Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

ОАВ: Тарғибот масъулияти

Сайловлар – бу мамлакатимизда амалда бўлган ҳуқуқий нормаларнинг нечоғлиқ демократик руҳда эканини намоён этадиган, демократик ҳуқуқий давлатнинг узвий белгиси, халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишининг, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокининг асосий шакли бўлиб, ўта муҳим ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга масаладир.

Ислом Каримов

Бугунги кунда сайлов жараёнларининг очиқлиги, ошкоралиги ҳамда шаффофлигини таъминлаш, кенг аҳоли қатламларига тез ва самарали етказишни оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Барчамизга маълумки, жорий йилнинг 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида” ги Қонунининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишдаги ошкоралигига оид 5-моддасида қайд этилганидек, “Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг бориши ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб борадилар. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, ҳар бир сайлов участкаларида сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан, сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан биттадан кузатувчи, матбуот, телевидение ва радио вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар. Уларнинг ваколатлари тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак”.

Сайловларнинг очиқ ва ошкора ўтишида оммавий ахборот воситалари муҳим аҳамият касб этади. Улар тақдим этган маълумотлар асосида, фуқаролар кўрсатилган номзодлар ҳақида, номзодларнинг сайлов дастурлари тўғрисида тегишли ҳамда зарур бўлган ахборотни олишлари билан бир қаторда сайлов жараёнларининг бориши ҳақида хабардорлик даражаси ҳам ошиб боради. Оммавий ахборот воситалари сайлов кампанияси эълон қилинган кундан бошлаб сайлов натижалари расмий эълон қилинган кунга қадар бўлган жараёнларни узлуксиз ва мунтазам ёритиб борадилар.

Оммавий ахборот воситаларининг энг кўп тарқалган тури бу босма нашрлардир. Босма нашрларга ўз навбатида газета ва журналлар, тўпламлар, брошюралар киради. Бугунги кунда, Тошкент вилоятида жами 60 та босма нашрлар мавжуд бўлиб, улардан 24 таси маҳаллий ҳокимликлар муассислигидаги нашрлар ҳисобланади.

Шу ўринда бир савол туғилади: юртимизда рўй бераётган муҳим сиёсий жараён, яъни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов жараёнларини ёритишда Тошкент вилоятида фаолият юритаётган босма оммавий ахборот воситалари қанчалик фаол?

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси ходимларининг таҳлилларига асосан, сентябрь ойининг иккинчи декадасидан бошлаб бугунги кунга қадар ўрганилган
30 та босма нашрларда 130 дан ортиқ сайлов жараёнлари билан боғлиқ масалалар, сайловга тайёргарликнинг бориши, амалга оширилаётган ишлар хусусида мақола
ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар чоп этилган бўлиб, улардан 40 дан ортиқ мақолаларда сайлов жараёнлари билан боғлиқ бўлган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар матнлари акс эттирилган. Қолган 90 га яқини, яъни 69 фоизи сайловга тайёргарликнинг бориши ва ўтказилаётган сиёсий тадбирлар, брифинглар якунини ёритишга бағишланган. Жумладан, “Сиёсий партиялар сайловда иштирок этиш учун ҳужжатлар тақдим қилди”, “4 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни номзодлар эълон қилинди”, “Очиқлик ва ошкоралик – сайловнинг муҳим шарти”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида”, “10-Тошкент вилоят округ сайлов комиссиясида”, “Матбуот маркази иш бошлади”, “Брифинг бўлиб ўтди” каби мавзуларда бир қатор мақолалар нашр этилгани аниқланди.

Бундан кўриниб турибдики, вилоятдаги босма нашрлар мамлакатимизда рўй бераётган муҳим сиёсий жараёнларни ёритишда асосий ўринни эгаллаб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида оммавий ахборот воситаларига берилган имтиёзлар ва ҳуқуқлар билан бирга қатор мажбуриятлар ҳам юклатилган. Мисол учун, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида” ги Қонунининг 281-моддасида сайловолди ташвиқотини олиб бориш турлари, шакллари ва усуллари белгиланган. Унга кўра, сайловолди ташвиқоти: оммавий ахборот воситалари, шу жумладан телевидение, умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқлари орқали ва бошқа усуллар орқали амалга оширилади.

Шунингдек, 282-моддасида сайловолди ташвиқотини оммавий ахборот воситалари орқали олиб бориш тартиби берилган бўлиб, унга кўра, оммавий ахборот воситаларида тарқатиладиган ахборот ҳақиқатга мос бўлиши, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг, сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмаслиги керак. Ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.

Бундан шуни англаш мумкинки, оммавий ахборот воситалари ўзлари тақдим этаётган маълумотларнинг тўғрилиги, ҳаққонийлиги ва ишончлилигига масъулдирлар.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, юртимизда рўй бераётган шундай муҳим сиёсий жараёнлар ва унда босма оммавий ахборот воситаларининг фаол иштироки Ўзбекистон – мустақил суверен демократик республика эканлигининг яққол исботидир.

 

Гулзода Хусанова,

 Институтнинг Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутаҳассиси

Мақола «Тошкент ҳақиқати» газетасининг 2016 й. 29 октябрь  № 88 (12932) сонда  

ҳамда  «Ohangaron hayoti» газетасининг 28 октябрь  № 44 (9344) сонда чоп этилган