Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
Демократия кўзгуси
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда амалга оширилган изчил, босқичма-босқич ислоҳотлар натижасида энг юксак демократик талабларга ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга жавоб берадиган, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришининг, ҳар бир кишининг давлат ҳокимияти вакиллик органларига эркин сайлаш ва сайланиш ҳуқуқининг кафолатларини таъминлайдиган сайлов тизими яратилди.
Барчамизга маълумки, сайловлар давлатнинг, жамиятнинг демократик кўзгуси саналади. Шу боис ҳар бир демократик давлат халқ ҳокимиятчилигини ушбу қадриятга асосланиб ўрнатади. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов таъбири билан айтганда, «Сайловлар – бу мамлакатимизда амалда бўлган ҳуқуқий нормаларнинг нечоғлик демократик руҳда эканини намоён этадиган, демократик ҳуқуқий давлатнинг узвий белгиси, халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишининг, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокининг асосий шакли бўлиб, ўта муҳим ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга масаладир».
Жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин тайёргарлик кўриш ва уни очиқ ва ошкора ўтказиш юзасидан 12-Хоразм округ сайлов комиссияси томонидан бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Маълумот ўрнида айтиб ўтишим мумкинки, айни кунда вилоятимиз аҳолисининг жами сони 1 млн. 757минг 800 нафарни ташкил этса, улардан 1 млн. 167 минг 263 нафари сайловчилар саналади.
Айни кунда 12-Хоразм сайлов округининг биносида сайлов комиссияси фаолият олиб бориши учун 5 та хона, матбуот маркази, ва матбуот анжуманлари ўтказишга мўлжалланган 50 ўринлик зал мавжуд. Матбуот марказида комиссия аъзолари ва журналистлар учун марказий ва маҳаллий газеталарнинг таҳламлари, телефон, факс, 13 та янги моделдаги компьютер жамланмаси ва интернет тизимига уланган 10 та ноутбук фаолияти йўлга қўйилган.
Марказий сайлов комиссиясининг тавсиясига биноан жорий йилнинг 26 сентябрь куни округ сайлов комиссиянинг биринчи йиғилиши ўтказилди. Мазкур йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар режаси, округ сайлов комиссияси матбуот маркази ва унинг таркибий тузилмалари, округ сайлов комиссияси аъзоларининг навбатчилик жадвали тасдиқланди. Сайлов округи жойлашган бино ҳамда округ сайлов комиссияси жойлашган хоналарнинг моддий-техник таъминланганлиги ҳолати бўйича ҳокимият вакили
Э. Худойназаровнинг ахборотини эшитилди. Округ сайлов комиссиясининг молиявий масалалари бўйича масъул аъзоси белгиланди.
Округ сайлов комиссияси 11 нафар аъзодан иборат. Бундан ташқари Округ сайлов комиссияси қошида Матбуот гуруҳи ташкил қилинган бўлиб, ушбу гуруҳ 3та йўналиш, яъни электрон оммавий ахборот воситалари, босма оммавий ахборот воситалари ҳамда интернет йўналишида фаолият юритмоқда. Ушбу гуруҳга вилоятмизнинг энг малакали ҳамда хориж тилларини биладиган ёш журналистларни жалб қилганмиз.
Сайлов жараёнларини очиқ, ошкора ва тезкорлик билан ёритишда журналистларга етарли шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида жорий йилнинг 27 сентябрь куни матбуот марказида оммавий ахборот воситалари ҳодимлари учун округ сайлов комиссиясининг брифинги ташкил этилиб, унда вилоятдаги барча оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда сиёсий партиялар вилоят кенгаши раҳбарлари иштирок этдилар. Брифингда сайловга тайёргарликнинг бориши ва уни ўтказиш бўйича олиб борилаётган ишлар ва белгиланган тадбирлар хусусида ахборот берилди.
Бундан ташқари ўтган давр мобайнида Марказий сайлов комиссияси томонидан ташкил этилган онлайн конференциялар, семинар-тренинглар ва давра суҳбатларида комиссия аъзолари ҳамда ҳудудий ОАВ вакиллари иштирок этиб, интернет орқали Марказий сайлов комиссияси аъзолари, экспертлар ҳамда малакали сиёсатшунос олимларнинг фикр-мулоҳалари билан ўртоқлашиш имкониятига эга бўлдилар.
Сайловлар жараёнини ёритишда оммавий ахборот воситаларининг роли катта бўлиб, бир томондан улар сайловчиларни сайлов жараёнларининг боришидан хабардор қилишса, иккинчи томондан сайловолди ташвиқотини олиб боришда муҳим восита бўлиб хизмат қиладилар. Шу билан биргаликда ОАВ вакиллари миллий ва халқаро кузатувчилар, ишончли вакиллар, сайлов штабларининг вакиллари билан биргаликда сайлов жараёнининг ошкоралиги ва шаффофлигини таъминлаб, аҳолини сайлов натижалари билан таништирадилар. Мазкур масъулиятли вазифани амалга оширишда журналистларга янада енгиллик яратиш мақсадида округ сайлов комиссия ҳам ҳудудий оАВ вакилларини аккредитацияда ўтказишни йўлга қўйди. Айни кунда округ сайлов комиссиясига 15 тага яқин ҳудудий ОАВ томонидан 30 нафардан ортиқ журналистларни аккредитациядан ўтказиш бўйича тақдимномалар келиб тушди ва улар белгиланган тартибда 12-Хоразм сайлов округи комиссияси ҳузурида аккредитациядан ўтказилди. Бу жараён ҳали давом этади. Чунки вилоятимиздан 30 та босма ва 3 та электрон ОАВ фаолияти йўлга қўйилганлиги инобатга олган ҳолда шаҳар ва туман ҳокимликлари муассислигида ҳамда тармоқ нашрларнинг мухбирларини ҳам аккредитациядан ўтказишни режалаштирганмиз.
