Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
Президент сайловида иштирок этиш ҳар бир сайловчи учун шараф
Сайловлар – халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишини, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини ҳамда мамлакатда амалда бўлган ҳуқуқий нормаларни демократик принцпларга мослигини акс эттирувчи муҳим сиёсий жараёндир.
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг мустаҳкам қонуний асослари яратилди ва такомиллаштириб борилмоқда. Ушбу қонунларимизда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари мустаҳкамланган.
Жумладан, Сайлов қонунчилигига асосан, Ўзбекистон Республикаси вакиллик ҳокимияти органлари, Президентини сайлаш ҳуқуқи 18 ёшга тўлган барча фуқароларга берилган. 18 ёшда ижтимоий жиҳатдан шахс ўзини англаб етади ва тўла муомала лаёқатига эга бўлади. Шу туфайли кўпчилик давлатларда фуқаролар 18 ёшга тўлганларидан кейин сайлаш ҳуқуқига эга бўладилар. Айрим давлатлар қонунчилигида фуқароларнинг сайлаш ҳуқуқи турли ёш чегараларида белгиланган. Жумладан, сайлаш ҳуқуқига фуқаролар Эронда 15, Бразилия ва Никарагуада 16, Австрияда 19, Жанубий Корея, Япония, Швейцарияда 20, Боливия, Малазия, Покистон ва Сингапурда 21 ёшга тўлганларидан кейин эга бўладилар.
Шунингдек, муомалага лаёқатли фуқароларгина сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Муомала лаёқатига эга бўлган фуқаролар ақли расолик билан ўз ҳаракатларининг оқибатларини тушуниб, ҳаракат қиладилар. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 30-моддасига кўра, руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқарони суд қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топиши мумкин ва бундай фуқарога васийлик белгиланади. Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро номидан битимларни унинг васийси амалга оширади. Бундай фуқароларнинг нафақат сайловларда иштирок этиш, балки бошқа ҳуқуқларидан ҳам фойдаланиши чеклаб қўйилган.
Содир этган жинояти учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган фуқароларни сайланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш адолатли бўлади. Чунки жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси жaмият, шунингдек, ҳaр бир фуқaрoнинг мaнфaaтлaригa муайян даражада тaжoвуз қилади.
Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики мамлакатимизда сайлаш ёши учун энг мақбул ёш танланган. Шунингдек, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган ва суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этилган фуқаролардан ташқари Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлаган барча фуқаролари сайловларда иштирок этишга ҳақли.
Сайлов ўзининг кўлами жиҳатидан йирик сиёсий жараён ҳисобланади. 2015 йилги Президентлик сайловида сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 798 минг 52 фуқародан 18 миллион 942 минг 349 нафари иштирок этган бўлиб, бу сайловчиларнинг 91,08 фоизини ташкил этган.
Ушбу ҳолат фуқароларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти юксалиб бораётганини, мамлакатимиздаги демократик ўзгаришларда фаол иштирокчи эканликларидан далолатдир.
Жорий сайловлар даврига сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар сони 21 миллион 435 минг 009 нафардан иборатдир. Таҳлил натижаларига кўра, 2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтадиган президентлик сайловида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган сайловчилар сони 2015 йилги президентлик сайловида рўйхатга олинган сайловчилар сонига нисбатан 636 минг 957 нафарга ортганини кўрсатди. Шунингдек, ушбу 636 минг 957нафар фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида илк маротаба иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган сайловчилардир.
Вилоятимизда эса жами аҳоли сони 2 426 710 нафар (2016 йил 1 январ ҳолатига) бўлиб, шундан сайловчилар сони 1 581 214 нафар ҳисобланади.
Таҳлил натижалари ҳамда ўтказилган сайловлардаги тажрибага асосланиб айтиш мумкинки, сайловчиларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини оширишга қаратилган тадбирларни кўпроқ илк маротаба Президентлик сайловида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлганлар ҳамда чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи сайловчилар ўртасида ўтказиш мақсадга мувофиқ саналади.
Хулоса ўрнида айтмоқчи бўлганимиз, мамлакатимизда сайловларни ташкил қилиш ҳамда ўтказишнинг барча босқичлари фуқаролар бевосита ва билвосита иштироки асосида амалга оширилади. Ушбу муҳим жараёнда ўз фуқаролик маъсулиятини чуқур англаган ҳолда сайловни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш ҳар бир сайловчи учун шарафдир.
Фирдавс Шарипов,
Институтнинг Сурхондарё вилоят
ҳудудий бўлинмаси раҳбари ўринбосари