Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

«Жамоат фондлари тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 31.12.2008 й. ЎРҚ-197-сон (қабул қилинган 29.08.2003 й. N 527-II)

(ЎзР 07.12.2007 й. ЎРҚ-121-сон Қонуни тахриридаги жумла)

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади жамоат фондларининг ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Жамоат фондлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Жамоат фондлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг жамоат фондлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Жамоат фонди тушунчаси

Юридик ва (ёки) жисмоний шахслар томонидан ихтиёрий мулкий бадаллар қўшиш асосида ташкил этилган, хайрия, ижтимоий, маданий, маърифий ёки бошқа ижтимоий фойдали мақсадларни кўзлайдиган, аъзолиги бўлмаган нодавлат нотижорат ташкилоти жамоат фонди (бундан буён матнда фонд деб юритилади) деб эътироф этилади.

4-модда. Фондларнинг турлари

Ўзбекистон Республикасида республика фондлари ҳамда маҳаллий фондлар ташкил этилади ва фаолият кўрсатади.

Фаолиятини ўз уставига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки икки ёхуд ундан ортиқ вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри) ҳудудида амалга оширадиган фондлар республика фондлари жумласига киради.

Фаолиятини ўз уставига мувофиқ туман(лар), шаҳар(лар), вилоят ёки Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида амалга оширадиган фондлар маҳаллий фондлар жумласига киради.

5-модда. Фонднинг ваколатхоналари ва филиаллари

Фонд Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва бошқа давлатларда ваколатхоналар очиши ҳамда филиаллар ташкил этиши мумкин.

Фонднинг ваколатхонаси фонднинг ўзи турган ердан ташқарида жойлашган ҳамда унинг манфаатларини ифодалайдиган ва ҳимоя қиладиган алоҳида бўлинмасидир.

Фонднинг филиали фонднинг у турган ердан ташқарида жойлашган ҳамда унинг барча вазифаларини ёки вазифаларининг бир қисмини, шу жумладан ваколатхона вазифаларини бажарадиган алоҳида бўлинмасидир.

Фонднинг ваколатхоналари ва филиаллари фонд номидан иш кўради ҳамда уставда белгиланган мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилиши учун фонд олдида масъулдир. Фонднинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган ваколатхоналари ва филиаллари юридик шахс бўлмайди, ушбу Қонун 6-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ваколатхоналар ва филиалларни фонд мол-мулк билан таъминлайди. Ваколатхона ва филиалнинг мол-мулки алоҳида балансда ҳамда фонднинг балансида ҳисобга олинади.

Фонднинг ваколатхоналари ва филиаллари фонд бошқаруви томонидан тасдиқланган низом асосида фаолият кўрсатади.

6-модда. Чет эл фондларининг ваколатхоналари ва филиаллари

Чет эл фондлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз ваколатхоналарини очиши ва филиалларини ташкил этиши мумкин.

Чет эл фондларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган ваколатхоналари ва филиаллари юридик шахс мақомига эга бўлиши керак.

Чет эл фондларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган ваколатхоналари ва филиалларига, қонунда бошқача қоидалар белгиланган бўлмаса, фондларнинг ташкил этилиши, фаолият юритиши, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган қоидалар татбиқ этилади.

7-модда. Фондларнинг фаолияти кафолатлари

Ўзбекистон Республикасида фондларнинг фаолият эркинлиги, мулки дахлсизлиги ҳамда ишчанлик нуфузи ҳимояси кафолатланади.

Фондларнинг мол-мулки национализация, реквизиция қилинмайди ва мусодара этилмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

8-модда. Фондларнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатлари

Фондларнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатлари ижтимоий шериклик, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш асосида қурилади.

Давлат органлари фондларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайдилар, фондларнинг ижтимоий аҳамиятга молик дастурлари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлашлари мумкин.

Давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг фондлар фаолиятига аралашишига, худди шунингдек фондларнинг давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.

II. ФОНДНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

9-модда. Фондни ташкил этиш

Фонд муассисларнинг (муассиснинг) қарорига биноан ёки васиятнома бўйича ташкил этилиши мумкин.

10-модда. Фонд муассислари (муассиси)

Бир ёки бир нечта юридик ва (ёки) жисмоний шахс фонд муассислари (муассиси) бўлиши мумкин.

Фонд муассислари (муассиси) фонд уставини тасдиқлайди, фонд васийлик кенгаши дастлабки таркибининг аъзоларини тайинлайди ҳамда ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзга ваколатларни амалга оширади.

11-модда. Фонднинг васиятнома бўйича ташкил этилиши

Фонд васиятнома бўйича ташкил этилганида васиятномада фонднинг мақсад ва вазифалари, унга ўтказилаётган мол-мулк ҳажми кўрсатилган ҳамда васиятномани ижро этувчи белгиланган бўлиши керак. Васиятномани ижро этувчи фонд васийлик кенгаши дастлабки таркибининг аъзоларини, агар улар васиятномада номма-ном кўрсатилган бўлмаса, тайинлайди, шунингдек фонднинг ташкил этилиши билан боғлиқ бошқа ҳаракатларни бажаради.

Агар васиятномани ижро этувчи ўз зиммасига юклатилган ҳаракатларни амалга оширишдан бош тортса ёки уларни амалга оширишга қодир бўлмаса, қонун ҳужжатларига мувофиқ васиятномани ижро этувчи янги шахс тайинланади.

12-модда. Фонд устави

Фонд устави фонд муассислари (муассиси) томонидан тасдиқланади.

Фонд васиятнома бўйича ташкил этилган тақдирда, фонд устави васиятномани ижро этувчи томонидан васиятномага мувофиқ равишда тузилади.

Фонд уставида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

"жамоат фонди" деган сўзларни ўз ичига олган фонднинг номи;

фонднинг жойлашган ери (почта манзили);

фонднинг мақсад ва вазифалари;

фонд органларининг тузилиши, ваколатлари ва шакллантирилиш тартиби;

фонд органларининг мансабдор шахсларини тайинлаш (сайлаш) ва лавозимидан озод қилиш тартиби;

фонднинг мол-мулкини шакллантириш манбалари, фонднинг, унинг ваколатхоналари ҳамда филиалларининг мол-мулкни бошқариш борасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

фонд ваколатхоналарини очиш ва филиалларини ташкил этиш тартиби;

фондни қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби;

фонд тугатилган тақдирда унинг мол-мулкидан фойдаланиш тартиби;

фонд уставига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тартиби.

Фонд уставида фонднинг тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилган рамзий белгисининг тавсифи, шунингдек қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа қоидалар ҳам бўлиши мумкин.

13-модда. Фондни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда унинг ваколатхоналари ва филиалларини қайд этиш

Фондни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда унинг ваколатхоналари ва филиалларини қайд этиш адлия органлари (бундан буён матнда рўйхатдан ўтказувчи орган деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

Республика фондлари, шунингдек чет эл фондларининг ваколатхоналари ва филиаллари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилади.

Маҳаллий фондлар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида рўйхатдан ўтказилади.

Фонднинг ваколатхоналари ва филиаллари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида қайд этилиши лозим.

14-модда. Давлат рўйхатидан ўтказиш ва қайд этишда талаб қилинадиган ҳужжатлар

Фонд давлат рўйхатидан ўтказилиши учун қуйидаги ҳужжатлар рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этилади:

муассислар (муассис) ёки улар (у) ваколат берган шахслар (шахс) томонидан имзоланган рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги, уларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва яшаш жойи (почта манзили) кўрсатилган ариза;

агар фонд васиятнома бўйича ташкил этилаётган бўлса, васиятноманинг нотариал тасдиқланган нусхаси;

таъсис йиғилиши (съезди, конференцияси) ёки муассис (фонд бир юридик шахс томонидан ташкил этилаётган бўлса) томонидан қабул қилинган, фонд муассислари (муассиси) тўғрисидаги маълумотлар, фонднинг мақсад ва вазифалари кўрсатилган қарор;

фонд уставидан икки нусха;

давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги банк тўлов ҳужжати; (ЎзР 31.12.2008 й. ЎРҚ-197-сон Қонуни тахриридаги хат боши)

фонднинг дастлабки маблағлари шаклланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар муассислар (муассис) фондни ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилган кундан эътиборан икки ой ичида давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилади. Фонд васиятнома бўйича ташкил этилаётган бўлса, мазкур ҳужжатлар меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома берилганидан кейин икки ой ичида тақдим этилади.

