Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тизими янада такомиллашмоқда
Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш мақсадида 2017 йил 3 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармони қабул қилинди. Фармон асосида «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастури» тасдиқланди. Дастур ижросини таъминлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда ҳудудий чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда ҳудудий чора-тадбирлар режаларини амалга ошириш юзасидан ишчи гуруҳлар тузилиб, қуйидаги ташкилий тадбирлар амалга оширилмоқда:
- Фармон мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича ўқув семинарлари ўтказиш;
- ҳудудий Кенгашлар раисларининг ўринбосарлари лавозимларига ҳамда фуқаролар йиғини раисининг ўринбосарлари - кексалар ва фахрийлар ҳамда ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчилари лавозимларига муносиб номзодлар рўйхатини шакллантириш;
- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар ташкилий йиғилишини ўтказиш;
- ҳудудида 2000 ва ундан ортиқ оилалар мавжуд бўлган маҳалла фуқаролар йиғинларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими бўйича қўшимча штат бирликларини жорий этиш ҳамда тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
- таркибида маҳаллалар тузилган шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маҳалла фуқаролар йиғинларига бирлаштириш ва бўлиш йўли билан қайта ташкил этиш;
- шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинларини қайта ташкил этиш муносабати билан ишдан бўшатилган ходимларнинг бандлигини таъминлаш;
- аҳолини янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, бўш иш ўринлари ҳақида хабардор қилиш мақсадида фуқаролар йиғинлари биноларида ахборотлар пешлавҳалари яратиш ва маълумотларни мунтазам янгилаб бориш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
- фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳафталик, ойлик, чораклик иш фаолиятлари бўйича намунавий иш режаларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
- 2017 — 2021 йиллар мобайнида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, болалар спорт майдончалари, маиший хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш чора-тадбирлари бўйича ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш.
Хусусан, ҳудудий чора-тадбирлар режаларига мувофиқ, март ойида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича шаҳар ва туман кенгашларининг ташкилий йиғилишлари бўлиб ўтди. Ташкилий йиғилишларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгаш аъзоларини, ижро аппаратининг тузилмаси (структураси)ни, низомини, ҳудудий кенгашининг раиси, биринчи ўринбосари, раиснинг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича, ёшлар ишлари бўйича, диний-маърифий масалалар бўйича ўринбосарлари лавозимларига номзодларни тайинлаш ҳамда йиллик иш режаларини тасдиқлаш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, Республика кенгаши таъсис Конференциясида иштирок этиш учун ишончли вакил ва ҳудудий кенгаш ташкилий йиғилишида иштирок этиш учун делегатлар сайланди ҳамда кўриб чиқилган масалалар юзасидан ташкилий йиғилиш қарорлари қабул қилинди.
Ҳозирда ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Кенгаши ташкилий йиғилишини ўтказиш учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлар мамлакатимизда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириши, жамиятда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришда маҳаллаларнинг аҳамияти ва нуфузини янада ошириши, фуқаролар йиғинларининг ёшларни маънавий бой ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини, кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлашда давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаши, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини кучайтиришда маҳаллаларнинг бевосита иштирокини кенгайтириши, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳамда улар фаолиятини мувофиқлаштиришнинг самарали механизмларини жорий этилаётгани билан аҳамиятлидир.
Бехзод Султанов,
Институтнинг етакчи мутахассиси