Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

Сайловолди ташвиқоти – сайлов кампаниясида муҳим жараён

Сайловлар халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишини, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини таъминлайдиган муҳим сиёсий жараёндир.

Юртимизда мустақиллик йилларида фуқароларимизнинг сайлов ҳуқуқларини кафолатловчи ҳамда сайлов тизимини тартибга солувчи ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашга катта аҳамият берилди. Сайлов тизими ва жараёни бўйича ташкилий-ҳуқуқий механизмларни таъминлашга қаратилган «Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди.

Ўтган давр мобайнида мазкур қонунлар меъёрларини амалиётга тадбиқ этиш бўйича 1991, 2000, 2007 ва 2015 йилларда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида ҳамда 1994, 1999, 2004, 2009 ва 2014 йилларда давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўтказилган сайловларда катта тажриба тўпланди.

Шунингдек, мамлакатимизда сайлов қонунчилиги йилдан-йилга такомиллашиб бормоқдаки, бунинг баробарида амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шу ўринда 2015 йил 29 декабрь куни қабул қилинган  «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунга ҳам бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганини, янги моддалар билан тўлдирилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Бу ўзгартиш ва қўшимчалар ҳамда тўлдиришлар жорий йилнинг 4 декабрь куни ўтказиладиган сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнларида амалиётга тадбиқ этилади.

Шундай янги моддалар билан тўлдиришлар сайловолди ташвиқоти билан боғлиқ. Унга кўра, сайловолди ташвиқоти жараёнининг моҳиятини очиб бериш ва бир хилда тушунилишини таъминлаш мақсадида унинг ҳуқуқий тушунчаси берилди. Шунингдек, Қонунда сайловолди ташвиқотини олиб бориш турлари, шакллари ва усуллари ҳам аниқ белгилаб қўйилди. Хусусан, сиёсий партия дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборот, номзод тўғрисидаги ахборотни унинг учун овоз беришга даъват қилган ҳолда тарқатиш сайловолди ташвиқот турлари сифатида акс эттирилди. Омма олдида мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, интервьюлар, сўзга чиқишлар, сайловчиларнинг йиғилишлари ва сиёсий партиялар тўғрисидаги роликларни жойлаштириш сайловолди ташвиқотининг шакллари сифатида белгилаб қўйилди. Оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, телевидениедан фойдаланиш, босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини чиқариш ва тарқатиш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш эса сайловолди ташвиқотининг усуллари этиб қайд этилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, сайлов куни ва сайлов бошланишидан бир кун олдин сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди. Бу норма сайловчиларга ўз нуқтаи назарларини аниқлаштириб олиш, қайси сиёсий йўлни маъқул деб топиб, ким учун ва қайси сиёсий партия учун овоз бериш тўғрисидаги масала юзасидан онгли қарор қабул қилишлари йўлида қўшимча вақт бериш имкониятини яратади.

Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ўзларининг мамлакатни янада ривожлантиришга оид қарашлари ва ёндашувлари белгилаб берилган сайловолди дастурлари билан сайловчиларни таништиришга йўналтирилган ташвиқот фаолиятини бошламокдалар.

Сайловолди ташвиқоти номзодлар ва сиёсий партиялар учун ўз имкониятларини намоён қилиш йўлидаги ўзига хос сиёсий майдондир. Бу жараёнда Марказий сайлов комиссияси ва барча бўғиндаги сайлов комиссияларининг асосий вазифаси сайловолди ташвиқоти адолатли, холис, очиқ ва ошкора олиб борилиши учун барча номзодларга тенг имконият ва кафолатларни яратишдан иборатдир.

Сайловолди ташвиқотини ўтказишда холисона ёндашувни таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий масалалар ечимининг замонавий, самарали ва муқобил йўлларини кўрсата билиш, сайловчиларни унга ишонтира олиш муҳим аҳамиятга эгадир. Ўз навбатида, сайловолди ташвиқоти мобайнида қонун талабларига қатъий риоя этиш, номзодларнинг шаъни, қадр-қимматини ҳурмат қилиш талаб этилади.

Сайловолди ташвиқоти давомида ҳар қайси партиядан Президентликка кўрсатилган номзодлар ўзига хос дастурлари билан сайлов майдонига чиқаётганлиги сайлов жараёнининг партиялараро рақобат, сайловчиларнинг овози учун ўзаро кураш муҳитида ўтаётганлигини кўрсатиш, юртимизнинг сиёсий ҳаётида кўппартиявийлик тизимининг тобора мустаҳкамланиб бораётганининг исботидир.

Қонунчилигимизга мувофиқ, сайловолди ташвиқотини номзодлар номидан уларнинг ишончли вакиллари ҳам олиб бориши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ўн беш нафар ишончли вакилга эга бўлишлари мумкин. Ишончли вакиллар номзод Президент этиб сайланиши учун унинг номидан ташвиқот юритадилар, давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг органлари, сайловчилар билан ўзаро муносабатларда, шунингдек, сайлов комиссияларида номзоднинг манфаатларини ҳимоя қиладилар.

Хулоса қилиб айтганда, қонунчилигимизда сайлов кампаниясининг муҳим таркибий қисми ҳисобланган сайловолди ташвиқотини ўтказиш билан боғлиқ етарли шарт-шароит ва имкониятлар белгиланган. Ушбу ҳуқуқий кафолатлар номзодлар ва сиёсий партияларга ўз дастурларини кенг тарғиб қилиш имконини беради ҳамда сайловчиларга номзодлар орасидан ўзи учун муносибини танлашга хизмат қилади.

 

Акрам Азизов,

Институтнинг Наманган вилояти  ҳудудий бўлинмаси катта мутахассиси

Мақола «Халк иродаси» газетасининг 2016 йил 27 октябрдаги №17-18 сонда чоп этилган