Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
Сайлов жараёнларида кузатувчилар институтининг роли ва аҳамияти
Республикамизда сайловларнинг халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган норма ва принциплари даражасида ўтишида, унга тайёргарлик кўриш ва овоз беришда, сайлов натижаларини аниқлашда, сайловда иштирок этган номзодлар ҳуқуқи ва имкониятини бир хилда таъминлашда кузатувчилар институтининг роли муҳим аҳамиятга эга.
Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда участка ва округларда фаолият олиб бориш ҳуқуқига эга бўлган кузатувчилар, номзод кўрсатган ҳар бир сиёсий партиядан, оммавий ахборот воситалари, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар ҳамда ҳаракатларнинг вакилларидан иборат бўлади. Шунингдек, сиёсий партияларнинг кузатувчилари сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда сайлов комиссиялари аъзолари билан бирга иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этувчи кузатувчиларнинг ҳуқуқ-ваколатлари ва мажбуриятлари “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишдаги ошкоралик” деб номланган 5-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган.
Манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари ҳақида округ сайлов комиссияларига сайловдан камида 15 кун олдин маълум қиладилар. Марказий сайлов комиссияси манфаатдор ташкилотларга Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган намунадаги мандатни ариза олинганидан кейин 5 кун ичида беради.
Кузатувчилар ҳуқуқлари қуйидагилардан иборат:
- Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, округ ва участка сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш;
- сайлов участкасида ҳозир бўлиш ҳамда тайёргарлик ишларининг боришини, овоз бериш учун сайлов қутиларининг жойлаштирилиши ва муҳрланишини, фуқароларга сайлов бюллетенларининг берилишини кузатиш;
- овозларни санаб чиқишда ва участка сайлов комиссиясининг баённомасини тузишда ҳозир бўлиш;
- сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган нусхаларини сўраш ва уларни олиш;
- агар сайлов участкасида ушбу Қонуннинг бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асос бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида юқори комиссияга маълум қилиш.
Кузатувчилар сайловларнинг қонуний, адолатли ўтишини таъминлашга хизмат қилувчилардир. Шунинг учун қонун уларга кенг ваколат ва ҳуқуқлар бериш билан бирга уларнинг баъзи ҳаракатлардан тийилишини ҳам белгилаб қўйган. Жумладан,
- сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида бўлиш;
- сайловчиларга таъсир ўтказиш, бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиёти тарқатиш;
- сайловчилардан улар кимни ёқлаб овоз берганликларини суриштириш ёки сайловчиларга бюллетенга белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;
- участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутиларини муҳрлашда, уларни очишда, овозларни санаб чиқишда аралашиш каби ҳолатлар ман этилади.
Қонунда кузатувчилар ҳуқуқларининг ва уларга ман қилинган ҳаракатларнинг аниқ белгиланиши кузатувчилар фаолиятини тўғри ташкил қилиш имконини вужудга келтиради.
Олдинги сайловлар тажрибасига таяниб, яъни 2007 ҳамда 2015 йилларда бўлиб ўтган Президент сайловларига эътибор қаратадиган бўлсак, сайлов жараёнларида сиёсий партияларнинг кузатувчилари Қонунда яратиб берилган барча имкониятлардан етарлича фойдаланмаганликлари кузатилди. Жумладан, сиёсий партиялар томонидан кузатувчилар таркибини шакллантиришда сусткашликка йўл қўйилгани сабабли уларнинг кузатувчилари, фақат, сайлов куни, сайлов участкасидаги жараённинг боришини кузатиш билан чекланиш ҳолатлари учради.
Ўрганишлар шуни кўрсатадики, сиёсий партиялардан белгиланган кузатувчиларнинг ўз вазифаларини тўлақонли ва самарали бажаришлари учун сиёсий партияларнинг ўзи кузатувчиларни танлаш ва тайёрлаш ишига алоҳида эътибор қаратишлари лозим. Миллий сайлов қонунчилигимизга кўра, ҳар бир сайлов участкасида номзод кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи қатнашиши назарда тутилган. Бунинг учун, аввало, партия фаоллари орасидан сайлов хуқуқини яхши биладиган, бир нечта сайлов жараёнларида қатнашиб, бу борада яхши тажриба тўплаган, бошқалар билан мулоқотга киришганда, оғир босиқлик билан ўз фикрини асослаб бера оладиган кузатувчилар танлаб олиниши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Сиёсий партиялар томонидан Қонунда белгиланган ваколатлардан тўлиқ фойдаланилса, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда кузатувчиларнинг ва улар орқали сиёсий партияларнинг фаол иштирок этиш имконияти янада кенгайган бўлар эди.
Шу ўринда сайлов жараёнларини ўрганишда ва кузатишда халқаро кузатувчилар иштирокига ҳам эътибор қаратсак.
Миллий қонунчилигимизда халқаро кузатувчилар институтини тартибга соладиган нормалар мустаҳкамланган. Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2016 йил 15 сентябрдаги 734-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашадиган халқаро ва хорижий кузатувчилар тўғрисидаги низом” шулар жумласидандир.
Халқаро кузатувчилар миссиясининг мақсади – аввало, сайлов ўтказилаётган мамлакат миллий сайлов қонунчилигининг умумэътироф этилган халқаро стандарт ва нормаларга, шунингдек жойларда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш амалиётининг халқаро стандарт ва нормаларга ҳамда сайлов ўтказилаётган мамлакат миллий қонунчилигига мувофиқлигини баҳолашдан иборат.
Халқаро кузатувчилар таркибига сайлов ҳуқуқи, давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги мутахассислар, етакчи ва обрўли юристлар, сиёсатшунос олимлар, давлат органларининг мансабдор шахслари, оммавий ахборот воситалари ва жамоат ташкилотлари вакиллари, миллий Парламентлар аъзолари, тижорат тузилмалари раҳбарлари ҳамда Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтказилган дипломатик корпус вакиллари кирадилар.
Маълумот тарзида шуни айтиш мумкинки, шаклланган анъанага мувофиқ, халқаро кузатувчиларнинг ташриф вақтлари халқаро кузатувчиларнинг тоифаларига боғлиқ ҳисобланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 2015 йилда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Европа, МДҲ, Осиё-Тинч океани минтақаси, Осиё ҳамда Африканинг 43 давлатидан 213 нафар кузатувчи иштирок этди ва улар ўтказилган сайлов жараёнларига ижобий баҳо бердилар.
Жумладан, ана шу жараёнларда Наманган вилоятига ташриф буюрган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг узоқ муддатли кузатувчилар миссияси штаби бошлиғининг ўринбосари Олег Кулиба Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган округ сайлов комиссияси ,Наманган шаҳридаги 7-,32-,97-,114-сайлов участкалари фаолияти билан танишиб, олиб борилаётган ишларни ижобий баҳолаган ва Ўзбекистон сайлов қонунчилигини халқаро андозалар даражасида такомиллашиб бораётганлигини эътироф этган эди.
Хулоса қилиб айтганда, сайловларда кузатувчиларнинг иштирок этиши сайловнинг умумийлик, тенглик, овоз беришнинг яширинлиги, адолатлилик, эркинлик, ошкоралик ва масъуллик каби демократик тамойилларга риоя этилишини таъминлашга хизмат қилади.
Нигора Нуралиева,
Институтнинг Наманган вилояти ҳудудий
бўлинмаси раҳбари ўринбосари
Мақола “Ибрат” газетасининг 2016 йил 29-октябрдаги №20 сонда чоп этилган.