Чет эл фондларининг ваколатхоналари ва филиаллари давлат рўйхатидан ўтказилиши учун қуйидаги ҳужжатлар рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этилади:

рўйхатга олиш тўғрисида фонд ваколатли органининг аризаси;

фонднинг ваколатли органи томонидан тасдиқланган, фонднинг ваколатхонаси ёки филиали тўғрисидаги низом;

ваколатхона ёки филиал мол-мулкини бошқариш учун фонднинг ваколатли органи томонидан берилган ишончнома;

фонднинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва уставнинг ёки уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатларнинг белгиланган тартибда легаллаштирилган ҳамда давлат тилига таржима қилинган матни;

давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги банк тўлов ҳужжати. (ЎзР 31.12.2008 й. ЎРҚ-197-сон Қонуни тахриридаги хат боши)

Республика фондлари ва маҳаллий фондларнинг ваколатхоналари ҳамда филиаллари қайд этилиши учун қуйидаги ҳужжатлар рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этилади:

фонд бошқарувининг фонд ваколатхонасини очиш ёки филиалини ташкил этиш тўғрисидаги қарори;

фонд бошқаруви томонидан тасдиқланган, фонднинг ваколатхонаси ёки филиали тўғрисидаги низом;

ваколатхона ёки филиал мол-мулкини бошқариш учун фонд бошқаруви томонидан берилган ишончнома;

фонд уставининг ва фонд давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхалари.

15-модда. Давлат рўйхатидан ўтказиш ва қайд этиш тўғрисидаги қарор

Фондни давлат рўйхатидан ўтказиш ёки фонд ваколатхонаси ва филиалини қайд этиш учун ҳужжатларни қабул қилган рўйхатдан ўтказувчи орган бир ой ичида давлат рўйхатидан ўтказиш ёки қайд этиш тўғрисида ёхуд давлат рўйхатидан ўтказишни ёки қайд этишни рад қилиш тўғрисида қарор чиқариши шарт.

Рўйхатдан ўтказилган фондга, чет эл фондининг ваколатхонаси ёки филиалига рўйхатдан ўтказувчи орган давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳнома беради.

Республика ва маҳаллий фонднинг қайд этилган ваколатхонаси ва филиалига рўйхатдан ўтказувчи орган қайд этилганлик тўғрисида гувоҳнома беради.

16-модда. Давлат рўйхатидан ўтказиш ва қайд этишни рад қилиш асослари

Фондни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда фонд ваколатхонаси ва филиалини қайд этиш қонунда назарда тутилган ҳолларда рад қилиниши мумкин.

Давлат рўйхатидан ўтказиш ёки қайд этишни рад қилиш асослантирилган бўлиши керак. Фондни ташкил этиш, унинг ваколатхоналарини очиш ва филиалларини ташкил этиш мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан давлат рўйхатидан ўтказиш ёки қайд этишни рад қилишга йўл қўйилмайди.

Рўйхатдан ўтказувчи органнинг фондни давлат рўйхатидан ўтказиш ва унинг ваколатхоналари ҳамда филиалларини қайд этишни рад қилиш тўғрисидаги қарори устидан, шунингдек мазкур органнинг давлат рўйхатидан ўтказиш ва қайд этиш муддатларини бузганлиги устидан судга шикоят қилиш мумкин.

