Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

Халқаро сайлов андозалари ва миллий қонунчилик

Ўзбекистон замонавий сайлов қонунчилиги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойил ва қоидалари асосида шакллантирилган. Шуни қайд этиш керакки, инсоннинг сиёсий ва сайлов ҳуқуқлари соҳасида бир қатор муҳим халқаро ҳужжатлар мавжуд.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Ирқий камситишнинг барча турларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция, Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция (CEDAW), Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, БМТ Сайловларни халқаро кузатиш принципларининг декларацияси (унга Халқаро кузатувчиларнинг ахлоқ кодекси илова қилинган), Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенцияси, Янги Европа учун Париж хартияси, ЕХҲТнинг Инсонийлик мезонлари бўйича конференцияси Копенгаген кенгашининг ҳужжати шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Республикаси юқорида номлари зикр этилган барча халқаро -шартномаларга қўшилган. Мамлакатимиз Конституцияси муқаддимаси ҳамда 17-моддасида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа қоидалари ва нормалари устуворлиги тан олинган. Ўзбекистон миллий сайлов тизимини шакллантириш жараёнида халқаро сайлов стандартларининг асосий талаблари инобатга олинган.

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш, миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётини умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқ ҳолда изчил ривожлантириш ҳамда шакллантириш соҳасида катта тажриба тўпланди.

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси  Конституциясининг алоҳида 23-боби айнан сайлов тизимига бағишланган. Унда Президент сайлови, -Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов масалалари тартибга солинган.

Конституциянинг 117-моддасига мувофиқ, сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Умуман, сайлов ҳуқуқи фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар таъминланади.

Мустақиллик йилларида конституциявий қоидаларни рўёбга чиқариш мақсадида сайлов жараёнини тартибга соладиган ўндан ортиқ қонунлар қабул қилинди. Улар, -аввало, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунлар шулар сирасидандир. Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссиясининг қатор низом ва йўриқномалари ҳам сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини тартибга солади.

Мамлакатимизда сайлов қонунчилигини ушбу соҳадаги халқаро стандартларга мувофиқ янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар тизимли ва изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, 2003 йилда икки палатали парламент сайловини ўтказишнинг ҳуқуқий асослари шакллантирилди.

Миллий сайлов тизими ривожида 2008  йили сайлов қонунчилигимизга киритилган ўзгартишлар муҳим босқич бўлди. Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўринларининг сони 120 тадан 150 тага кўпайтирилди, шундан 135 нафар депутат сиёсий партиялардан сайланади. Бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари ниҳоятда муҳим ва долзарб аҳамият касб этиб бораётганидан келиб чиққан ҳолда, қуйи палатамиздаги 15 та депутатлик ўрни Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатларга берилди.

Бундан ташқари, қонун ҳужжатларига сайлов жараёнининг янада либераллашувини таъминлайдиган қатор нормалар киритилди. Жумладан, сайловда иштирок этадиган -сиёсий партияларнинг рўйхатдан ўтиши учун ўрнатилган муддат 6 ойдан 4 ойга туширилди. Айни вақтда сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этиши учун рухсат бериш масаласини ҳал қилиш борасида зарур бўладиган сайловчилар имзосининг миқдори аввалги 50 минг имзо ўрнига 40 минг қилиб белгиланди. Депутатликка номзодларнинг ишончли вакиллари сони 5 нафардан 10 нафаргача кўпайтирилди. Шулар қаторида сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига сиёсий партиянинг “ваколатли вакили” деган янги институт киритилди, унга имзо варақаларининг тўғри тўлдирилишини текширишда, сайлов участкаларида овозларни санаб чиқишда қатнашиш ҳуқуқи берилди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, кўппартиявийлик тизимини мустаҳкамлашга қулай муҳит яратиш, сиёсий партиялар фаоллигини ошириш фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим шарти ҳисобланиб, бунда эркин ва тенг ҳуқуқли сайловлар натижасида асосий сиёсий кучлар намоён бўлади.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси амалга оширилиши натижасида сайлов қонунчилигини такомиллаштиришнинг навбатдаги босқичи бошлаб берилди. 2012 йилда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 27-моддасига депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларга сайловолди ташвиқотини олиб боришда тенг шароитлар яратиш механизмларининг самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, сайловолди ташвиқотини олиб бориш турлари, шакллари ва усуллари, муддати белгиланди, ушбу тушунчага аниқ изоҳ берилди. Қонунда сайловолди ташвиқотини нафақат сайлов куни, балки овоз бериш бошланишидан бир кун олдин ҳам олиб бориш мумкин эмаслиги тўғрисидаги норма ўз ифодасини топди. Овоз бериш кунига қадар уч кун ичида, шунингдек, овоз бериш куни жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари тахминларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни чоп этишга (эълон қилишга), шу жумладан, уларни умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқларига (Интернет жаҳон ахборот тармоғига) жойлаштиришга йўл қўйилмаслиги қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, муддатидан олдин овоз бериш тартиби, муддати ва қоидаси аниқ белгиланди. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасига киритилган қоидага мувофиқ, сайлов участкалари қамоқда сақлаш жойларида ҳам тузилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

