Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

“Сиз қонунни биласизми?” танловининг Тошкент шаҳар ҳудудий босқичи ўтказилди

Республикамизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда  ёшларни, шу жумладан пойтахт ёшларини фаол иштирокини таъминлаш, сўнгги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини англаб етиши ва чуқур билимларга эга бўлиши, уларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, жамият ҳаётидаги ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда ўз иқтидорларини намойиш этиши учун  анъанавий тарзда ҳар йили “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар Кенгаши, Ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ҳамда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси билан  ҳамкорликда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида “Сиз қонунни биласизми?” танловининг Тошкент шаҳар босқичи ўтказиб келинади. Мазкур тадбирнинг навбатдагиси Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида юқори савияда ўтказилди.

Танловда Бектемир туманидан Республика телевидения ва радио касб-ҳунар коллежи, Мирзо Улуғбек туманидан ТИМИ қошидаги “International house in Tashkent ” академик лицейи, Миробод туманидан П.Ф.Боровский номидаги Тошкент тиббиёт коллежи, Олмазор туманидан Қурилиш ва миллий хунармандчилик касб-хунар коллежи, Сергели туманидан Тошкент молия ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи, Учтепа туманидан Тошкент юридик коллежи, Шайхонтоҳур туманидан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги Шайхонтоҳур академик лицейи, Яшнобод туманидан Тошкент педиатрия ва тиббиёт институти кошидаги академик лицейи, Чилонзор туманидан 1-Тошкент педагогика коллежи, Юнусобод туманидан Тошкент давлат шарқшунослик институти қошидаги Юнусобод академик лицейи ҳамда Яккасарой туманидан Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти қошидаги академик лицейларидан туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган 11 та жамоа иштирок этди.

Танловнинг биринчи шартида гуруҳлар ўзи таҳсил олаётган таълим муассасасида яратилган шароитлар, илмий ижод ва малакавий изланишлар учун мавжуд имкониятлар, сўнгги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириб бердилар. Шунингдек, жамоалар “Таништирув”, “Ҳуқуқий билимлар савиясини аниқлаш” деб номланган савол-жавоб, видеоролик тақдимоти, “Уй вазифаси” ҳамда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокамаларидан иборат бўлган 5 та шартга кўра беллашдилар.

Танлов жараёнида ёшларимизнинг мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларни тўлқинланиб, эркин ифода этишлари уларда ўз ватанига, қонунларга нисбатан ҳурмат туйғуси нақадар юқори эканлигини яна бир карра кўрсатгани барчани қувонтирди. Туман босқичларида ғолибликни киритган жамоалар бажарилган шартлар давомида ўқувчи-ёшларимизни дарс жараёнида ва бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари ҳамда саҳна кўринишлар орқали зарарли иллатлар олдини  олиш бўйича кўплаб қизиқарли таклифларни олға сурдилар.

Танлов натижаларига кўра, Чилонзор туманидан 1-Тошкент педагогика коллежи 3-ўринни, Сергели туманидан Тошкент молия ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи 2-ўринни, ҳар томонлама пухта тайёргарлиги билан, барча шартлар бўйича ғолибликни қўлга киритган Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги Шайхонтоҳур академик лицейи танловнинг 1-ўрин ва Республика босқичига йўлланмани қўлга киритдилар.

Тадбир сўнгида иштирок этган жамоалар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари ҳамда дипломлар билан тақдирландилар.

Шуни айтиш жоиз мазкур тадбир, йил сайин оммалашиб, унда иштирок этаётган жамоалар пухта тайёргарлиги билан ўзларини ва шу тариқа таҳсил олаётган таълим муассасасида берилаётган билим ҳамда кўникмаларини намоён қилиб келмоқдалар.

 

                                                                           

Х.Кучкарова

 ФЖШМҚМИ Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси

бош мутахассиси