17-модда. Фонд уставига, фонд ваколатхоналари ҳамда филиалларининг низомларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш

Фонд уставига уставнинг ўзида назарда тутилган тартибда ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

Фонд уставига киритилаётган ўзгартишлар ва қўшимчалар фонднинг васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади ҳамда рўйхатдан ўтказувчи органга мазкур ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилган пайтдан эътиборан икки ҳафталик муддатда маълум қилинади. Фонд уставига киритилаётган ва уставда белгиланган мақсад ҳамда вазифаларни ёки фонд органларини тузиш тартиби ҳамда бу органларнинг ваколатларини, шунингдек фонднинг фаолият соҳасини ўзгартирадиган ўзгартишлар ва қўшимчалар фондни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта рўйхатдан ўтказишга сабаб бўлади.

Фонд ваколатхоналари ва филиалларининг низомларига киритилаётган ўзгартишлар ва қўшимчалар фонд бошқаруви томонидан тасдиқланади ҳамда рўйхатдан ўтказувчи органга мазкур ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилган пайтдан эътиборан икки ҳафталик муддатда маълум қилинади.

III. ФОНДНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

18-модда. Фонднинг ҳуқуқлари

Фонд:

мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида мол-мулкли бўлишга;

фуқаролик-ҳуқуқий битимлар тузишга;

хайриялар, бадаллар, грантлар ва бошқа маблағлар олишга;

судда, бошқа органлар ва ташкилотларда ўз манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилишга;

оммавий ахборот воситалари таъсис этиш ва ноширлик фаолиятини амалга оширишга;

ўз фаолияти тўғрисида маълумотлар тарқатишга;

ваколатхоналар очиш ва филиаллар ташкил этишга;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига белгиланган тартибда таклифлар киритишга;

халқаро алоқалар ўрнатиш, ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузиш ҳамда халқаро дастурлар ва лойиҳаларда иштирок этишга ҳақли.

Фонд қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

19-модда. Фонднинг мажбуриятлари

Фонд:

ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига ва фонднинг уставига мувофиқ амалга ошириши;

фонд фаолиятининг ошкоралигини таъминлаши ва фонднинг мол-мулкидан фойдаланилиши тўғрисида ҳар йили ҳисоботлар эълон қилиши;

рўйхатдан ўтказувчи орган вакилларига фонд ўтказадиган тадбирларга эркин кириш имкониятини бериши;

ўз фаолияти тўғрисида давлат солиқ хизмати ва давлат статистика органларига ҳисоботлар тақдим этиши шарт.

Фонд зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

IV. ФОНД ФАОЛИЯТИНИНГ ИҚТИСОДИЙ АСОСИ

20-модда. Фонднинг мол-мулки

Муассислар (муассис) ёки васият қилувчи томонидан фондга ўтказилган пул маблағлари ва бошқа мол-мулк фонднинг мулкидир.

Бинолар, иншоотлар, турар жойлар ва бошқа иморатлар, асбоб-ускуналар, инвентарь, пул маблағлари, шу жумладан чет эл валютасидаги маблағлар, қимматли қоғозлар ва ўзга мол-мулк фонднинг мулки бўлиши мумкин.

Фонд муассислари (муассиси) ёки фонд васиятнома бўйича ташкил этилганида васиятномани ижро этувчи фонднинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, фонд эса муассисларнинг (муассиснинг) ёки васиятномани ижро этувчининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.

Фондни ташкил этиш учун зарур дастлабки маблағларнинг энг кам миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Фонднинг мол-мулки муассислар ўртасида тақсимланиши мумкин эмас ва ундан фақат фонд уставида белгиланган мақсадлар ҳамда вазифаларни амалга ошириш учун фойдаланилади.

Фонднинг мол-мулкидан гаров ёки мажбуриятлар бажарилишини таъминлашнинг бошқа усули сифатида фойдаланилиши, шунингдек кредитлар бериш учун фойдаланилиши мумкин эмас.

