Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг ҳуқуқий асослари

Сайлов - ҳар қандай мамлакатнинг демократик табиатини намоён этади. Боиси сайлов туфайли фуқаролар давлат ва жамият ҳаётига дахлдор бўлган масалада ўз хоҳиш-иродаларини ифода этадилар. Давлат ҳаётида ўз овози ва ўз ўрни борлигини ҳис этадилар. Ўтган сайловда фуқароларнинг сайлов жараёнига қизиқиши, унда фаол иштирок этиши сайловдан сайловга ўсганлиги яққол билинди.

2016 йилнинг 9 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кунини эълон қилди. Унга кўра 2016 йилнинг 4 декабрь Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилади. Ўзбекистон  Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2016 йил 9 сентябрдаги 728-сон Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури тасдиқланди.

Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан биргаликда давлат ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари орқали фаол ўтказилмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, навбатдаги сайловларга тайёргарлик жараёнида ҳам аҳолини сайлов жараёнига қизиқишларини ошириш, айниқса хотин-қизлар ҳамда биринчи бор сайловда иштирок этадиган ёшлар ўртасида Президент сайлови, унинг ҳуқуқий асослари ва тартиб-қоидалари ҳақида кенг тарғибот ишларини олиб боришга аҳамият берилди. Бу нарса давлатимиз томонидан аҳолини барча қатламларини сиёсий фаоллигини оширишга қаратилаётган юксак эътиборнинг ўзига хос кўринишидир.

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ташкил этиш ва ўтказишнинг мукаммал қонунчилик базаси шаклланган.  Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови принциплари, муддати, сайлов цензлари белгиланган бўлса, 117-моддада Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ташкил этиш ва ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ваколатига кириши белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган нормалардан келиб чиқиб, бир қатор қонун ҳужжатларида Президент сайловини ўтказиш тартиб-қоидалари батафсил кўрсатилган. Хусусан, «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бу ҳуқуқ фуқароларнинг референдумларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайловида қатнашиши орқали амалга оширилади (1-модда).

«Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунида фуқароларнинг Президент сайловида иштирок этишга доир ҳуқуқлари баён этилган. Қонуннинг 4-моддасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 90-моддасида назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Президентлиги учун номзод кўрсатишга қўйилган талаблар кўрсатилган. 6-моддада: «Сайловчилар қаерда бўлишларидан қатъи назар, уларга референдумларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайловларида бевосита қатнашиш ҳуқуқи кафолатланади», дейилган бўлса, 12-моддада «Сайловчилар умумхалқ овозга қўйилган қарорларни, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларни ёки ҳокимиятнинг вакиллик органларига кўрсатилган номзодларни ёқлаб ёки уларга қарши ташвиқот юритиш ҳуқуқига эгадирлар», дея белгиланган.

Ўзбекистонда сайловлар ва референдумларни ташкил этувчи тузилма сифатида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолият кўрсатади. Марказий сайлов комиссияси бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишга масъул ҳисобланади. Унинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир ваколатлари «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонун билан бирга,  «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги қонунда ҳам ифодаланган.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни Президент сайловини ташкил этиш ва ўтказишга доир ҳуқуқий муносабатларни тартибга солади. Қонунда  Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш принциплари, сайлов комиссиялари фаолияти,  сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишдаги ошкоралик,  Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг молиявий таъминоти, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик каби  масалалар қамраб олинган.

Сайлов кампанияси бошланганлигини эълон қилиш ва сайлов комиссияларини тузиш тартиби ҳам батафсил кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси,  округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссияларини тузиш, уларни ваколатлари, округ ва участка сайлов комиссияларига аъзолик, сайлов комиссияларининг ишини ташкил этиш, сайловчиларнинг рўйхати ва уни тузиш тартиби ва ҳоказолар кўрсатиб ўтилган.

Шу билан бирга,  Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи ва тартиби, номзодларни рўйхатга олиш,  номзодлик мақомидан маҳрум этиш, номзодликдан воз кечиш, сайлов бюллетени масалалари, сайловолди ташвиқоти, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ҳуқуқларининг кафолатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг ишончли вакиллари,  овоз бериш ва сайлов якунларини чиқариш тартиби  аниқ ифодаланган.

Сайлов жараёнининг ҳуқуқий асослари сифатида Маъмурий жавобгарлик кодексининг V1 – бобини ҳам келтириш мумкин. Ушбу қўшимча боб 2014 йил 4 сентябрда мазкур кодексга киритилган. Маъмурий жавобгарлик кодексининг V1 – бобида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорларини ижро этмаслик,  номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузиш, сайловолди ташвиқотини, референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш,  номзодлар, сиёсий партиялар тўғрисида ёлғон маълумотларни тарқатиш, сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва сайлов ёки референдум ўтказиш жараёнида ахборот ҳамда ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш,  сайловни ёки референдумни молиялаштириш тартибини бузиш, жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов ёки референдум натижалари тахминларини чоп этиш (эълон қилиш) тартибини бузишга нисбатан маъмурий жавобгарлик кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 146-, 147- моддаларида сайлов қонунчилигини бузганлик учун жиноий жавобгарлик ҳолатлари белгилаб қўйилган. Хусусан, 146-моддада сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, 147-моддада сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакил ваколатларининг амалга оширилишига тўсқинлик қилиш ҳолатлари бўйича жавобгарлик кўзда тутилган.

Умуман олганда, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш билан боғлиқ жараённи ҳуқуқий тартибга солиб турадиган мукаммал қонунчилик қонунчилик яратилган. Бундай ҳуқуқий асослар юртимизда сайловларни демократик тарзда ташкил этиш ва ўтказиш имкониятини бермоқда. Шу боис Ўзбекистон сайлов қонунчилиги ҳеч бир давлатдан қолишмайдиган нормаларга эгалиги билан халқаро экспертлар эътирофига сазовор бўлиб келмоқда.

Сарвар Бахритдинов,

Тўйчи Ахмедов,

Институтнинг  Жиззах ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассислари