Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
Сайловлар жараёнида аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги
Фуқаролик жамиятини барпо этишда фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишлари энг муҳим омиллардан биридир. Бу борада Республикамизда хотин-қизларнинг ҳуқуқий ва сиёсий саводхонлигини ошириш, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирокини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ, ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролар сайлаш ҳуқуқига эгадирлар. Бу ҳуқуқ актив сайлов ҳуқуқидир. Демак, сайловчи актив сайлов ҳуқуқидан фойдаланиб, фақатгина бир овозга эга бўлади. Сайловда иштирок этиш ҳуқуқи сайловчиларга ўз хоҳиш-иродасини эркин билдирган тарзда ўзи танлаган номзодга овоз бериш ҳуқуқини кафолатлайди.
Хабарингиз бор жорий йил 4 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтади.
Сайлов ҳуқуқининг илк асоси БМТ Бош Ассамблеясининг 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси»нинг 21-моддасида сайловларда иштирок этиш инсон ҳуқуқи сифатида қуйидагича таърифланган: «Ҳар бир инсон бевосита ёки эркин сайланган вакиллари орқали ўз мамлакати бошқарув ишида қатнашиш ҳуқуқига эгадир.
Хотин-қизларнинг сайловларда иштироки бўйича тарихга назар ташлайдиган бўлсак, уларнинг сайловда иштирок этмаслиги билан боғлиқ чекловлар ўрнатилганлиги тарихий манбаларда келтирилган. Вақт ўтиши билан биринчилардан бўлиб 1917 йилда Голландияда, 1918 йилда Буюк Британияда, 1919 йилда Германияда, 1920 йилда АҚШда, 1944 йилда Францияда, 1945 йилда Италияда хотин-қизларга сайлаш ҳуқуқи берилди.
Хотин-қизларнинг мазкур сиёсий жараёнларга иштирокини чеклаш ҳозирда ҳам айрим давлатларда сақланиб қолинган. Жумладан, Европа давлати ҳисобланган Лихтенштейн князлигида маҳаллий урф-одатларга таяниб, аёллар сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Ўзбекистонда сиёсий ва ижтимоий ҳаётда аёллар эркаклар билан тенг равишда бошқа бир қатор ҳуқуқлар билан бирга, барча сайловлар ва референдумларда овоз бериш ва сайланувчи органларга сайланиш, ҳукумат сиёсатининг шаклланиши ва амалга оширилишида иштирок этиш ва юқори давлат лавозимларини эгаллаш, шунингдек давлат бошқарувининг барча поғоналарида иштирок этиш, мамлакат ижтимоий ва сиёсий ҳаётидаги муаммолар билан шуғулланувчи жамоат ва нодавлат ташкилотлари фаолиятида иштирок этиш каби кенг ҳуқуқларга эга.
Ўзбекистонда давлат томонидан мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида аёлларга нисбатан дискриминацияга йўл қўймаслик бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, аёллар ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишнинг асосий кўрсаткичларидан бири бу уларнинг сиёсий партиялар фаолиятидаги иштирокининг ўсишидир. Мамлакатда бу борада ҳам сезиларли ўзгаришлар юз бермоқда. Масалан, сиёсий партиялар аъзолари бўлган аёллар сони 2011 йилда 308,5 минг бўлган бўлса, 2016 йил 9 ойи якунига кўра, бу кўрсаткич 493 минг кишидан ортиқни ташкил қилди. Шу тариқа, аёллар ҳозирги кунда сиёсий партиялар аъзолари умумий сонининг ўртача 45%дан ортиқни ташкил қилади. Ушбу кўрсаткичнинг вилоят бўйича таҳлилига эътибор қаратсак, сиёсий партиялар аъзолари бўлган аёллар сони 2011 йилда 27 864 бўлган бўлса, 2016 йил 1 октябрь ҳолатига бу кўрсаткич 33 773 кишини ташкил қилди. Умуман олганда айни пайтда сиёсий партиялар аъзолари умумий сонининг 37,7%ини ташкил қилади.
Сайловларда овоз бериш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг, шу жумладан аёлларнинг индивидуал сиёсий ҳуқуқи ҳисобланади. Ҳеч ким на рафиқаси ва на бошқа одам учун овоз бера олади. Ҳар бир аёл шуни билиши керакки, унинг овозидан мамлакат тақдири ҳал бўлиши мумкин. Ўзининг сайловларда тенг иштирок этиш борасидаги фуқаролик ҳуқуқидан фойдаланиш учун сайлов участкасидаги сайловчилар рўйхатида ўз фамилияси борлигига ишонч ҳосил қилиш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилганидек, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.
«Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддасида фуқаролар жинси, ирқий ёки миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эга экани мустаҳкамлаб қўйилган.
«Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар тенг сайлов ҳуқуқига эгадир.
Демак, юқорида келтирилган қонунларда иккала жинс вакиллари учун сайлов андозаларининг тенглиги белгилаб қўйилган, яъни аёллар ва эркаклар сайлов жараёнларида тенг ҳуқуққа эгалар.
Умуман, сайловчининг сайлов жараёнида иштирок этиши мажбурият эмас, балки ҳуқуқ эканлигини англаши унинг сиёсий маданияти нақадар етук эканлигини белгилаб беради.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига мувофиқ, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.
Ўзини шу мамлакатнинг фуқароси деб билган ҳар бир киши мазкур тадбирга бефарқ муносабатда бўлолмайди. Шу мақсадда овоз бериш хонасига келгач, сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда сайловчилар рўйхатига имзо чекади. Шундан кейин унга сайлов бюллетени берилади.
Сайлов куни сайлов бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш хонасида тўлдирилади. Овоз бериш кабинасида сайловчининг ёлғиз ўзи бўлиши яна бир бор ўйлаб, ўзи танлаган номзодга бошқа шахсларнинг аралашувисиз овоз бериш ҳуқуқини кафолатлайди. Сайловчи овоз бериш кабинасида қўлига берилган сайлов бюллетенида бир неча киши, номзодларнинг исм-фамилияси киритилган бўлади.
Аниқроқ айтганда, бериладиган овоз ана шу кишиларнинг Президент бўлиши ёки бўла олмаслигига хизмат қилади. Демак, бу бюллетень шунчаки қоғоз эмас, балки муҳим ҳужжат ҳисобланади. Шу боис, уни бузиб қўймасдан, ортиқча бўямасдан эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш мақсадга мувофиқ.
Сайлов ҳуқуқининг ривожланиши ва унинг қўлланиши бу демократик ислоҳотларнинг таркибий қисми сифатида қаралмоғи керак. Ўтган давр мобайнида нафақат сайлов қонунчилигимиз ўзгарди, ривожланди, балки сайлов тизимининг асосий иштирокчиси – сайловчининг ҳуқуқий онги, маданияти ва руҳияти ўзгарди. Албатта, бўлиб ўтиши кутилаётган сайловларимиз демократик, ошкоралик ва адолатлилик руҳида ўтказилишида барча фуқароларимиз фаол иштирок этишлари лозим.
Фирдавс Шарипов,
Институтнинг Сурхондарё вилояти
ҳудудий бўлинмаси раҳбари ўринбосари
Мақола “Аёл ва Замон” газетасининг 2016 йил 26 октябрь,10(222)-сонда чоп этилган