Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

Жамоатчилик назоратини амалга оширишда ОАВ роли

Мустақилликнинг илк йиллариданоқ Ўзбекистон ривожланишнинг демократик тамойилларга асосланган кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлини танлади. Айтиш лозимки, мамлакатимизда ўтган давр мобайнида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиши туфайли, ахборот соҳасини ислоҳ қилишда, оммавий ахборот воситаларини либераллаштиришда, шунингдек, сўз эркинлигини таъминлашда улкан натижаларни қўлга киритди. 

Жумладан, бугунги кунга келиб Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг ривожланиши учун барча ташкилий ва ҳуқуқий асослар яратилган. Сўнгги йилларда юртимизда оммавий ахборот воситалари соҳасида 10 га яқин қонун қабул қилиниб, кўплаб қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида» (янги тахрир), «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида», «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида», «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида», «Ноширлик фаолияти тўғрисида», «Реклама тўғрисида» каби Ўзбекистон Республикаси Қонунлари шулар жумласидандир.

Айниқса, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг ҳаётга изчил татбиқ этилиши матбуотимиз ривожида, фуқароларнинг ахборот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини таъминлашда, энг муҳими, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини кучайтиришда янги саҳифани очди.

Олиб борилган ислоҳотлар натижасида миллий ОАВнинг сон ва сифат кўрсаткичи ошганлигини қайд этишимиз мумкин. Жумладан, бугунги кунда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари сони 1,4 мингдан зиёдни ташкил этади. Эътиборлиси, босма нашрларнинг 60 фоизи, телерадиоканалларнинг 67 фоизи нодавлат оммавий ахборот воситаларидир.

Шунингдек, мамлакатимизда миллий масс-медиа томонидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга, олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида кенг жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини кучайтиришга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш учун шароит яратишга қаратилган ислоҳотларга аълоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу ўринда Президентимиз томонидан илгари сурилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да қўрсатиб ўтилган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилиниши алоҳида аҳамиятга эга бўлди.

Барча яратилаётган шарт-шароитлар, тақдим этилаётган имконият ва имтиёзлар миллий журналистикамизнинг сифатини ва профессионаллигини ошириши, матбуотимизнинг жамият ва давлат ўртасидаги кўприк вазифасини самарали бажаришга хизмат қилсагина ўзини оқлаган, ўз мақсадига етган ҳисобланади.

Ҳар бир оммавий ахборот воситалари у газета бўладими, телерадио ёки Интернет тармоғидаги сайтларимизми, мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсати, юртимизда ва хорижда бўлаётган воқеаларни холисона ёритиш, медиа-маҳсулотлар тайёрлашда журналистлар маҳоратини намоён этиш орқали халқимиз ҳаётида ўз кучига эга бўлмоғи лозим.

Жамиятнинг фикрини шакллантириш, миллий ўзлигимизни англаш, бебаҳо маънавий меросимизни асраб-авайлаш ва халқимизга етказиш борасида оммавий ахборот воситалари ходимлари олдида турган долзарб вазифалар ҳақида сўз юритар эканмиз бугунги кунда ОАВнинг вазифалари ҳам, улар олдига қўйиладиган талаблар ҳам кўп. Лекин энг асосий, ҳал қилувчи талаб – ҳақиқатни, ҳаётни тўлақонли акс эттиришдан иборат. Зеро, ҳақиқат журналистиканинг ўзгармас ва доимий шартидир. Айни вақтда матбуот ва эфир орқали ҳақиқатни ёритиш, одамларга етказиш ҳар қайси журналистнинг билим ва тажрибаси, унинг профессионал маҳоратига, фуқаролик позициясига боғлиқ.

Шу ўринда Давлат раҳбарининг фикрларини айтиб ўтиш мақсадга мувофиқдир: “...бугун биз яшаётган янги давр, янгича ижтимоий муносабатлар оммавий ахборот воситаларининг олдига тез суратлар билан ўзгариб, ривожланиб бораётган жамиятимизнинг талабларига ҳар томонлама муносиб бўлиш, одамларни ўйлантираётган, безовта қилаётган муаммоларга жавоб излаш, уларни кун тартибига қўйиб жамоатчилик фикрини шакллантириш бўйича ўта муҳим ва долзарб вазифаларни қўймоқда”.

