Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

Сиёсий партиялар депутатлик бирлашмалари фаолияти тўғрисида аҳолининг хабардорлигини ошириш

Мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг ҳозирги босқичидаги асосий йўналишларидан бири – бу сиёсий партияларнинг муҳим иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича қарор қабул қилишдаги таъсирини кучайтириш, амалий фаолиятидаги ролини янада оширишдан иборат. Бу муҳим вазифа партиялар депутатлик гуруҳлари иш фаолияти ҳамда партиянинг доимий электорати манфаатларидан келиб чиқиб, ривожланиш йўналишларига оид аниқ муаммолар ечими бўйича улар эгаллаган позицияси ҳақида аҳолининг хабардорлигини оширишни ифодалайди.

2015 йил 23 январь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан таъкидлаб ўтилганидек, “партия ва фракцияларнинг у ёки бу қонун бўйича позицияси, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг муҳим масалаларига доир фракциялараро баҳс-мунозаралар мазмун-моҳиятидан кенг жамоатчилик ва сайловчиларни ҳар томонлама тўлиқ хабардор қилиб бориш даркор. Ҳокимият, халқ ҳокимияти ва парламентаризмни демократик асосда ташкил этишнинг моҳияти ҳам шундан иборат”[1].   

Бу эса партиялар оммавий ахборот воситаларида Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиялар гуруҳлари фаолиятини тўлиқ ёритиб боришни талаб қилади.

Бу масалалар Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти (ФЖШМҚМИ) томонидан ўтказилган “Сиёсий партиялар нашрларида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларининг партия дастурий мақсадлари тарғиботи бўйича фаолияти ёритилиши: мавжуд вазият, муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари” мавзусидаги семинар иштирокчиларининг диққат эътиборида бўлди.

Семинарда қайд этилгандек, ҳозирги кунда барча партиявий нашрлар ушбу мавзуга мурожаат этишмоқда. Сиёсий партиялар газеталарида “Депутат минбари” рукнлари очилган. Газеталарнинг бу ва бошқа рукнларида партия гуруҳларининг фаолияти янада кўпроқ ёритилиб бориляпти.

2014 йилги сайловлардан кейин қайтадан ташкил этилган депутатлик гуруҳлари “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва ваколатларининг янада кенгайтирилиши муносабати билан янги ташкилий ва ҳуқуқий шароитда ўз фаолиятларини бошладилар. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг бир қанча назорат функциялари жорий этилишида депутатлик гуруҳлари иштирокининг ҳуқуқий асоси кенгайтирилди. 

Шундай қилиб, 2015 йилда ўз партиявий дастурларидаги мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, маҳаллий халқ депутатлари Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссияларига 639 та таклифлар киритилган. Мазкур таклифлар асосида 81 сессия қоролари ва 372 доимий комиссия қарорлари қабул қилинди. Бу қарорлар электорат манфаатларидан келиб чиқиб, ҳудудлардаги долзарб иқтисодий ва ижтимоий вазифаларни амалий жиҳатдан ечишга қаратилган.

2015 йил давомида партияларнинг депутатлик бирлашмалари ижро ҳокимияти ва давлат бошқарув органларининг 437 та ҳисоботи ташаббуси билан чиқишди. Партия гуруҳлари аъзолари томонидан 3600 дан ортиқ депутатлик сўрови юборилган. Улардан 1200 га яқин сўров қонунлар ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари ижросини назорат қилиш тартибида амалга оширилган.

Ўтган йил давомида барча партияларнинг ўз дастурий мақсадларини амалга ошириш бўйича жойларда маълум бир натижаларга эришилганлиги қувонарли ҳол. Кичик бизнес ва ҳусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, меҳнатга лаёқатли аҳолининг иш билан бандлиги таъминлаш, ресурсларни тежовчи технологияларни сингдириш, таълим, соғликни сақлаш ва маданият  муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалалари шулар жумласидандир.

Мақолаларнинг журналистик даражаси ортмоқда. Мақолалар муаллифларининг учдан икки қисми партия бошма нашрларининг мухбирларидирлар. Бу эса халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳлари фаолиятини ёритишни партия нашрлари фаолиятининг янги, жадал ривожланаётган йўналиши сифатида кўриб чиқиш имконини беради.

Семинар ишида партиялар аппарати ва партия ОАВ нашриётлари ходимлари билан бир қаторда ФЖШМҚМИ, ДБА, СМТИ, пойтахт олий таълим муассасаларининг ихтисослик кафедралари вакиллари  иштирок этишди. Бу эса партия депутатлик бирлашмалари фаолиятини ёритувчи нашрларнинг даражаси ва мазмундорлигининг юксалиши масаларини малакали ва  ошкора муҳокама қилиш учун зарур майдон яратилишига имкон яратди.

Бўлиб ўтган мунозара иштирокчиларининг таъкидлашича, партияларнинг сайловолди дастурий вазифалари ижроси ҳамда доимий электоратининг асосий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари фаолиятини партия оммавий ахборот воситаларида ёритилиши юзасидан орттирилган тажриба бу йўналишдаги кейинги фаолиятни такомиллаштириш учун пойдевор яратади. Биринчидан, нашрлардаги асосий урғу партия гуруҳларининг сессия ва доимий комиссия кун тартибига киритган масалаларини кўриб чиқиш натижасида эришилган ижтимоий жиҳатдан аҳамиятга молик амалий натижаларни ёритишга берилиши лозим.

Шунингдек, семинар иштирокчиларининг фикрича, “Депутат минбари” мавзусидаги рукнларда мақолаларнинг кўпайиши муҳим. Партия нашрлари журналистлари ва ахборот хизматларининг ушбу соҳадаги вазифаси – партия гуруҳи вакиллари бўлган депутатларга бу рукннинг имкониятларидан Кенгашларда кўриб чиқиладиган масалалар бўйича ўз позициясини билдиришда самарали фойдаланишда кўмаклашишдир.

Семинарда партия ОАВ мухбирларининг журналистик маҳоратини ошириш йўллари бўйича очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Семинар иштирокчиларининг фикрича, босма нашрларда очерклар, таҳлилий мақолалар, долзарб мавзуларда депутатлар билан суҳбатлар ва бошқа жанрлардан фойдаланилиши депутатлик бирлашмаларининг фаолиятига ўқувчиларнинг қизиқиши ошишига замин яратарди. Шу билан бирга, нашрларда муаллифнинг ўз фикри, мавжуд вазиятга бўлган позицияси ва депутатлик бирлашмалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича асосли таклиф ва мулоҳазалари ҳам кўрсатиб ўтилиши зарур.

Мунозара иштирокчилари якдиллик билан журналистик даража ва партия гуруҳлари фаолияти ёритилган мақолалар асосий мақсад эмаслигини, бу соҳада асосий мақсад – ўқувчиларинг сиёсий партиялар дастурий мақсадлари ва депутатлик бирлашмаларининг фаолиятига бўлган қизиқишини ошириш эканлигини таъкидладилар.

Бу эса ўз ўрнида партия гуруҳларининг ўз партиялари дастурий мақсадлари ва доимий электорати манфаатларини илгари суриш бўйича фаолиятининг самарадорлигини оширишга қўшимча туртки бўлади.

Дилором Разикова,

Институт ходими

                                                                       

 

[1] Каримов И.А. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузаси. “Халқ сўзи” газетаси, 2015 йил 24 январь.