Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
Ўзбекистонда парламент назорати объектини аниқлашнинг долзарб масалалари
Парламент давлат назорати органлари тизимда етакчи ўринни эгаллайди. Назорат қилиш орқали қонунлар ва улар асосида қабул қилинган қарорлар самарадорлиги баҳоланади, зарурат бўлганида уларга тузатишлар киритилади ва янги қарорлар қабул қилинади. Назоратнинг давлат функцияси, қарор қабул қилиш босқичларидан бири ва қонунийликни таъминлашнинг асосий усули сифатида қаралиши унинг қанчалик мураккаб жараён эканлигини кўрсатади. Ушбу жараён самарадорлигини оширишда, парламент назорати субъектлари, шакклари, натижалари баробарида, унинг объектини ҳам аниқ белгилаш долзарб масалалардан бирига айланади.
Парламент назоратининг объекти, яъни парламент томонидан кимлар фаолияти ёки қандай жараёнлар назорат қилинишига оид турли фикрлар билдирилган. Н.М.Исмоилов парламент назорати объекти чегараларининг йўқлиги ва уларни белгилаш мураккаблигини парламент назоратининг хусусиятларидан бири сифатида кўрсатган[1]. Айримлар парламент назорати объектини фақат ижро этувчи ҳокимият органларининг қонунлар ва ўз ваколатларини бажариш фаолияти билан чеклаган бўлса[2], баъзилар бошқа давлат органлари фаолияти ҳам парламент назоратининг объекти бўлиши мумкинлигини қайд этадилар[3].
“Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши билан нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон амалиётида ҳам илк бор парламент назоратининг объекти ҳуқуқий мустаҳкамланди. Бироқ, ушбу Қонуннинг 4-моддасига кўра фақат давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини, парламент палаталари ва уларнинг органлари қарорларини, давлат дастурларини ижро этиш, шунингдек ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларни амалга ошириш бўйича фаолияти парламент назорати объекти сифатида белгиланди.
Юқоридаги чекловдан ташқари, “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасида тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг, суриштирув ва тергов органларининг, судларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларни, шунингдек ижро иши юритиш ҳамда нотариал иш юритишнинг муайян материалларини кўриб чиқиш билан боғлиқ фаолият парламент назоратининг объекти бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган. Бундай чеклов суд ва ҳуқуқ тартибот органлари иш юритувининг холислиги, олиниши чегараланган ахборот ошкора бўлмаслиги ва бошқа зарур ҳуқуқий меъёрларни таъминлашга хизмат қилади. Ушбу чекловдан ташқари, парламент назорати суд ва ҳуқуқ-тартибот органларининг фаолияти устидан амалга оширилади.
Парламентнинг кучи унинг ижро этувчи ҳокимият ва бошқа давлат органлари фаолиятини назорат қилиш имконияти билан белгиланиши тўғрисидаги фикрга қўшилиш мумкин[4]. Ижро этувчи ҳокимият органлари кучли ижро аппаратига ва молиявий ресурсларга эгалиги туфайли уларнинг фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш бирламчи вазифалардан бири бўлиши табиий ҳол[5]. Бироқ, қонунлар нафақат ижро этувчи ҳокимият органлари, балки барча давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар бошқа юридик ва жисмоний шахслар томонидан ҳам бажарилади. Лекин барча шахслар фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш мураккаб масала.
Амалиётда йирик корхоналар томонидан меҳнат, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳадаги қонун ҳужжатларини ижро этиш масалалари катта ижтимоий аҳамиятга эга. Шунинг учун баъзилар хусусий корхоналарнинг фаолияти ҳам парламент назоратининг объекти бўлиши мумкинлигини айтиб ўтишади[6]. Бундан ташқари номарказлаштириш жараёнида айрим давлат функциялари ўтказилган нодавлат ташкилотлар фаолиятининг парламент назоратининг объекти доирасига кирмаслиги ҳам эътирозлидир. Шу ўринда айтиш лозимки, давлат органларидан бошқа юридик шахслар фаолияти парламент назоратининг объекти бўла олмаслиги улар фаолиятини ўрганишни ман қилади дегани эмас.
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги Қонуннинг 15 моддасида депутат, сенатор ўз ваколатларини амалга ошираётганда гувоҳномасини кўрсатиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга монеликсиз кириш ҳуқуқидан, шунингдек уларнинг раҳбарлари ҳамда бошқа мансабдор шахслари томонидан дарҳол қабул қилиниш ҳуқуқидан фойдаланиши белгиланган. Бу билан парламент аъзоси томонидан давлат органларидан бошқа юридик шахслар фаолиятини ўрганиш ҳуқуқи мустаҳкамланган.
Зарур маълумот учун парламент аъзосининг мутасадди ташкилот раҳбари қабулига бориши муайян масалани ўрганиш вақтини чўзилиб кетишига олиб келади. Бундан ташқари мансабдор шахсларнинг депутат сўраган ахборотни бериш мажбурияти белгиланмаган. Шу билан бирга, депутатларнинг давлат органларидан ахборот олиши ҳам муаммолидир. Амалда давлат органларидан зарур ахборот олиш учун депутат сўрови юборилиб, бу билан депутат сўрови аҳамиятини пасайтиради. Шу туфайли депутатнинг ахборот сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқини киритиш долзарб масалалардан бирига айланади.
