлиги, Сирдарё вилояти Кенгаши, Андижон вилояти Андижон, Хонобод шаҳар, Пахтаобод туман Кенгашлари ҳамда Бухоро вилояти Бухоро шаҳар Кенгашидан ташқари барча туман Кенгашларининг бинолари авария ҳолатида эканлиги аниқланди.

Наманган шаҳар, Косонсой, Наманган, Учқўрғон, Чуст, Янгиқўрғон, Тўрақўрғон, Чортоқ, Поп, Мингбулоқ туманлари маҳаллий Кенгашларда тўгараклар, маданий тадбирлар ташкил этиш учун фаоллар зали, қўшимча хоналар ҳамда иссиқлик тизими билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги қайд этилди.

Албатта, Президентимиз томонларидан юқорида қайд этиб ўтилган муаммолар ва Ҳаракатнинг мамлакатимиз ёшларининг барча қатламларига бирдек кириб бора олмаганлиги шунингдек, мақсадсиз тадбирлар ва самарасиз тарғибот усулларидан доимий фойдаланиб келганлиги ҳамда ёшлар аудиторияси билан иш олиб боришда интерактив усуллар қўлланилмаётганлиги ташкилот фаолиятининг тугашига асос бўлди.

Ўз навбатида ушбу ташкилот ўрнида мамлакат ёшларининг барча тоифа ва гуруҳларини қамраб олувчи, энг муҳими, уларни демократик принциплар асосида бирлаштирувчи мутлақо янги ташкилот – “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи”нинг тузилиши ёшларимиз ҳаётига бир қатор ижобий ўзгаришларни олиб келади.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раҳбари айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати бўйича давлат маслаҳатчиси ва бир вақтнинг ўзида Президент фармонига биноан Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб тайинланиши, ташкилотнинг Қорақалпоғистондаги кенгаши раиси Республика Жўқорғи Кенгеси раисининг, вилоят, туман ва шаҳар бўлинмаларининг раҳбарлари эса тегишли ҳокимларнинг ёшлар сиёсати бўйича маслаҳатчилари этиб тайинланиши ёшларга тўғридан-тўғри давлат раҳбарига муаммолари юзасидан мурожаат қилиш ва ёшларга оид давлат сиёситини амалга ошириш ваколатини тақдим этди.

Шунингдек, Ҳаракатнинг таълим муассасалари бошланғич ташкилотлари бўғинида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бўлимлари тузилиши ҳамда ушбу бўлимлар қошида ёшларнинг хохиш ва интилишларига асосан, “Ёш олимлар уюшмаси”, “Ёшларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш маркази”, “Ёшлар туризми уюшмаси”, “Спорт клублари ва фитнес марказлари уюшмаси”, “Имконияти чекланган ёшлар уюшмаси” ва бошқа ташкилотлар ҳам тузиш мумкинлигини белгилаб қўйилиши ёшларимиз ва ёшлар ташкилотига бўлган ишончнинг яна бир бор ошишига туртки бўлди.

Асосийси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи давлат ва жамият учун раҳбар кадрларни тайёрлаб берадиган ўзига хос марказ бўлиши, ёки “социал лифт” вазифасини бажариши лозимлиги мақсадидан келиб чиқиб, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтини ташкил этиш тўғрисидаги Президентимизнинг таклифлари ёшларимизнинг давлат ва жамият бошқарувидаги муҳим бўғин сифатидаги ўрнини янада оширди десак муболаға бўлмайди.

Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкилотининг нуфузини янада ошириш мақсадида, унинг қошида барча турдаги солиқлардан 10 йилга озод қилинган шўъба корхоналари тузиш, вилоят ва туманларда замонавий “Ёшлар кинотеатрлари”ни барпо этиш ишига бош-қош бўлиш, “Китоб олами” дўконлари тармоғи, “Ёшлар нашриёт уйи”ни ташкил этиш, барча қулайликларга эга бўлган кутубхона ва китоб дўконини ҳам ўз ичига олган кичик Ёшлар марказларини барпо этиш, матбуот клубини очиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳар бир туманда биттадан коллеж биносини Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тасарруфига берилиши назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ёшлар ҳаётига тегишли бўлган барча масалалар билан шуғулланиши, ҳамма ҳудудларда ташкил этилаётган иқтисодий зоналарда, шаҳарларда эса кичик саноат зоналарида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг аъзоси бўлган ёш тадбиркорлардан ижара ҳақи олинмайдиган тартибни жорий этиш, ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган, бакалавриат ва магистратура талабаларига ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлган тақдирда таълим бўйича шартнома тўлови миқдорининг 35-40 фоизини ташкилот ҳисобидан тўлаш орқали моддий ёрдам кўрсатиш, тизимда 3-5 йил ва ундан кўпроқ фаол ишлаб келаётган, ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олиш истагини билдирган ходимларнинг ҳар йили 140 нафарига 25-30 фоиз миқдоридаги бошланғич тўлов ташкилот маблағлари ҳисобидан тўлаш ва вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари раисларини рағбатлантириш, ташкилотнинг фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида "Асака" банкининг 10 йил муддатгача мўлжалланган, бошланғич тўлови 15 фоизлик имтиёзли кредитлари асосида уларга ўзимизда ишлаб чиқарилган “Матиз” ва “Дамас” автомобилларини шахсий мулк сифатида сотиб олишда қулайлик яратиш ташкилот атрофида ёшларнинг янада жипслашишига имконият яратади.

Ташкилот ваколатларининг кенгайтирилиши натижасида вилоят ва туман ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожланиш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, туман ички ишлар бўлими бошлиқларининг ёшлар бўйича ўринбосарлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тавсияси билан лавозимга тайинланиши ёшлар учун муҳим ижтимоий сиёсий масъулиятли вазифа бўлди.

Умуман олганда, Президентимиз иштирок этган мазкур Қурултой мобайнида тузилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкилоти, ёшларга ҳарбий таълим-тарбия берадиган курсантлар мактабларига “Темурбеклар мактаби” деб ном берилиши, “Мард ўғлонлар” Давлат мукофоти, “Келажак бунёдкори” медалини таъсис этилиши ва энг асосийси 30 июнь санасини мамлакатимизда “Ёшлар куни” деб эълон қилиниши юртимиз ёшларига юксак ишонч билдирилаётганининг амалий ифодасидир.

 

А.Холмахматов,  Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш  мустақил институти шўъба раҳбари