Шу ўринда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан олиб борилган ишларга эътиборингизни қаратмоқчиман. Институт томонидан олиб борилаётган мониторинг натижаларига асосланган ҳолда шуни таъкидлаш лозимки, босма нашрлар саҳифаларида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги долзарб масалалар ечимида маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фаолияти холис танқид остига олинган таҳлилий ва танқидий мақолалар сони сезиларли даражада ўсган, шунингдек, ана шу материалларда кўтарилган аксарият муаммолар секин-асталик билан ўз ечимини топмоқда.

Жумладан, республикадаги босма нашрларни ўрганиш мобайнида “Ҳудудий газеталар мониторинги якунлари” чораклик тўпламларини тайёрлаш амалиёти биринчи марта ва самарали йўлга қўйилди. Улардан ижтимоий-сиёсий йўналишдаги ҳудудий нашрларда чоп этилган танқидий ва таҳлилий руҳдаги энг муҳим материаллар жой олди. Шулар билан бир қаторда танқидий материаллар чоп этилиши ва уларда кўтарилган муаммолар ечимига тегишли давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органларининг муносабати тизимли равишда мониторинг қилинди.

ОАВнинг ҳозирги таҳлили босма нашрлар саҳифаларида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги долзарб масалалар ечимида маҳаллий давлат ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолияти холис танқид остига олинган ахборий-таҳлилий материаллар муайян даражада ўсганини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, масалан ўтган йилда миллий матбуот ривожи таҳлилига кўра, жойларда жамоатчилик ҳаётнинг барча соҳаларини демократлаштириш ва либераллаштириш борасида фаоллашуви тенденцияси кузатилмоқда. Бу эса, биринчи навбатда, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва тафаккури даражаси ошиб бораётганидан; иккинчидан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг босма нашрларда берилган танқидий-таҳлилий материалларда кўтарилган масалалар ечимидаги иштироки даражаси ўсаётганидан далолатдир.

Чунончи, 2012 йилда миллий босма ОАВда 659 та шу руҳдаги мақолалар чоп этилган бўлса, 2014 йилда ушбу кўрсаткич 2452 тани, жорий йилнинг 9 ойида 2489 тани ташкил этди.

Мониторинг натижаларига кўра, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида жами 2489 танқидий – таҳлилий мақолалар чоп этилга бўлиб, шундан 650 таси танқидий, 1839 ижтимоий аҳамиятга молик мақолалардир.

Ҳудудлар кесимида танқидий материаллар эълон қилиш бўйича Тошкент (102 та) ва Самарқанд вилоятлари (89 та) босма нашрлари етакчиликни эгаллаб туришибди.

Шу билан бирга, ўрганиб чиқилган танқидий материалларда (650 та) давлат органлари фаолияти – 85 (13%), коммунал хўжалик – 94 (14,5%), таълим тизими – 60 (9,2%), йўл-транспорт соҳаси – 106 (16,3%), тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш соҳаси – 80 (12,3%), фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти – 44 (6,8%), қишлоқ хўжалиги – 39 (6%), банк фаолияти – 14 (2,2%), маданият ва спорт – 30 (4,6%) йўналишларидаги  ва бошқа долзарб муаммолар 83 (12,8%) кўтарилган. 

Олинган маълумотларга кўра, 2015 йилнинг 9 ойи мобайнида босма ОАВда чоп этилган 650 та танқидий мақоладан 298 тасида (45,8%) кўтарилган муаммоларни бартараф этиш юзасидан давлат ва хўжалик органлари томонидан тегишли чоралар кўрилди ва муаммолар ўз ечимини топди.

Ҳудудлар кесимида танқидий мақолаларда кўтарилган муаммоларни ҳал этишда Тошкент вилоятидаги давлат органлари фаоллик кўрсатган – 102 та танқидий мақолалардаги муаммолардан 63 таси тегишли ташкилотлар томонидан кўриб чиқилган ва чоралар кўрилган. Бундай натижаларни Андижон ва Самарқанд вилоятларида ҳам кузатиш мумкин.

