Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
Ёшлар тарбиясида оиланинг ўрни
Куни кеча Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида «Ёшларни миллий руҳда тарбиялашда оиланинг ўрни: муаммо ва ечимлар» мавзуида семинар ташкил этилди. «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастури доирасида ташкил этилган мазкур семинарда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Юристлар малакасини ошириш маркази, «Ижтимоий фикр» жамоатчилик маркази, «Оила» илмий-амалий маркази мутахассислари иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёш оилаларни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, оила фаровонлигини таъминлаш ҳамда ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган фармонлар, қарорлар ҳамда ҳаракат дастурлари доирасида давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ҳамкорлигини янада кучайтиришдан иборатдир.
Шунингдек, ушбу тадбир никоҳланувчи ёшларнинг тиббий кўригини ташкил қилиш, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларни эрта турмушга чиқишига, шу жумладан, ноқонуний равишда шаърий никоҳдан ўтишига йўл қўймаслик, ёш оилалар турмуши бузилишининг олдини олиш бўйича амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга йўналтирилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
– Бугунги кунда мамлакатимизда «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастури доирасида оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, ёш оилалар ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, оила саломатлиги, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини ривожлантириш, шунингдек, баркамол авлодни тарбиялашда оиланинг ролини ошириш борасида бир қатор самарали ишлар амалга оширилаётир, – дейди Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Муҳаббат Зоҳидова. – Мазкур йўналишларга жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 1,1 триллион сўм маблағ ажратилди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Давлат дастурини амалга ошириш учун жами 1478,7 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, семинар иштирокчиларига Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ва бир қатор мутасадди ташкилотлар томонидан олиб борилган социологик тадқиқотлар ҳамда изланишлар натижаси тақдим этилди. Унда ёшлар ўртасида учраётган ажралишларнинг асосий сабаби сифатида уларда ҳаётий кўникма ва тажриба етишмаслиги, оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги қайд этилган.
Юнусжон АБДУЛЛАЕВ,
27.07.2012 й. № 29