Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

“Ёш сайловчилар учун савол-жавоблар” рисоласи ҳақида

Фуқароларимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасига кўра 18 ёшдан жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади.

Шундан келиб чиққан ҳолда ҳар бир Ўзбекистон Республикаси фуқароси 18 ёшга тўлар экан, у жамиятда фуқаро сифатида давлат ҳокимияти бошқарувида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш, яъни ўз овозини ўзи ишонган номзодга бериш орқали ёки 21 ёшдан бошлаб маҳаллий Кенгашларга, 25 ёшдан Олий Мажлисга, 35 ёшдан президентликка ўз номзодини кўрсатган ҳолда иштирок этиши мумкин.

Жорий йилнинг 4 декабрь куни мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат қуриш, жамиятни янада демократлаштириш ва янгилашга қаратилган изчил ислоҳотларга хизмат қилувчи муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Бугунги кунда ушбу йирик оммавий сиёсий тадбирни юқори савияда амалга ошириш кўп жиҳатдан фуқароларнинг фаоллигига боғлиқ.

Шу ўринда сайловда биринчи марта иштирок этаётган ёш фуқароларда сайлов жараёни билан боғлиқ турли саволлар туғилиши табиийдир:

      “Марказий сайлов комиссияси қандай шакллантирилади?”, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисидаги қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгартиришлар нималардан иборат?”, “Ўзбекистон Республикаси Президенлигига номзодлар кўрсатиш тартиби қандай?”, “Сайлов куни ва унда номзодга овоз бериш қандай тартибда амалга оширилади?”

      Мазкур саволларга “Ёш сайловчилар учун савол-жавоблар” рисоласида жавоб топиш мумкин. Хусусан, Марказий сайлов комиссияси тузилиши ҳақида тўхталар эканмиз, сайлов қонунчилигига кўра, Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан камида ўн беш нафар аъзодан иборат таркибда тузилишини таъкидлаш лозим.

Марказий сайлов комиссияси аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тавсияси бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан сайланади.

Марказий сайлов комиссиясининг Раиси комиссия аъзолари орасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномаси бўйича комиссия мажлисида сайланади.

Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари ва комиссия котиби комиссия аъзолари орасидан комиссия мажлисида сайланади.

Шунингдек, сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиришлар борасида ёш сайловчиларга маълумот бериб ўтиш муҳим аҳамиятга эга.

     2015 йилда амалдаги Президент сайлови тўғрисидаги қонунга замон талабларидан келиб чиқиб, бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Улар асосан, сайловчилар рўйхатини тузиш, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари умумий сонини белгилаш ҳамда энг асосийси, номзодлар томонидан сайловолди ташвиқотини амалга ошириш билан боғлиқ янги тартиб-қоидалардир.

Жумладан, қонуннинг “Фуқароларни сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби” тўғрисидаги 21-моддасига киритилган ўзгартиш натижасида “сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган вақтда муайян сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилган Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритиладилар” деб белгиланди.

Шунингдек, қонуннинг “Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш тартиби” тўғрисидаги 242-моддасига киритилган ўзгартиш  бўйича эндиликда сиёсий партиялар томонидан тақдим этиладиган имзо варақалари Ўзбекистон Республикаси жами сайловчилари умумий сонининг камида бир фоизини қамраб олиши белгиланди. Аввалги тартибга кўра эса сиёсий партиялар тақдим этадиган имзо варақалари жами сайловчиларнинг камида беш фоизини қамраб олиши лозим эди.  

Янги ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, сайловолди ташвиқоти тушунчасига таъриф берилиб, “Сайловолди ташвиқоти — сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият” эканлиги очиб берилди. Шунингдек, сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмаслиги хусусидаги норма мустаҳкамланди.

Президент сайлови тўғрисидаги қонунга сайловолди ташвиқотини олиб бориш турлари, шакллари ва усулларини белгиловчи янги 4 та модда (281, 282, 283, 284) киритилди.

Ушбу янгиликлардан ёшларимизнинг хабардор бўлиши, уларда сайлов қонунчилигига оид қўшимча саволлар туғилмаслигига асос бўлади.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш тартиби ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак.

       Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади ва қирқ беш кун қолганида тугайди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан амалга оширилади.

Сиёсий партиянинг юқори органи Ўзбекистон Республикаси Президентлигига биттадан номзод кўрсатиши мумкин.

Сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президентлигига фақат ўз партияси аъзолари орасидан ёки партиясизни номзод этиб кўрсатишга ваколатлидир. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисида баённома тузилади.

Сиёсий партиянинг раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олишни илтимос қилиб, Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этади.

      Ёш сайловчилар шуни ёддан чиқармаслиги лозимки, сайлов куни ҳар бир сайловчи шахсан овоз беради, бошқа кишилар учун овоз бериш мумкин эмас.

  Сайлов участкаси сайловчилар рўйхати бўйича овоз берувчининг паспорти асосида сайлов бюллетенларини беради. Ҳар бир сайловчи сайлов бюллетени олгани ҳақида имзо чекади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловда биринчи марта иштирок этаётган ёшлар учун мазкур жараён ўз сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланишининг бошланиши жиҳати билан муҳим аҳамият касб этади.

Сайловлар, аввало, ўз тақдиримизга ўзимиз эгалик қилиш, келажагимизни ўз қўлимиз билан бунёд этиш, онгли равишда танлаган муносиб номзод орқали жамият ва давлатни бошқаришда иштирок этиш демакдир.

Бунёдбек Шамсутдинов,

Азимшер Холмахматов,

Институтнинг масъул ходимлари