Маҳаллий давлат ҳокимликлари ва оммавий ахборот воситаларининг ўзаро ҳамкорлиги аҳолини ўйлантираётган муаммоларни кўтариб чиқиш, уларни ҳал қилиш учун асосли, амалий ва конструктив таклифлар олишда қўл келмоқда. Мисол учун, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва “Тошкент ҳақиқати” газеталари ўзаро ҳамкорликда туманлардаги экологик вазият, ободонлаштириш, таълим масканлари, тиббиёт муассасаларидаги ачинарли ҳолатлар, коммунал тўловлар бўйича қарздорлик, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашдаги қоғозбозликлар юзасидан танқидий мақолалар, фоторепортажлар бериб боришни йўлга қўйган. Ва албатта, газетанинг кейинги сонларида ушбу муаммолар ечимига бир неча маротаба эътибор қаратилган. Биздаги маълумотларга кўра, вилоят ҳокимлиги томонидан газетада эълон қилинган муаммолар юзасидан амалий ишлар кўриб борилади. Жумладан:

1. “Пискент хаёти” газетасининг 2015 йил 11 июль 32-сонида “Тозалик кунда керак” мақоласи чоп этилган. Унда Пискент тумани савдо мажмуаларининг антисанитар ҳолати танқид қилинган. Ушбу масала туман ҳокимияти мажлисида кўтарилган бўлиб, мақолада кўрсатилган муаммоларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган.

Бундан ташқари бошқа вилоятларда ҳам мақолаларда кўтарилаётган муаммоларга нисбатан чора кўриш тажрибаси қўлланиб келинаётганини айтиб ўтишимиз лозим.

2. “Бўстонлиқ овози” (Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани) газетасининг 2015 йил 3 июльдаги 27-сонида берилган “Қабрдаги тиканак”  мақоласини мисол қилиб келтириш мумкин. Бу мақолада Бўстонлиқ туманидаги қабристонлар ҳолати танқид остига олинган. Кўп ўтмай, таҳририятга туман ободонлаштириш бўлими томонидан чора кўрилганлиги ҳақида хабар берилган.

3. “Андижоннома” газетасининг 2015 йил 11 июль 57-сонида “Ваъдага вафо истасалар...” мақоласида Андижон шаҳри, Шаҳрихон ва Пахтаобод туманларидаги “Камолот уйлари” қурилиш ишлари кечиктирилаётгани танқидга олингна. Ушбу масала юзасидан Андижон шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчиси томонидан хат йўлланган бўлиб, унда ушбу масала ҳокимлик мажлисида муҳокама қилиниб, тегишли чоралар кўрилгани ҳақида маълумот берилган.

4. “Зарафшон” газетасининг 2015 йил 11 август 102-сонида “Раҳбар масъулияти ва ибрати халқ таълими муассасаларида кўзга ташланяптими?” мақоласида Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида жойлашган бир қатор мактабларнинг ўқув йилига тайёргарлик ҳолати ва Қўширобод, Булунғур, Жомбой туманлари  ва Каттақўрғон шаҳридаги бир нечта мактабгача таълим муассасаларининг антисанитар ҳолати танқид қилинган. Ушбу масалалар юзасидан тегишли чоралар кўрилиб, бир нечта масъул шахслар ўз лавозимидан бўшатилган.

Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, таҳририятлар ва фуқаролар ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг кучайиши, шунингдек, масъул ташкилотлар иштироки туфайли танқидий материалларда ёритилган турли вазиятлардаги кўплаб масалаларга ечим топилмоқда.

Бинобарин, мамлакатимизда ҳар жабҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик, янгиланиш жараёнлари ҳар биримизга ғурур ва мамнуният бағишлаши, табиийдир. Шундай экан, журналистларнинг ўз масъулиятини теран англаган ҳолда ахборотни ҳолис ёритишда фаол иштирок этиши Ватанимиз равнақи, юртимизнинг янада гуллаб-яшнаши, ҳалқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришдек эзгу ишларимизнинг рўёбига хизмат қилади.

    

Азиз Шигаев, М.Хайридинова,

Институт мутахассилари

 

Мақола “Жамият” газетасининг 2016 йил 8 январь 2(482)-сонида чоп этилган