2013 йилда “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонунга сиёсий партияларнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларининг ваколатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Янги қоидаларга кўра, партия гуруҳлари давлат ҳокимиятининг тегишли вакиллик органи қўмиталари ёки комиссиялари раислигига, раис ўринбосарлигига ва аъзолигига номзодлар юзасидан таклифлар киритиш ҳуқуқига эга бўлди. Уларга, шунингдек, тегишли ҳудудда жойлашган давлат органи раҳбарининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ҳисоботини ёки ахборотини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг сессияларида эшитиш ҳақида таклифлар киритиш ваколати берилди. Ушбу чоралар партиялараро рақобатни кучайтиришга хизмат қилиб, бугунги кунда мамлакатимиз сайлов жараёнида амалий тасдиғини топмоқда.

2014 йилда Конституцияга киритилган янгиликлар сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш имконини берди.

“Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Қонунда кўзда тутилган қоидаларни амалга оширишнинг қонуний механизмларини яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар доирасида 2014 йилда бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси “Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик” деб номланган янги V1 боб билан тўлдирилди. Алоҳида модда билан Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш, шунингдек, уларнинг қарорларини ижро этмаслик учун жавобгарлик белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексига ўзгартиш киритилди. Унга мувофиқ, Марказий сайлов комиссиясини молиявий таъминлаш давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетида алоҳида сатрда назарда тутилади. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг сайловлар ва референдумларга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш бўйича харажатлари, шу жумладан, округ ва участка сайлов комиссияларини, сиёсий партияларни молиялаштириш республика бюджетидан амалга оширилади.

Конституциямизнинг 117-моддасига киритилган янгиликлар муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонунга ҳам тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, фаолият принциплари тушунтирилди ҳамда Марказий сайлов комиссияси аъзоларига талаблар белгиланди.

2015 йил 29 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, Марказий сайлов комиссияси томонидан чет давлатларнинг, халқаро ташкилотларнинг кузатувчиларига сайлов ва референдумга мандатлар берилади, қамоқда сақлаш жойларида сайлов участкалари тузилиши мумкин.

Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган вақтда муайян сайлов участкаси ҳудудида, илгариги қоидаларга кўра, фақатгина доимий яшаган фуқаролар эмас, айни пайтда вақтинча истиқомат қилган Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритилади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни қўллаб-қувватлаш юзасидан сайловчилар имзоси сони жами сайловчилар умумий сонининг камида беш фоизидан бир фоизга камайтирилди. Муддатидан олдин овоз беришнинг вақти, тартиб-таомиллари белгиланди. Қонун билан “жимлик куни” ўрнатилди, яъни нафақат сайлов куни, айни вақтда овоз бериш бошланишига бир кун қолганида ҳам сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди. Сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартибига изоҳ берилди.

Умуман, миллий сайлов қонунчилигининг босқичма-босқич такомиллаштирилиши, унинг халқаро стандартлар билан янада уйғунлаштирилиши ва янада мустаҳкамланиши Ўзбекистонда амалга оширилган тизимли ислоҳотлар билан узвий ҳолда олиб борилди. Уларнинг асосий мақсади эса демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишдир.

Дилафрўз Сўфиева,

Институтнинг бош мутахассиси.

Мақола «Халқ сўзи» газетасининг 2016 й. 28 октябрь №213  сонда чоп этилган