Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори 10.07.2013 й. N 196
"Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳисобга олиш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Республика "Маҳалла" ҳайрия жамғармаси:
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ушбу қарор билан тасдиқланган Низомни амалда қўллаш учун туман (шаҳар)лар ҳокимликлари ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари ходимларини ўқитиш чораларини кўрсинлар;
жорий йилнинг 1 сентябригача бўлган муддатда ҳудуддаги мавжуд фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини ялпи хатловдан ўтказиб, ушбу қарор талаблари асосида ҳисобга олиш ишларини якунласинлар ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот тақдим этсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.И. Икрамов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев
Вазирлар Маҳкамасининг
2013 йил 10 июлдаги
196-сон қарорига
ИЛОВА
«Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳисобга олиш тўғрисида»
НИЗОМ
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Ушбу Низом фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини (кейинги ўринларда фуқаролар йиғини деб аталади) маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳисобга олиш (кейинги ўринларда ҳисобга олиш деб аталади) тартибини белгилайди.
2. "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳисобга олиш фуқаролар йиғини жойлашган жойдаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.
Фуқаролар йиғинини ҳисобга олиш туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияларига (кейинги ўринларда инспекция деб аталади) юкланади.
3. Фуқаролар йиғини ташкил этилаётганда унинг раиси (оқсоқоли) сайланган кундан бошлаб икки ҳафта муддатда фуқаролар йиғинини ҳисобга олиш учун инспекцияга мурожаат қилади.
II. ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ УЧУН ТАҚДИМ ЭТИЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР, УЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ҲИСОБГА ОЛИШ
4. Фуқаролар йиғинини ҳисобга олиш учун инспекцияга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) томонидан имзоланган фуқаролар йиғинини ҳисобга олиш тўғрисидаги ариза;
шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги маҳаллалар ташкил этиш тўғрисидаги тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органининг қарори;
фуқаролар йиғини тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида фуқаролар йиғини (фуқаролар вакиллари йиғилиши)нинг баёни;
фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакиллари йиғилишининг) йиғин раисини (оқсоқолини) сайлаш тўғрисидаги қарори;
фуқаролар йиғини тўғрисидаги низом - икки нусхада;
муҳр ва штамп намуналари эскизи - икки нусхада.
5. Қўшиб юбориш, бўлиш, ажратиб чиқариш йўли билан тузиладиган фуқаролар йиғини учун ушбу Низомнинг 4-бандида кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
тузилаётган фуқаролар йиғинига маълум бўлган барча кредиторлар ёзма равишда хабардор этилганлигини ва оммавий ахборот воситаларида қайта ташкил этиш ҳақида ахборот эълон қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
тузилаётган фуқаролар йиғинининг барча кредиторлари ва қарздорларига, шу жумладан, томонлар даъволашаётган мажбуриятларга нисбатан барча мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворислик тўғрисидаги қоидалар кўрсатилган топшириш далолатномаси (қўшиб юборишда) ёки тақсимлаш баланси (бўлишда ва ажратиб чиқаришда);
тузилаётган фуқаролар йиғинининг ҳисобга олинганлик ҳақидаги гувоҳномаси асл нусхаси, муҳри ва штампи (қўшиб юборишда ва бўлишда).
6. Фуқаролар йиғинини ҳисобга олиш ариза тушган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида амалга оширилади.
Фуқаролар йиғинини ҳисобга олиш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
7. Фуқаролар йиғинини ҳисобга олиш инспекция томонидан, бир вақтнинг ўзида уни давлат статистика ва солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйган ҳолда амалга оширилади.
Бунинг учун инспекция юридик шахс кодини (кейинги ўринларда КТУТ деб аталади) Давлат статистика қўмитаси томонидан инспекцияга мустақил бериш учун ажратилган КТУТ кодлари квотасидан беради.
КТУТ кодини бериш билан бир вақтда инспекция электрон почта алоқаси орқали туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциясига солиқ тўловчининг идентификация рақами (кейинги ўринларда СТИР деб аталади) бериш учун сўровнома юборади.
Туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияси тегишли сўровномани олгандан кейин, реал вақт режимида солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамлари марказлаштирилган базаси орқали фуқаролар йиғинига СТИР беради ва марказлаштирилган базага тегишли ёзув киритади.
Фуқаролар йиғинига СТИР берилганлиги ҳақида маълумотнома расмийлаштирилади ва у инспекцияга электрон почта алоқаси орқали юборилади.
СТИР бериш ва бу тўғридаги маълумотномани инспекцияга юбориш муддати саккиз иш соатидан ошмаслиги зарур.
8. Фуқаролар йиғинининг муҳр ва штамп эскизлари инспекция томонидан тасдиқланади ҳамда муҳр ва штамплар китобига тегишли ёзув киритилади.
Муҳр ва штамп эскизлари қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаганда, инспекция томонидан фуқаролар йиғини раиси билан келишган ҳолда, эскизнинг барча тақдим қилинган нусхаларига зарур тузатишлар киритилади ва улар тасдиқланади.
9. КТУТ, СТИР бериш, муҳр ва штамп эскизларини тасдиқлаш жараёнлари якунлангандан сўнг ўша куннинг ўзида фуқаролар йиғинини ҳисобга олиш тўғрисидаги маълумотлар инспекция томонидан ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича фуқаролар йиғинларининг тегишли реестрига киритилади.
