Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
Сайлов ва ёшлар
Истиқлол йилларида мамлакатимизда тинчлик-осойишталик ва фуқаролар тотувлиги мустаҳкамланиб, халқимизнинг турмуш фаровонлиги ҳамда аҳолининг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ёшларнинг сиёсий жараёнлардаги фаоллиги, ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини янада оширишга қаратилган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Мамлакатмизда мустақил демократик тараққиёт йўли танлаган кундан бошлаб умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва юксак демократик талабларга ҳар томонлама жавоб берадиган сайлов тизими яратилди. Шунингдек, мазкур сиёсий жараёнла ёшларнинг фаол иштирокини таъминлашнинг ҳуқуқий асоси шаклланди.
Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ўттиз ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилади. Давлатимиз, жамиятимиз ва кенг жамоатчилик мамлакат кўламида ёшлар масаласининг мазмун ва моҳиятига умумхалқ ҳаракати сифатида қараётганининг боиси ҳам ана шунда.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларда белгиланган сайлов тўғрисидаги ҳуқуқий нормаларга эътибор берсак, ёшларга бўлган яна бир ғамхўрлик ўз ифодасини топганлигини ҳис қиласиз. Уларда ёшларнинг сиёсий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш назарда тутилади ва ҳаётда, жамиятда муносиб ўрин эгаллашини таъминлашга қаратилгандир.
Айни пайтда аҳоли, айниқса, ёшларнинг дунёқараши ва онгу тафаккури ўзгариб, сиёсий ва фуқаролик фаоллиги, эл-юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси ортиб бораётганилигини ўтган йилларда бўлиб ўтган сайловлар натижасида яққол кўришимиз мумкин. Шу билан бирга, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотлар жараёнига, қонун ижодкорлиги даражаси ва ҳуқуқий маданияти, сиёсий партиялар дастурий мақсадлари ва депутатларнинг амалий фаолиятини баҳолашга нисбатан талабчанлиги ҳам сезиларли равишда ошди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117- моддаси иккинчи бандида “Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар”, деб таъкидланган. Бу модда фуқароларнинг, жумладан ёшларнинг фаол сайлаш ҳуқуқини белгилайди. Шунга асосан бошқа қонунларда ҳам мазкур тартиб ўз аксини топган бўлиб, хусусан “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг
4-моддасида, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунларнинг
2-моддаларида Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.
Хорижий мамлакатлар қонунчилигида ҳам сайловларда овоз бериш ҳамда ўз номзодларини қўйишда турли ёш чегаралари белгиланган. Масалан, Бразилия ва Эронда фуқаролар 16 ёшдан, Индонезияда 17 ёшдан сайлаш ҳуқуқига эга. Малайзия, Марокаш, Боливияда фуқаролар 21 ёшга, Францияда эса 18 ёшга тўлганидан кейингина сайлаш ҳуқуқига эга бўладилар.
Шу ўринда бизнинг миллий қонунчилигимизда айнан 18 ёш сайлов ёши сифатида қабул қилинган деган савол туғилиши табиий. Мутахассисларнинг фикрича, 18 ёшда ёш фуқароларимизда сиёсий дунёқараш камол топиб, давлат ва жамият миқёсида рўй бераётган жараёнларга муносабатларини билдира олиш қобилияти шаклланади.
Мазкур ёшда ҳар бир ёш умумий 9 йиллик таълимни тамомлаган, 16 ёшида фуқаролик паспортига эга бўлган ва жисмоний ҳамда маънавий, шунингдек ҳуқуқий жиҳатдан вояга етган, деб ҳисобланади.Ушбу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда гарчи 18 ёшдаги фуқаролар ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг иккинчи босқичида таълим олишни давом эттираётган бўлсалар ҳам, уларга сайловда овоз бериш жараёнида иштирок этишларига имкон берилган.
Ўз юрти ва унда юз бераётган ижтимоий-сиёсий воқеаларга бефарқ бўлмаган, ўз тақдирини юрт тақдири билан чамбарчас боғлаган ҳар бир масъулиятли ёш фуқаро сайловларда масъулият билан иштирок этади.
