Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
ННТ экспертларидан ўтказилган сўров натижалари
Жорий йилнинг октябрь ойида Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг Жамоатчилик фикрини ўрганиш Сектори томонидан шу йил 4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ва унда нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштироки хусусида ННТлари вакилларидан эксперт сўрови ўтказилди. Унда Тошкент шаҳрида фаолият юритадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари сўровда иштирок этдилар.
Сўровда иштирок этган экспертлар томонидан билдирилган фикрлар Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мутақил институти ходимлари томонидан таҳлил қилинди. Қуйида билдирилган фикрлар таҳлилининг умумий натижалари қуйидагиларни намоён қилди:
- Бугунги кунда “кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили мамлакатимизда юқори суратларда амалиётга тадбиқ этилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ фуқаролик жамиятининг энг муҳим элементларидан бири бўлган фуқаролик жамияти институтларининг шаклланиши, ривожланиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда ҳамда қонунчилик билан мустаҳкамланмоқда. Бундай ёндашув ўз ўрнида ННТнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этишига имкон яратмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярмида бўлиб ўтган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига бўлиб ўтган сайловлар ҳам маҳалла органининг аҳоли орасида нечоғлик катта нуфузга эгалиги ва уни ташкил этиш ва бошқаришда барча фуқароларни бирдек ўз ҳиссаларини қўшганликларини кўриш мумкин. Шунинингдек, экспертлар маҳалла фуқаролари йиғини раисларининг қўшимча вазифаларни бажариши оқибатида ўзларининг асосий вазифалари четда қолаётганлигини танқид остига олишди.
- Шунинг билан бирга иштирокчилар мамлактимизда бўлиб ўтадиган энг муҳим сиёсий тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жамиятимиз учун катта аҳамият касб этишини ва халқимиз томонидан бу жараённинг муҳимлигини тўлиқ тушунишларини таъкидлаб ўтдилар. Уларнинг фикрича бугун мамлакатимизнинг барча фуқаролари бўлиб ўтадиган сайловлардан тўла хабардор ва бу мавзу кундалик ҳаётда тез-тез муҳокама мавзусига айланмоқда. Номзодларнинг сайловолди платформасининг қандай кўринишга эга бўлиши алоҳида қизиқиш уйғотмоқда.
Сайлов кампаниясида фуқаролик жамияти институтларининг иштироки хусусида тўхталиб, экспертлар томонидан имзо тўплаш ва номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари жараёнида маҳалланинг алоҳида муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этилди. Бу ҳолат сайлов кампаниясини бир томондан очиқ, иккинчи томондан эса халққа яқин бўлишини таъминлайди.
- Экспертлар фуқаролик жамияти институтларидан бири бўлмиш оммавий ахборот воситалрининг иштирокига алоҳида тўхталдилар. Айнан ОАВ, биринчи навбатда марказий телевидение сайловга оид маълумотларнинг асосий манбаи эканлиги ҳамда сайлов кампаниясининг қандай боришига нисбатан жамоатчилик фикри баҳосини шакллантириши қайд этилди. Шу сабабли, Ўзбекистон аҳолисининг элеторал маданиятини ошириш масаласида ОАВнинг фаол, масъулият билан иштирок этишлари жуда муҳимдир.
Бу ҳолат экспертлар томонидан икки мисол билан танқид остига олинди. Биринчидан, бугунги кунда ОАВ жамиятнинг барча қатламларига ахборот етказиб берувчи муҳим инструмент бўлишига қарамай сайлов жараёнини етарлича ёритиб бера олгани йўқ. ОАВдаги маълумотларнинг аксарияти Марказий сайлов комиссияси пресс-релизларининг кўчирмаси, ёки қисқартирилганидир.
Экспертларнинг фикрига кўра, маҳаллий ОАВ фаолиятидаги камчиликлар яна қуйидаги ҳолат орқали намоён бўлмоқдаки, шу кунларда у ёки, бу номзодни қўллаб-қувватлаш учун олиб борилаётган имзо тўплаш жараёнини аҳоли тўлиқ тушунмаяпти. Маҳаллий ОАВ ҳам, сиёсий партияларнинг матбуот нашрлари ҳам бу жараённинг мазмунини фуқароларга етказиб бера олмадилар. Аҳоли билан тушунтириш ишлари олиб боришда етишмовчилик яққол сезилди.
Иккинчидан, бугун ҳақиқатдан ҳам фуқароларимизнинг барчаси
4 декабр куни сайлов бўлишидан хабардор бўлсада, аммо мавжуд сиёсий партиялар томонидан кимларнинг номзодлари илгари сурилаётганлиги кўпчиликка маълум эмас. Бунда ЎзХДП, “Миллий тикланиш” ва “Адолат” партиялари ахборот манбаларининг фаолияти сустлиги қайд этилди.
