От сильного государства к сильному гражданскому обществу

Фотогалерея

Национальные партнёры

Международные партнёры

Инсон ҳуқуқлари таъминланишининг конституциявий кафолатлари

Бош қомусимиз ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 24 йил давомида мустақиллигимизнинг ҳуқуқий асоси сифатида хизмат қилиб келмоқда. Конституциямиз ўзида халқаро умумэътироф этилган тамойилларни мужассам этган ҳолда жамият ҳаётидаги барча соҳаларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси ҳамда кафолати ҳисобланади. Асосий қонунимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ таъминланган бўлиб, уларнинг давлат ва жамият бошқарувида эркин иштирок этиши инсон ҳуқуқлари ва уларнинг кафолатлари сифатида ифодаланган. Конституциянинг иккинчи бўлими инсон ва фуқаро ҳуқуқлари, уларнинг кафолатларига бағишланган.

Айнан мустақиллик йилларида Конституциямиз негизида шакллантирилган қонунчилик асосида кенг қамровли ижтимоий – сиёсий ўзгаришлар рўй берди, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятига хос замонавий тузилмалар шаклланди.

Бош қомусимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, уларни таъминланишининг ҳуқуқий кафолатлари, фуқароларнинг асосий бурчлари масалаларига катта эътибор берилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Ўзбекистонда мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш йўлида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан  БМТнинг Инсон ҳуқуқлари Декларациясини ратификация қилиниши бу соҳадаги катта бир қадам бўлди.

Бош қомусимизда Ўзбекистон Республикасидаги барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенглиги, имтиёзларни фақат қонун билан белгилаб берилиши ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос келиши кўрсатиб берилганлиги юқорида келтирилган сўзларнинг яққол далилидир.

Юридик амалиётда инсон ҳуқуқлари уч гуруҳга бўлинади: шахсий, сиёсий ва ижтимоий – иқтисодий ҳуқуқлардир.

Шахсий ҳуқуқ деганда, инсонларнинг эркинлиги ва шахсий даҳлсизлиги тушунилади. Шу билан бирга, фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, турар – жой даҳлсизлиги кабилар ҳам инсонларнинг шахсий ҳуқуқлари сирасига киради. Инсонларнинг шахсий ҳуқуқларини ҳеч қандай сабаб билан чеклаш мумкин эмас. Бу уларнинг узвий ҳуқуқи ҳисобланади.   

Сиёсий ҳуқуқларга фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш, бевосита ёки ўз вакиллари орқали давлат ва жамият бошқарувида иштирок этиш, қонунга мувофиқ митинг ва намойишлар ўтказиш, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларига бирлашиш кабиларни киритиш мумкин. Шунингдек, фуқаролар референдумларда иштирок этиш, давлат органлари ва мансабдор шахсларга ариза ва шикоятлар билан мурожаат қилиш орқали ҳам ўз сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланишлари мумкин.

Инсонларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари эса мулкдор бўлиш, меҳнат қилиш, малакали тиббий ёрдам, бепул умумий таълим олиш, эркин касб танлаш, қонунга мувофиқ ижтимоий таъминотлардан фойдаланиш каби ҳуқуқларни қамраб олади.

Конституциямизнинг иккинчи бўлимида фуқароларнинг шахсий, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини алоҳида бобларда (VII, VIII, IX) белгилаб берилганлиги юртимизда инсон ҳуқуқлари кафолатларига юқори даражада эътибор берилаётганлигидан далолат беради. 

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси кафолатланган ҳуқуқий-демократик мамлакатда фуқаро ва давлатнинг бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари бевосита боғлиқ бўлади. Шу сабабли ҳуқуқий-демократик давлат шаклланишининг асосий мезонларидан бири бўлиб, инсон ва фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини Конституция ва қонунларда белгилаб қўйилиши ҳисобланади. Шуни ҳам таъкидлаб ўқиш жоизки, фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари лозим.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республика Конституцияси мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг нафақат ҳуқуқий, балки ижтимоий асоси сифатида намоён бўлиб, айнан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоясининг асосий ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Шерзод Сатторов,   

Институтнинг  катта мутахассиси