Жорий йилнинг 3 октябрь куни “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-, 16-моддаларига мувофиқ ҳамда Урганч шаҳри ва туманлар ҳокимларининг тақдимномаларини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 12-Хоразм сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкаларини тузиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорнинг тўлиқ матни “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталарининг 4 октябрь сонида эълон қилинди. Қарорга мувофиқ бу йилги сайловни ўтказиш юзасидан вилоят ҳудудида жами 463 та сайлов участкалари тузилди. Ташкил қилинган 463 та сайлов участкаларининг 368 таси халқ таълими тизимидаги муассасалар биноларида, 62 таси касб-хунар коллежлари ва академик лицейлар биноларида, 37 таси эса бошқа муассаса ва ташкилотлар биноларида ташкил топган. Шунингдек, мазкур сайлов участкаларининг 49 таси вилоятдаги чегара ҳудудларидаги маҳаллаларда жойлашган.
Сайлов ўтказилишида аҳолига зарур қулайликлар яратилишини ва белгиланган нормаларни (яъни участкаларни энг ками 20 сайловчидан ва энг кўпи 3000 гача сайловчи бўлишини) инобатга олган ҳолда участка сайлов комиссияларининг жойлашган жойини ўзгартириш бўйича масалаларга ҳам эътибор қаратилиб, 2015 йилда бўлиб ўтган сайловда сайлов участкаси сифатида фойдаланилган 28 та бинони комиссия хулосасига кўра алмаштирилди ҳамда сайловчиларга қулай бўлган бошқа биноларга жойлаштирилди.
Сайлов участкалари жойлаштириладиган биноларнинг барчасида (463 та) “Тиббиёт хонаси, “Она ва бола” хоналари учун алоҳида хоналар назарда тутилган бўлиб, улар тўлиқ таъмирдан чиқарилди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига сайлов участкалари биноларида ташкил қилинган “Тиббиёт хона”лари учун малакали тиббиёт ходимларини хозирдан бириктириш ва талаб қилинадиган дори-дармон ҳамда тиббиёт ускуналари билан таъминлаб қўйиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, сайлов участкаларида ташкил қилинадиган “Она ва бола” хоналари вилоят халқ таълими бошқармасига қарашли мактабгача таълим муассасаларига бириктирилиб, зурур жиҳозлар, ёнғинга қарши кураш воситалари билан тўлиқ таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Барча сайлов участкалари биноларини алоқа воситалари билан, шу жумладан, олисдаги сайлов участкаларини мобил телефон алоқаси, керакли оргтехника воситалари, канцелярия моллари билан тўлиқ таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Сайлов участкаларидаги сайловда фойдаланиш учун мавжуд бўлган овоз бериш кабиналари, урналар ва миллий рамзларимиз ҳисобланган байроқ, герб ва бошқа жиҳозлар сайловга тўлиқ тайёр қилиб қўйилди.
Бундан ташқари, аҳолини сайлов жараёнларида фаол иштирок этишида ташвиқот тадбирлари билан биргаликда, кўргазмали воситалар ҳам муҳим роль ўйнайди. Мана шуни инобатга олган ҳолда, округ сайлов комиссияси томонидан сайловларни ташвиқот қилишда кўргазмали воситалар чақириқлар, паннолар ва электрон таблолардан ҳам кенг фойдаланиш чораларини кўрилмоқда. Жумладан, Урганч шаҳри ва туманлар марказларининг аҳоли гавжум бўладиган жойларига шунингдек, туманлараро магистрал йўлларга илиб қўйиш учун 324 та реклама паннолари, Урганч шаҳрида 3 ўринда электрон таблолар тайёрлаб қўйилди. Ҳозирги кунгача Урганч шаҳри ва туманлар марказларидаги ҳамда магистрал йўллардаги мавжуд жами паннолар сони 324 та, шундан номзодлар учун 200 та, сайлов тарғиботи (сайловга чақириқ) учун 124 та реклама шитлари тахт қилиб қўйилди.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг аҳолига тушинтириш шунингдек, сайловга тайёргарлик кўриш ишларида амалий ёрдам бериш мақсадида округ сайлов комиссиясининг аъзолари шаҳар ва туманларга бириктирилди.
Яқинда Марказий сайлов комиссияси томонидан янгидан чоп этилган 35 мингдан ортиқ сайловга доир чақириқлар, плакатлар шаҳар ва туманларга етарли миқдорда тақсимланди вилоятимиздаги барча корхона, ташкилот ҳамда муассаларга етказиб берилди.
Мазкур сайъи ҳаракатларнинг барчаси олдимизда турган муҳим сиёсий жараённи миллий демократик қадриятларимизга ҳамда жаҳон андозалари мос равишда ўтказишга қаратилган.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда сайловларга муҳим сиёсий жараён сифатида эътибор қаратилаётганлиги, унинг ҳуқуқий мустаҳкамлиги фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини кафолатлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу ўз навбатида аҳолининг зийраклиги, дахлдорлик туйғуси ва ҳуқуқий маданиятини янада шакллантириб, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этишига хизмат қилади.
Бекчанов Бахром,
Курязова Дилрабо,
Институтнинг Хоразм вилояти
ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассислари
Мақола “Ҳуқуқий ҳимоя” газетасининг 2016 йил 25 октябрь,19 (153)-сонда чоп этилган.