- Экспертлар томонидан сайлов кампаниясида фуқароларнинг фаоллиги масаласи ҳам муҳокама қилинди. Умуман олганда бўлиб ўтадиган сайловга нисбатан аҳолининг юқори электорал қизиқишлари қайд этилмоқда. Аммо сайлов жараёнларида аҳолининг, биринчи навбатда ёшларнинг иштирокини таъминлашга жиддий эътибор қаратиш лозим.
Шундай бўлсада, экспертлар овоз бериш ҳуқуқига эга 25 ёшгача бўлган ёшларнинг 40% гина ўз хоҳишларига кўра сайлов участкасига овоз бериш учун боришлари мумкин. Бу ҳолат шунинг билан характерланадики, бугун ёшларни ижтимоий-сиёсий мавзуларни юқори даражада муҳокама қилишдан кўра, ўзларининг моддий аҳволини яхшилаш кўпроқ ташвишга солмоқда. Шу боис телевидение ва радио орқали ёшларни сайлов жараёнида фаол иштирок этишга чорловчи оммавий тарғибот-тушунтириш кампаниясини олиб бориш жуда муҳим.
- Шунингдек экспертлар сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларнинг ўз сайлов кампаниясини олиб бориши тўғрисида тўхталиб ўтдилар. Уларнинг фикрича аҳоли Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди дастурида мамлакатимизда тинчлик, миллатлараро тотувликни сақлаш, аҳоли бандлиги, миллий иқтисодиётни кўтариш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш масалаларига тегишли бўлган бўлимларига эътибор қаратади.
Муҳокама давомида экспертлар сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларнинг сайловда ғолиб чиқишга бўлган имкониятларини хусусида тўхталиб, ЎзЛиДеПдан кўрсатилган номзоднинг сайловда ғалаба қозониш имконияти кўпроқ эканлигини қайд этишди. Ушбу номзоднинг устунлиги аввало унинг давлат ҳокимияти бошқарув органларида турли мансабларда ишлаш орқали орттирган катта иш тажрибаси, мамлакатнинг барча соҳаларидаги камчилик ва муаммоларни яхши билиши, халқ орасида катта обрўга эга эканлиги билан изоҳланди. Бундан ташқари экспертлар айнан ЎзЛиДеПдан кўрсатилган номзодни мамлакатимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ олиб борилаётган ислоҳотларни давом эттира олишга қодир ягона шахс сифатида кўришмоқда.
Умуман олганда мамлакатнинг барча аҳолиси энг муҳим сиёсий жараён бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг жамиятимиз ва давлатимиз учун қай даражада муҳим эканлигини чуқур тушунади ва ҳис қилади. Экспертлар фикрига кўра, фуқаролар бўлиб ўтадиган сайлов натижаларидан иқтисодиётни мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариш имкониятлари ва аҳоли бандлигини ошириш, фермерлик ҳаракати, хусусий тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнес учун қулай шароитларни яратиш ҳамда мамлакатда кейинчалик ҳам тинчлик ва осойишталикни сақлашда амалий ҳаракатларни кутмоқда. Бунда ижтимоий роликларни намойиш қилиш орқали телевидение ва Интернет маконининг (UZ ҳудудини) имкониятларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Республика даражасидаги ОАВ эса, кенг жамоатчиликни хабардор қилиш учун сайлов қонунчилигига оид кўрсатувларни тайёрлашга кўпроқ эътибор беришлари лозим.
Сиёсий партиялар эса, ўзларининг матбуот нашлари ва Интернет сайтларини сайловчилар орасида тарғиб қилишлари, ҳамда мамлакатнинг марказий ОАВда бепул ажратиладиган жой ва эфирлардан унумли фойдаланишлари керак.
Сайлов кампанияларида ННТнинг, хусусан МФЙнинг иштироки муҳимлигини инобатга олган ҳолда, Марказий сайлов комиссияси ва вилоят сайлов комиссиялари маҳаллаларда тренинглар шаклида доимий иш олиб боришлари лозим. Бу эса тегишли вазифаларни бажариш учун зарур бўлган кадрлар салоҳиятини шакллантиришга ёрдам беради. Амалга ошириладиган ишлар мажмуи кейинчалик ҳам фуқароларнинг сиёсий фаоллиги ва мамлакатда содир бўлаётган воқеаларга шахсий дахлдорлик ҳиссини оширишга хизмат қилиши лозим.
А. Сеитов, Ф. Мусаев,
Институтнинг мутахассислари