Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

Тафаккур ўлчовидаги бахт

Бахт мезонлари турлича, аммо соғлом тафаккур ўлчовидаги бахт – меҳру-муҳаббат ва марҳаматга йўғрилган оилавий фаровонликдир.
Оила фуқаролик жамияти институтларининг энг муҳим бўғини бўлиб, ўзида уч жиҳатни: никоҳни, оилавий фаровонликни ҳамда болалар тарбиясини жамлайди. Соғлом оила поклик ва софликка, икки томонлама муҳаббатга, садоқат ва вафодорликка асосланади. Бундай оила фарзандларни тарбиялаш, ундаги аъзоларнинг маънавий ва жисмоний камолотини юксалтириш билан бирга одамларни эзгу мақсад сари жипслаштиришга, қолаверса, иқтисодий-ижтимоий тараққиётни таъминлашга хизмат қилади. Бундан кўринадики, фуқаролик жамияти ривожи оиланинг ижтимоий аҳамиятини, мавқеини ошириш билан бевосита боғлиқ.
Айтиш ўринлики, соғлом оилавий муҳит соғ¬лом авлоднинг камол топишида муҳим омил бўлиб, инсоннинг тақдири, ҳаётдаги ўрни ва ютуқлари, дунёқараши шаклланишига мустаҳкам замин яратади. Шу боис юртимизда оилага давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилнинг «Мустаҳкам оила йили» деб эълон қилиниши ҳам бу борада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг узвийлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, бу жараёнда аждодлардан мерос бўлиб келаётган оила қўрғонини мустаҳкамлаш борасидаги ўзига хос анъана ва қадриятлар янада сайқал топиб, оилада юксак маънавий-ахлоқий муҳитни қарор топтириш учун зарур шарт-шароит яратиш, ёшларни оила қуришга тайёрлаш, оилалар мустаҳкамлиги ва манфаатларини таъминлаш, соғлом фарзандни вояга етказишга янада катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда хотин-қизлар қўмиталари ҳамкорлигида умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежларида давра суҳбатлари уюштирилиб, оилавий муносабатларнинг ҳуқуқий асослари, ижтимоий аҳамияти, оиланинг жамият олдидаги мажбурияти ёшларга тушунтирилмоқда. Айниқса, маҳаллаларда «Оила сабоқлари», «Соғлом авлод учун», «Оила этикаси», «Оила тинч, маҳалла тинч», «Мустақил ҳаёт бўсағасида» каби тадбирларнинг ўтказилиши ўғил-қизлар онгига намунали оила барпо этишдек эзгу-мақсадларни жо этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга ўзаро ҳурмат, қадр-қимматни ўрнига қўйиш, меҳр-муҳаббат, оқибат, ҳамжиҳатлик каби сифатлар янада мустаҳкамланмоқда.
Жорий йилнинг 26 апрелидан бошлаб кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонуни мамлакатимизда оиланинг жамиятда тутган ўрнини янада ошириш, уни ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий-ахлоқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида яна бир муҳим қадамлардан бири бўлди. Зотан, оиланинг барқарор даромад манбаига эга бўлиши рўзғор тўкинлигида, фарзандларнинг муносиб турмуш шароитида камолга етишида, пировардида оила мустаҳкамлигида муҳим ўрин тутади.
Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда мамлакатимизда оила институтини янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар фарзандларимизнинг соғлом ва баркамол вояга етишига, турмушимиз тўкис, ҳаётимиз янада фаровон бўлишига хизмат қилмоқда.
Яшнар ХУДОЙБЕРГАНОВ,
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент вилоят бўлими бош мутахассиси
“Жамият”, № 24, 22.06.2012 й.