Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
Президент сайлови ва ёшлар
Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида муҳим ижтимоий сиёсий воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига катта ҳозирлик кўрилмоқда. Жорий йилнинг 4 декабрь кунида ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида Андижон вилоятидан 1 миллион 984 минг 247 нафар фуқаролар иштирок этиши кутилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига ҳар бир сайловчи юртимиз келажагига, озод, эркин ва фаровон ҳаётимизга, унинг эртанги тақдирига дахлдор воқеа сифатида ёндашаётир.
Асрлар давомида шаклланган миллий анъаналаримизни ўзида мужассам этган, ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибаларига таяниб шакллантирилган миллий сайлов қонунчилиги фуқароларнинг, жумладан ёшларнинг хоҳиш-иродасини эркин билдиришини таъминлашга хизмат қилмоқда. Мустақиллик йилларида яратилган сайлов тизими ва сайлов қонунчилиги сайловларни очиқ ва ошкора ўтказишни таъминламоқда.
Жорий йилнинг сентябрь ойида қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ Ўзбекистонда ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган шахслар ёшлар дея эътироф этилади. Маълумотларга кўра, мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиғи ёшлар ҳисобланади. Бугунги кунда Андижон вилоятида уч миллионга яқин аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, бу кўрсаткич мамлакат аҳолисининг 10 фоизи демакдир.
2014 йилда ўтказилган парламент сайловида Андижон вилоятининг ўзида 55 минг нафардан ортиқ, 2015 йилда Президент сайловида эса 10 минг нафарга яниқ ёшлар биринчи марта сайловда иштирок этган.
Ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда ёшларнинг сиёсий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш ҳамда жамиятда муносиб ўрин эгаллашини таъминлашга асос яратилган.
Мисол учун, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир фуқаро-сайловчи бир овозга эга, дея эътироф этилган. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддасида ҳам Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 2-Андижон округ сайлов комиссиясининг 2016 йилнинг 3 октябрь кунги 7-сон йиғилиш қарорига асосан вилоятда ташкил этилган сайлов участкалари рўйхати тасдиқланди. Унга кўра, вилоятда жами бўлиб 773 та сайлов участкалари ташкил этилди. Ташкил этилган сайлов участкаларининг 90 фоизга яқини таълим муассасаларида жойлашган. Бу эса, ёшларга ўз танловларини эркин амалга оширишига янада қулайлик туғдиради.
Таъкидлаш жоизки, сайловчиларнинг, хусусан ёшларнинг сайлов тўғрисидаги билимини юксалтириш, ёшларга миллий сайлов қонунчилигимизнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини чуқур тушунтириш борасида Округ сайлов комиссияси ва мутасадди ташкилотлар томонидан сайловолди ташвиқоти тадбирларини амалга ошириш кўзда тутилган. Бундан мақсад – сайлов тизимининг демократик принципларини амалга оширишга кўмаклашиш, ёшларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш имкониятини яратиб беришдан иборатдир.
Зеро, ёшларимиз эртанги кунимизни ҳал этувчи кучи сифатида қад ростлаши, ўз имкониятларидан тўлақонли фойдаланган ҳолда жамият ривожи йўлида хизмат қилиши, мамлакат тақдирига бефарқ бўлмасдан, олдимизда турган сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиши зарур.
Бахтиёр Ахмедов,
Институтнинг Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси катта мутахассиси