Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови: аҳамияти, ташкилий-ҳуқуқий асослари
Ҳар қандай ўзини мустақил деб билган ҳуқуқий демократик давлатда сайловлар давлат бошқарувини ташкил этишнинг муҳим белгиси саналади. Қолаверса, сайловлар халқ хоҳиш-иродасининг эркин ифодаланиши, фуқаролик жамияти ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишнинг олий шаклидир. Сайловлар демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси, халқнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириши, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокининг асосий шаклидир.
Ўзбекистонда президентлик бошқарув усули жорий этилган бўлиб, бу –инсонпарварлик қоидаларига асосланган, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши, сиёсий эътиқодларидан қатъи назар фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга қаратилгандир.
Халқнинг хоҳиш-иродаси президентлик ҳокимияти сиёсатини белгилаб беради. Президентлик бошқаруви инсон ва жамиятнинг фаровонлигини, Ўзбекистон барча фуқароларининг муносиб турмушини таъминлашга қаратилгандир. Президент қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд органлари фаолиятини мамлакат олий мақсадлари йўлида мувофиқлаштиради.
Агар давлатни катта бир оила деб тушунсак, айнан шу маънода Президент миллат тимсоли, давлат рамзи сифатида намоён бўлди. Оилада, давлатда ўзаро ҳурмат тартиб бўлмаса, оиланинг барча аъзолари, давлатнинг фуқаролари ўз бурчларини адо этмаса, бир-бирига нисбатан эзгулик билан меҳр-оқибат кўрсатмаса муносиб ҳаёт кечириш мумкин эмас.
Маълумки, мамлакатимизда 2016 йилнинг 4 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилади. Бу юртимиз тақдири учун ғоятда аҳамиятли масала бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 89-моддасига асосан «Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди». Навбатдаги сайлов ҳам фуқароларимизга ўз сиёсий ҳуқуқлари ҳисобланган сайловларда иштирок этиш ва муносиб номзодни сайлашлари учун яна бир имконият яратади.
Сайловларнинг қонун талабларига тўла мувофиқ равишда очиқлик ва ошкоралик асосида ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлайдиган сайлов комиссияларининг мустақил тизими амал қилиши миллий сайлов тизимининг энг муҳим хусусияти ҳисобланади.
Қонунчиликка мувофиқ, сайлов комиссиялари мустақил бўлиб, фақат қонунга бўйсунади. Ҳокимият тузилмалари, жамоат бирлашмаларининг сайлов комиссиялари фаолиятига аралашишига ҳар қандай уринишлар тақиқланади. Шуниндек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича мутлақ ваколатлар берилган. Бундай мақом сайловни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнида қонунийликни таъминлаш, сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
Президентлик сайловини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан 2016 йилнинг 9 сентябрь куни “Ўзбекистон Республикаси Президентлик сайлови бўйича сайлов компанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди. Қарорда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлиги муносабати билан ўтказиладиган тадбирларнинг аниқ муддатлари белгиланди. Хусусан, дастурда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирлар марказий сайлов комиссияси зиммасига юклатилган, тузиладиган сайлов комиссиялари томонидан очиқ ва ошкора, Ўзбекистон Конституцияси, сайлов тўғрисидаги қонунларга қатъий мувофиқ амалга оширилиши каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказини тузиш ҳақида қарор ҳам қарор қабул қилди.
Конституциямизнинг 117-моддасига биноан, 18 ёшга тўлган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиш ҳуқуқига эга. Бунда уларнинг ижтимоий келиб чиқиши, мулкий аҳволига, ирқий ва миллий мансублигига, жинси, маълумоти, тили, динга бўлган муносабати, машғулот тури ва хусусиятига қараб Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлов ҳуқуқини бирон-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш қонун билан тақиқланади.
Президент сайловларида суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суднинг ҳукмига мувофиқ озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар қатнашмайдилар.
Рақамларга мурожат этсак, бугунги кунда юртимизда истиқомат қилаётган 32 миллиондан ортиқ ахолининг 21 миллион 400 мингдан ортиғи ўзларининг конституциявий сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланиб, Ўзбекистон Президентлиги учун умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказиладиган сайловда иштирок этишга ҳақлидирлар.
Бугунги кунда Ўзбекистонда давлат ҳокимияти органларини демократик сайловлар орқали шакллантириш бўйича умумэътироф этилган халқаро принциплар ва ҳуқуқий нормаларга тўлиқ мос келадиган миллий сайлов қонунчилиги яратилди. Қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилган сайловларнинг даврийлиги ва мажбурийлиги, адолатлилиги ва эркинлиги принциплари, уларнинг умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилиши, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишни таъминлаш, сайловларни жамоатчилик ва халқаро кузатувчилар иштирокида ўтказиш механизмлари Ўзбекистон сайлов тизими демократияга асосланганлигининг ўзига хос сифат кўрсаткичлари ҳисобланади.
Ўтган давр мобайнида, хусусан, 1991, 2000 ва 2007 йилларда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида ҳамда 1994, 1999, 2004, 2009, 2014 ва 2015 йилларда давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўтказилган сайловларда эркин ва адолатли сайлов ўтказиш бўйича катта тажриба тўпланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда сайлов тизими ва жараёни бўйича ташкилий-ҳуқуқий механизмларни таъминлашга хизмат қилувчи "Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида"ги, "Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида"ги ва "Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида"ги қонунлар ҳам қабул қилинди.
Бугунги кунда демократик сайловларни эркин ва мустақил оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Негаки, улар фуқароларнинг сиёсий партиялар фаолияти, уларнинг сайловолди дастурлари, президентликка кўрсатаётган номзодлари, сайлов жараёнининг барча босқичлари ҳақида ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаши лозим. Шундай қилиб, оммавий ахборот воситалари демократик сайловларни очиқлик, ошкоралик асосида ўтказишда муҳим восита бўлиб, фуқаролик жамиятининг сайловда фаол иштирок этишига жиддий таъсир кўрсатади. Шу нуқтаи назардан сайлов жараёнининг барча босқичлари очиқлиги, ошкоралигини таъминлаш, жамоатчиликни сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида ОАВ орқали ўз вақтида холис хабардор қилиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан Президентлик сайловларини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази ташкил қилинди. Ушбу марказ Марказий сайлов комиссияси сайлов кампаниясининг асосий босқичларига бағишлаб ўтказадиган брифинглар, матбуот анжуманларини ташкил этади, мамлакатимиз ва чет эл ОАВ вакилларини мазкур муҳим демократик жараён билан боғлиқ зарур ахборот материаллари билан таъминлайди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Наманган вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан 2014 йилнинг 21 декабр ва 2015 йилнинг 29 мартида ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига қолаверса Ўзбекситон Республикаси Президентлиги учун ўтказилган сайлов жараёнларини мониторингини амалга ошириш давомида сиёсий партияларнинг ва фуқароларнинг сайлов жараёнларидаги иштироки аввалги сайловларга нисбатан фаоллашгани кузатилди.
Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилиги халқимизнинг бой миллий қадриятлари ва тарихий давлатчилик анъаналари асосида сайловга оид халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаларини инобатга олган ҳолда яратилган. У фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг давлат ҳокимиятини шакллантириш ҳамда давлат бошқарувидаги эркин иштирокини таъминлашга хизмат қилади. Бу муҳим омил жорий йилнинг 4 декабр куни ўтказиладиган Президентлик сайловини эркин, адолатли ўтишига хизмат қилади.
У.Мусабеков
ФЖШМҚМИ Наманган вилояти
ҳудудий бўлинмаси катта мутаҳассиси