Депутатларга ахборот сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқи берилса, давлат органлари, бошқа юридик ва жисмони шахслар зиммасига уларга ахборот бериш мажбурияти юкланади. Шу жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 193-моддаси ушбу ҳуқуқни амалга оширишга ҳуқуқий кафолат бўлишини айтиш мумкин. Мазкур моддага кўра давлат органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари депутатлар олдидаги ўз вазифаларини бажармаслиги, уларнинг ишига тўсқинлик қилиши, уларга атайлаб сохта маълумот бериши, депутатлик фаолиятининг кафолатларини бузиши учун жавобгарлик белгиланган.
Маълумки, парламент назорати объектини аниқлаш парламентнинг нафақат назорат функциясини тўғри ташкил қилиш, балки бошқа функциялари, жумладан қонунчилик функциясини амалга ошириш самарадорлигини белгилаб беради. Чунки назорат – хорижий давлатлар қонун ижодкорлиги жараёни мустақил босқичи, ёки баҳолаш босқичининг таркибий унсури ҳисобланади[7]. Айнан ушбу босқичда нафақат давлат органлари, балки бошқа юридик ва жисмоний шахслар томонидан ҳам қонунлар ижро этилиши ҳолати тизимли ва доимий ўрганилади. Ушбу тажрибани инобатга олган ҳолда “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасида янги қонун ҳужжати лойиҳасини ишлаб чиқиш ёки амалдаги қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқиш парламент назорати натижаларидан бири сифатида белгиланган.
Парламент назорати субъектлари томонидан давлат органи бўлмаган юридик ва жисмоний шахслар томонидан қонунларнинг ижро этилиши ҳолатини ўрганиш амалдаги қонунчиликка зид эмас экан. Энди “қонун бузилиши ҳолати аниқланда қандай таъсир чораси қўллаш мумкин?” – деган саволнинг кўтарилиши, табиий ҳол. Ушбу масала ҳам “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунда ўз ечимини топганлигини айтиш мумкин.
Аввало, “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасига мувофиқ парламент назорати субъектлари парламент назорати натижалари бўйича фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузиш ҳоллари ёки қонун ҳужжатларини бузишнинг бошқа ҳоллари маълум бўлиб қолган тақдирда уларга дарҳол чек қўйиш чораларини кўриш талаби билан тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ҳамда мансабдор шахсларга мурожаат қилишини кўрсатиш мумкин. Бундай мурожаатлар давлат органи бўлмаган юридик ва жисмоний шахслар фаолиятида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини мутасадди давлат органлари томонидан тезкор ва самарали бартараф қилинишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Шу ўринда, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини бузиш ҳоллари ёки қонун ҳужжатларини бузишнинг бошқа ҳоллари маълум бўлиб қолган тақдирда уларга дарҳол чек қўйиш чораларини кўриш талаби билан тегишли органлар ҳамда мансабдор шахсларга депутатнинг мурожаат этиш ҳуқуқи мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларидан мавжудлиги маълум. Бироқ, ушбу ҳуқуқни амалга ошириш механизмлари шу вақтгача ишлаб чиқилмаган ва бу масала кўтарилмаган ҳам. Ҳозирги даврда парламент назорати субъектларининг ушбу ҳуқуқларини амалга ошириш Ўзбекистон Ресрубликасининг Жиноят процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслари парламент назорати субъектлари мурожаатлари асосида иш қўзғатишга оид тегишли ўзгартишларни киритишни талаб қилади.
Азиз Юлдашев,
Жамшид Шеров,
Икром Гиясов-
Институт ходимлари
[1] Исмоилов Н.М. Қонунлар ижроси устидан парламент назоратининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш // Парламент назорати: назария ва амалиёт масалалари. Илмий-амалий семинар материаллари / Масъул муҳаррир: Ф.Ҳ.Отахонов. Т., 2005. С.80
[2] Артикова С.Б. Парламент назорати хорижий мамлакатлар тажрибасида // Ҳуқуқ ва бурч. № 02 (86)/2013.С.3
[3] Парламентаризм: Опыт зарубежных стран /Сост.: И.Камилов, Ф.Бакаева, А.Абдуллаев; Под общ. ред. Р.М.Алимова. – Т.: «Шарк», 2002. – С.28.
[4] Халилов Э. Высший законодательный орган Республики Узбекистан: от формального представительства до реального парламентаризма. – Т.: Ўзбекистон, 2001. С.215.
[5] Ахмедшаева М.А. Давлат ҳокимияти тизимида ижро ҳокимияти. Авторефер. дис…докт. юр. наук – Ташкент, 2010. С.23-24
[6] Парламентаризм: Опыт зарубежных стран /Сост.: И.Камилов, Ф.Бакаева, А.Абдуллаев; Под общ. ред. Р.М.Алимова. – Т.: «Шарк», 2002. – С.28
[7] Қаранаг: Мадер Л. Оценка законодательства - вклад в повышение качест ва законов // Материалы Международного семинара "Оценка законов и эффективности их принятия" (16-17 декабря 2002 г.)/