Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

Маънавий мезонлар ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?

Маънавият инсоннинг руҳий оламига, хулқу одобига ОИДЛИГИ, ҳуқуқ эса қонунчилик негизида шакллангани боис уларнинг ўзаро боғлиқлиги бир қарашда яққол кўзга ташланмайди. Шундай экан, қонунларнинг ҳаётга татбиқ этилишига аҳоли маънавиятининг ёки аксинча, маънавиятимизга қонунчиликнинг таъсири қандай? Шу хусусда бироз фикр юритсак.
ДАВЛАТИМИЗ раҳбарининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида: “Маънавият – инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларининг мезонидир”, дейилади. Мазкур эътироф, аввало, маънавият инсон дунёқарашининг мезони эканлигини ва инсон ҳуқуқий-сиёсий фаоллигини оширишини таъкидлайди.
Инсон дунёқараши мезонлари нимада кўринади? Инсон бўлаётган воқеаларга ўз маънавиятига таяниб “тўғри” ёки “нотўғри” дея муносабат билдиради. Айтайлик, Конституциямизнинг 117-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади” деб белгиланган. Демак, ҳар бир фуқаро ўз овозига ўзи эгалик қилиши лозим. Ана шу эгалик муносабатига эътибор қаратилса, инсонлар маънавий мезонидаги фарқни кузатиш мумкин.
Масалан, оиланинг 18 ёшдан ошган ҳар бир аъзоси сайлов участкасига бориб ўзи овоз берса, бу уларнинг мазкур сиёсий жараён аҳамиятини англаб етганидан, ўзининг ва мамлакат такдирига бефарқ эмаслигидан далолат беради. Агар сайлов участкасига боришга эриниб, оиланинг бир аъзоси ҳамма учун овоз бермоқчи бўлса, бу оила аъзоларининг ҳуқуқий саводсизлиги билан бирга бефарқ ва қайсидир маънода маънавиятсиз эканлигини кўрсатади.
Биринчи ҳолда маънавиятли оила аъзолари Конституция ва қонунчиликни билади, ўзининг тақдирини кимга, қайси депутатга топшираётганига бефарқ бўлмайди. Сайловда иштирок этишни “тўғри” деб ҳисоблайди. Иккинчи маънавий заиф оила эса бефарқлиги туфайли сайловда овоз беришга оворагарчилик сифатида қарайди. Шунинг учун маънавиятсиз инсон овора бўлмасликни “тўғри” ҳисоблайди. Бу бефарқлик натижасида, номуносиб депутат сайланиши ва у беш йил сайловчининг муаммоларига беэътибор юриши мумкин. Шу зайлда аҳоли маънавияти қонунлар ҳаётга татбиқ қилинишига таъсир кўрсатади.
Аҳоли маънавияти юксалиши, биринчидан – аҳоли ҳушёрлиги ва сиёсий ҳуқуқий фаоллиги ортишида кўринади. “Қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Ва аксинча – қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади”. Мамлакатимиз раҳбари асарида айтилган бу эътироф маънавият ва сиёсий фаоллик орасидаги боғликликни кўрсатади. Одатда, бепарволик – мавжуд вазият долзарблигини англаб етмасликдан, муаммо илдизларини фаҳмламаслик оқибатида вужудга келади. Чунки, нисбийликда устуворликни белгилашда инсон ўз маънавий мезонларига таянади. Айтайлик, бир уй ёнаяпти. Уйда кўп нарсалар қатори беш аср аввал ёзилган қўлёзма асар ва бир қанча пул солинган қути бор. Ҳар бир вазиятга моддийлик – фойда-зиён нуқтаи назаридан баҳо берадиган киши, албатта, пулга чопади. Пулдан аввал китобни сақлаб қолишга интилиши учун уй эгаси китобнинг кўпроқ манфаатли эканини, у ёниб битса жамиятга қанчалар зарар етишини англаши керак. Яъни унда шаклланган маънавий мезонда билим манбаи саналмиш китоб пулдан юқори баҳоланиши лозим. Ҳар бир вазият ёки воқеа шу зайлда маънавий мезонга таяниб баҳоланади.
Аҳоли маънавияти юксалиши, иккинчидан – жамоатчилик фикри орқали мафкуравий иммунитетни ошириб, маънавий тахдидларни бартараф этишда қўл келади.
“Миллий тикланиш” газетасининг 2011 йил 9 февраль сонида чоп этилган Муҳаммаджон Қуроновнинг “Севишганлар куни” – “оммавий маданият” байрами” номли мақоласида шундай дейилади:
“Маънавий таназзулнинг оқибатлари бугун жаҳонда кўп кузатилади. “Севишганлар куни”ни байрам қилувчилар кўпайгани сари садоқат камайиб, ажримлар кўпая бормоқда. Россиянинг “Известия” газетасида мамлакатда кейинги йилларда ҳар 1000 оиладан 800 таси ажрашаётгани эълон қилинди. Оқибатда 400000 нафар вояга етмаган болалар тирик етимга айланмокда. Турмуш қуриш ёшида, бироқ оила қурмаганлар сони 40 фоизга ошган.
