Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
Хусусий мулк, кичик бизнес ва тадбиркорлик – давлатнинг ишончли ҳимоясида!
Ўзбекистонда мустақилликнинг илк йиллариданоқ давлат мулкини хусусийлаштириш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида тизимли ишлар амалга оширила бошланди. Натижада мамлакатимиз иқтисодиётида тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг улуши йилдан-йилга кенгайиб борди.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.A.Каримов ташаббуси билан бозор иқтисодиётининг асосий негизларидан бўлган хусусий мулк ҳуқуқини мустаҳкамлаш, унинг даҳлсизлиги ва ишончли ҳуқуқий ҳимоясини, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга йўналтирилган миллий қонунчилик базаси яратилди. Жумладан, «Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида», «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида», «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида», «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида», «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган мазкур қонунчилик нормалари мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланишига, мулкдорлар синфининг шаклланишига, хусусий мулк ҳимояси ва даҳлсизлиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини юритишга ҳуқуқий кафолатлар бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу мақсадни рўёбга чиқаришни назарда тутиб, парламентимиз томонидан бозор иқтисодиётининг негизи ҳисобланган хусусий мулкка нисбатан давлат томонидан берилаётган асосий кафолатларни мустаҳкамлашга қаратилган «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.
Хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, иқтисодиётимизда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулк, жумладан чет эл капитали иштирокидаги улушни изчил ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги ПФ-4848 сонли «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонини эълон қилинди.
Мазкур Фармон билан тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари талаблари қатъий бажарилишини, хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш, барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратиш, уларнинг моддий ва кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, бизнес муҳитни яхшилашга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.
Фармонга кўра, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб:
- тадбиркорлик субъектларининг режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинади, юридик шахсларнинг тугатилаётганида, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича берган марожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар бундан мустасно;
- тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинади;
- молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари йўл қўйилган қонунбузарликларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган моддий зарарни қоплаган тақдирда, инсоннинг соғлиғи ва ҳаётига зарар етказилган ҳолатлар бундан мустасно, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялар (пенядан ташқари) қўлланилишидан озод этиладилар;
- ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахслар ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида руйхатдан ўтган ва рухсат этувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этиладилар;
- тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўлланилмайди;
- хорижий инвестициялар иштирокидаги янгидан ташкил этиладиган ишлаб чиқариш корхоналарига уларни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида амалда бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини (ресурс ва божхона тўловлари бундан мустасно) беш йил мобайнида қўллаш ҳуқуқи берилади;
- тадбиркорлик субъектлари ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза берган тақдирда давлат божи тўлашдан озод этиладилар;
- тадбиркорлик субъектларининг экспорт контрактларини давлат божхона хизмати органларида ҳисобга қўйиш борасидаги талаб, валюта назорати органлари томонидан Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими орқали ташқи савдо контрактлари назорати ва мониторингини сақлаб қолиш шарти билан бекор қилинади, бундан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 1997 йил 10 октябрдаги ПФ–1871-сон Фармонининг 1, 2 ва 4-иловаларида назарда тутилган товарларни экспорт қилиш бўйича контрактлар мустасно;
- экспорт қилинаётган товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат илгари худди шундай товар учун айнан сертификат олган аризачига бир иш куни мобайнида берилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига қуйидаги асосий ваколатларга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этиш назарда тутилгани ҳам эътиборли. Ушбу институт тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш; тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш; тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун хужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганиш; қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолияти амалга оширилишига таъсири самарадорлигини баҳолаш; давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан парламент назоратини амалга ошириш имконини беради.
Умуман олганда, мамлакатимизда эркин бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш изчил амалга оширилмоқда. Ушбу йўналишда бозор муносабатларини босқичма-босқич жорий этиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, айниқса, унинг мулкий ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш, бунда авваламбор ҳар бир шахсда мулкка нисбатан эгалик қилиш, ўз мулкий ҳуқуқларини амалга оширишдан манфатдор бўлиш ҳиссини шакллантириш, тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳимоясини таъминлаш мақсадида бозор иқтисодиётининг ҳуқуқий асослари, унинг қонунчилик базасини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Дилшод Мирзаахмедов,
Институтнинг Жиззах ҳудудий
бўлинмаси раҳбари.
Мақола “Адолат ёлқини” газетаси 2016 йил 28 октябрь №45 (652) сонда,
“Жиззах овози” газетаси №42 (8832)сонда чоп этилган.