Бекзод Абдиримов – “Камолот” ЁИҲ Хоразм вилоят Кенгаши раиси
Сайловлар мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар энг муҳим сиёсий жараёнларидан бири саналади. Унда фуқароларимиз, айниқса, ёшлар очиқ ва ошкоролик принциплари асосида ташкил этилган сиёсий жараёнда фаол иштирок этиши, ўзи истаган номзодга овоз бериш имкониятига эга бўладилар. Бу каби олижаноб мақсадларга эришиш учун барча фуқаролар, айниқса, биринчи маротаба сайловда қатнашаётган ёшлар сайловга оид қонунчилик талабларини яхши билишлари ва унинг моҳиятини чуқур англаб етишлари лозим. Шу йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши томонидан давра суҳбатлари, семинарлар ва форумлар ўтказишни режалаштирганмиз. Мазкур тадбирларда ёшларнинг сайлов ҳақидаги билимларини ошириш, уни ўтказиш тартиб-қоидалари, Ўзбекистон Республикаси Конституциядаги ва сайлов қонунчилигидаги ўзгартишлар билан таништириш, ёшларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқидан фойдалана олишлари, сайлов жараёнларида фаол қатнашиш лозимлиги тўғрисида тушунчалар бериш ҳамда келажак авлоднинг сиёсий фаоллигини ошириш бизнинг энг асосий вазифаларимиздан биридир.
Дилрабо Маткаримова – УрДУ Инглиз филология факультетининг 4-курс талабаси, “Зулфия” номидаги давлат мукофоти соҳибаси.
Мамлакатимизда ёшларга яратилган шарт-шароитларнинг амалий ифодасини нафақат маданий-маърифий соҳаларда, балки, сиёсий жараёнларда ҳам кўришимиз мумкин. Бугуннинг ёшлари ўзи истаган сиёсий партияга аъзо бўлиши, сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиши ҳамда сайлаш ва сайланиш ҳуқуқидан эркин фойдалана олиш имконияти ҳам мамлакатимизда эркин фуқаролик жамияти ривожидан дарак беради. Бугун барча жойларда мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим ижтимоий-сиёсий жараён – Президент сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Мазкур сиёсий жараёнда биз ёшлар ҳам фаол иштирок этишимиз, сайлов қонунчилигидаги ўзгариш ва янгиликлар билан танишишимиз муҳим аҳамият касб этади. Кўплаб тенгдошларим қаторида сайловда фаол иштирок этиш ҳамда эркин фуқаролик вазифамни сидқидилдан бажариш менга жуда катта масъулият юклайди.
Хулоса ўрнида айтганда, сайловларда иштирок этаётган ёшларнинг доимий равишда ўзларининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириб боришлари, уларнинг жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишлари, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, шу жумладан Интернет тармоғи орқали мунтазам бериб борилаётган сайлов жараёни билан боғлиқ хабар ва янгиликларга бефарқ бўлмасликлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳалардаги кенг қамровли ислоҳотларнинг самараси ва таъсирчанлигининг ошишига хизмат қилиши шубҳасиз. Умуман олганда, сайловлар мамлакатимизнинг тақдирига, касбу коримиз, ёшимиздан қатъий назар, ҳар биримизга дахлдор масала. Шундай экан, юртимизнинг бугуни ва эртанги куни билан боғлиқ масала ҳал бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ҳар бир фуқаро фаоллик ҳамда масъулият билан иштирок этиши зарур. Бу жараёнда албатта ўз фикримиз, мустақил фуқаролик позициясига эга бўлишимиз керак. Биз бу борада ёш фуқароларимиздан бўлиб ўтажак сайловларда фаол иштирок этишларини кутиб қоламиз.
Дилрабо Курязова,
Институтнинг Хоразм вилояти
ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси
Мақола” Иқтисод таянчи” газетасининг 2016 й. 30 сентябр №187 (409)-сонда чоп этилган.