Реестр дафтари ип билан тикилади, рақамланади ва унинг орқа томонида бетлар сони, дафтар юритиш бошланган сана (йил, кун, ой) кўрсатилади, муҳр ва ҳокимнинг имзоси қўйилади.
10. Фуқаролар йиғини ҳисобга олинган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида реестрдан олинган маълумотлар инспекция томонидан тегишли давлат статистика ва солиқ хизмати органларига расмий равишда тақдим этилади.
11. Фуқаролар йиғини ҳисобга олингандан сўнг бир кун муддатда унга қуйидагилар берилади:
ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шакл бўйича ҳисобга олинганлик тўғрисидаги гувоҳнома;
фуқаролар йиғини тўғрисидаги низом - унга "ҳисобга қўйилди" белгиси билан;
муҳр ва штамп намуналарининг эскизлари - "тасдиқланган" белгиси билан.
12. Фуқаролар йиғинини ҳисобга олиш тўғрисидаги гувоҳномаларнинг бланклари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжат ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади.
13. Инспекция қуйидаги ҳолларда фуқаролар йиғинини ҳисобга олишни рад этади:
ушбу Низомнинг 4, 5-бандларида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганда;
тақдим этилган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабига мувофиқ келмаганда;
ҳисобга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларда ҳақиқий бўлмаган маълумотлар аниқланганда.
Фуқаролар йиғинини ҳисобга олишнинг бошқа асослар бўйича рад этилишига йўл қўйилмайди.
14. Фуқаролар йиғинини ҳисобга олиш рад этилган тақдирда, унинг сабаблари кўрсатилган ҳолда ҳамда уларни бартараф этиб, ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш учун тақдим этиш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма хат ариза берувчига юборилади (топширилади).
Мазкур хатда кўрсатилган муддат тугагандан кейин берилган ариза янгидан тақдим этилган ҳисобланади.
Агар ариза берувчи фуқаролар йиғинини ҳисобга олишни рад этишга асос бўлган сабабларни ўз вақтида бартараф этса, ҳисобга олиш бўйича ҳужжатлар инспекция томонидан барча зарур ҳужжатлар билан бирга ариза тақдим этилган кундан бошлаб уч кун муддатда кўриб чиқилади.
15. Ариза берувчи фуқаролар йиғинини ҳисобга олишни рад этиш тўғрисидаги қарор юзасидан судга шикоят қилиши мумкин.
III. ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА КИРИТИЛГАН ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ
16. Фуқаролар йиғини тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганда, шу жумладан, фуқаролар йиғини қайта ташкил этилганда ҳисобга олган инспекцияга етти кун муддатда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
ҳисобга олиш тўғрисидаги ариза;
низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида фуқаролар йиғини (фуқаролар вакиллари йиғилиши)нинг баёни;
ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган, раис (оқсоқол) имзоси билан тасдиқланган ҳамда фуқаролар йиғини муҳри қўйилган янги таҳрирдаги низом - икки нусхада.
17. Фуқаролар йиғинининг номи ўзгарган тақдирда, ушбу Низомнинг 16-бандида кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча равишда фуқаролар йиғинининг ҳисобга олинганлик ҳақидаги гувоҳномаси асл нусхаси, алмаштириладиган муҳр ва штамп, шунингдек икки нусхада янги муҳр ва штамп намуналарининг эскизлари тақдим этилади.
18. Фуқаролар йиғини ажратиб чиқариш ва қўшиб олиш шаклида қайта ташкил қилинганда ушбу Низомнинг 16-бандида кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
қайта ташкил қилинаётган фуқаролар йиғинига маълум бўлган барча кредиторлар ёзма равишда хабардор этилганлигини ва оммавий ахборот воситаларида қайта ташкил этиш ҳақида ахборот эълон қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
қайта ташкил қилинаётган фуқаролар йиғинининг унинг барча кредиторлари ва қарздорларига, шу жумладан, томонлар даъволашаётган мажбуриятларга нисбатан барча мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворислик тўғрисидаги қоидалар кўрсатилган топшириш далолатномаси (қўшиб олишда) ёки тақсимлаш баланси (ажратиб чиқишда);
қайта ташкил қилинаётган фуқаролар йиғинининг ҳисобга олинганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг асл нусхаси, муҳр ва штампи (қўшиб олишда).
19. Фуқаролар йиғини тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ҳисобга олиш ушбу Низомда фуқаролар йиғинини ҳисобга олиш учун белгиланган тартибда ва муддатларда амалга оширилади.
20. Фуқаролар йиғини тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги маълумотлар инспекция томонидан фуқаролар йиғинларининг реестрига ("Қўшимча маълумотлар" устунига) киритилади.
21. Жойлашган ери ўзгарганда фуқаролар йиғини ўн кун муддатда ҳисобга олган инспекцияга бу ҳақда ёзма равишда хабар беради. Инспекция хабарномани олгандан бошлаб икки кун муддатда ушбу ўзгариш ҳақида давлат статистика ва солиқ хизмати органларини хабардор қилади.
IV. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА
22. Ушбу Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.