Бир қараганда, инсоннинг энг олий туйғуларидан бири – севги, муҳаббатга бағишланган бу байрамнинг нимаси ёмон, деган савол туғилади. Муаммо – севгининг “ёшара бораётгани”, тажрибасиз, вояга етмаганларнинг ўзларини балоғат ёшида ҳис қилишлари, камида 3-5 кун давомида (“байрам”га тайёргарлик, нишонлаш) ёшларнинг ўқишдан, ишдан, ижтимоий ҳаётдан четда ушлаб турилиши ҳамда ушбу буюк туйғунинг тижорийлаша бораётганида.”
Муаллиф таъкидича, “севишганлар куни” деб тарғиб қилинаётган байрамнинг оммалашувида: 1.Ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик. 2.Индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш. 3. Шунинг ҳисобидан бойлик орттириш. 4.Бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпориш каби маънавий таҳдидларни санаб ўтади.
Мазкур мақола тимсолида маънавий етук инсоннинг ижтимоий фаоллиги намоён бўлади. Унинг асосли қарашлари жамоатчилик фикрига таъсир этади. Жамоатчилик фикри эса охир-оқибат қонунчиликка ўз таъсирини ўтказади. Фуқаролик жамияти шароитидаги бу каби таъсирни мамлакатимизда ҳам кузатиш мумкин. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси республикамиз фуқароларига “сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги”ни берди. Фикрлар хилма-хиллиги Қонунчилик палатаси фаолиятида ҳам намоён бўлади. Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Деҳқоновнинг “Миллий тикланиш” газетасида 2010 йил 8 декабрда чоп этилган “Қонун умумманфаатга хизмат қилсин” номли мақоласи – аҳоли, айниқса, депутат маънавиятининг қонунчиликка таъсирига ёрқин мисол бўла олади. Унда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига кўшимчалар киритиш ҳақида” ги қонун лойиҳасининг “Вояга етмаган шахснинг кўнгил очиш (дам олиш) жойларида тунги вақтда бўлишига йўл қўйиш” деб номланган 1882-модда қабул қилиниши даги баҳс-мунозаралар ўрин олган. Мазкур моддада вояга етмаган шахснинг ресторанлар, кафелар, барлар, клублар, дискотекалар, кинотеатрларда, компьютер залларида, интернет тармоғидан фойдаланиш бўйича хизматлар кўрсатиш учун жиҳозланган хоналарда ёхуд бошқа кўнгил очиш (дам олиш) жойларида тунги вақтда ота-онасидан бири ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг кузатувисиз бўлишига мазкур муассасаларнинг раҳбарлари ёки бошқа масъул шахслари томонидан йўл қўйиш – энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган. Яъни, моҳиятан, вояга етмаганлар ҳулқини назорат қилиш тадбиркорга ҳам юклатилмокда. “Халқимизда топиб айтилган пурмаъно бир нақл ҳам бор: “Бир болага етти маҳалла ота-она”. Демак, келажагимизни белгиловчи ёш авлод тарбиясига ҳеч биримизнинг лоқайд қарашга ҳаққимиз йўқ”, дея ишонч билдиради депутат.
Мазкур Қонунга ўзгартиш киритилди. Унга асосан, тадбиркор – маънавий муҳитига масъул этиб белгиланди. Энди Қонун ҳуқуқий чора-тадбирлар орқали аҳоли маънавиятига таъсир эта бошлайди. Демак, аҳоли маънавияти унинг ижтимоий ҳамда сиёсий-ҳуқуқий фаоллигига таъсир этиш орқали жамоатчилик фикрининг ўзгаришига олиб келиб, турмушимизнинг ҳуқуқий асоси бўлган қонунчиликда ўз аксини топиш орқали билвосита яна аҳоли маънавиятига таъсир этади, дейишимиз мумкин. Бу каби маънавият ва ҳуқуқнинг ўзаро таъсирига қатор мисоллар келтириш мумкин. Чунки, мамлакатимиз қонунчилигида маънавий хуружларнинг олдини олишга йўналтирилган қатор механизмлар кўзда тутилган.
Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек: “Демократия авваламбор маънавий мезонлар асосида бошқариладиган кучли ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти демакдир”.
Яшнар ХУДОЙБЕРГАНОВ, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент вилояти бўлинмаси Бош мутахассиси.
Инсон ва қонун №4-5 31.01.2012