21-модда. Фонднинг мол-мулкини шакллантириш манбалари

Фонднинг мол-мулкини шакллантириш манбалари қуйидагилар бўлиши мумкин:

муассислар (муассис) томонидан бир йўла тўланадиган (ўтказиладиган) ёки мунтазам келиб турадиган пул ва бошқа тушумлар;

фонд васиятнома бўйича ташкил этилган тақдирда васият қилувчининг фондга ўтказилган мол-мулки;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий хайриялари;

юридик ва жисмоний шахслар, давлат, чет эл ва халқаро ташкилотлар, чет давлатлар ажратадиган грантлар;

фонднинг тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар (фойда);

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

22-модда. Фонднинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши

Фонд қонун ҳужжатларига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан ўз уставида белгиланган мақсадларга тўғри келадиган доирада шуғулланиши мумкин.

Тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари фонд томонидан фақат лицензия асосида амалга оширилиши мумкин.

Фонднинг тижорат ташкилотлари устав фондидаги (устав капиталидаги) иштироки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

23-модда. Фонднинг ўзига алоқадор шахслар билан муносабатлари

Фондга алоқадор шахслар қуйидагилардир:

фонд муассислари (муассиси) ёки фонд васиятнома бўйича ташкил этилганида васиятномани ижро этувчи;

фонд муассислари (муассиси) ёки фонд васиятнома бўйича ташкил этилганида васиятномани ижро этувчи билан яқин қариндошчилик ёки қуда-андачилик алоқалари бўлган шахслар, шунингдек мазкур муассисларнинг (муассиснинг) ёки васиятномани ижро этувчининг кредиторлари;

фонд муассислари (муассиси) бўлмиш юридик шахсларнинг иштирокчилари, кредиторлари, шунингдек улар билан меҳнатга оид муносабатларда бўлган шахслар;

устав фондида (устав капиталида) фонднинг ўзи иштирок этаётган юридик шахслар ва уларнинг ходимлари, шунингдек мазкур ходимлар билан яқин қариндошчилик ёки қуда-андачилик алоқалари бўлган шахслар;

фонд васийлик кенгашининг аъзолари, фонд бошқарувининг раҳбари ва аъзолари, фонд тафтиш комиссиясининг аъзолари, фонднинг бошқа ходимлари, шунингдек улар билан яқин қариндошчилик ёки қуда-андачилик алоқалари бўлган шахслар.

Фонднинг ўзига алоқадор шахслар билан битимлар тузишига, шунингдек, уларнинг фойдасини кўзлаб бошқа ҳаракатлар содир этишига васийлик кенгашининг розилиги билан йўл қўйилади.

Фонд қуйидаги ҳолларда ўзига алоқадор шахслар билан битимлар тузишга ёки уларнинг фойдасини кўзлаб бошқа ҳаракатлар содир этишга ҳақли эмас:

фондга алоқадор шахслар билан бундай битимлар тузиш ёки ҳаракатлар содир этиш фондга алоқадор бўлмаган шахслар билан бўлгандагига нисбатан бир мунча қулай шартларда амалга оширилаётган бўлса;

фондга алоқадор шахс фонд васийлик кенгашининг аъзоси бўлса.

24-модда. Фонднинг мол-мулкидан фойдаланиш

Фонднинг мол-мулкидан фонд уставида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш ҳамда маъмурий харажатларни қоплаш учун фойдаланилади.

Фонднинг маъмурий харажатлари фонд томонидан ҳисобот даврида фондни бошқариш учун қилинган барча харажатларни ва биринчи навбатда унинг активларини асраш ҳамда сақлаб туриш учун зарур харажатларни, фонднинг ўз уставида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун рекламага сарфлаган харажатларини, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ фонд фаолияти билан боғлиқ харажатларни ва тўловларни ўз ичига олади.

Ҳар йилги маъмурий харажатларнинг жами суммаси, шунингдек фонднинг васийлик кенгаши ҳамда тафтиш комиссияси аъзоларига ҳақ тўлаш ҳамда уларнинг ўз вазифаларини бажариш билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш фонд барча харажатлари суммасининг йигирма фоизидан ошмаслиги керак. Мазкур чеклов ҳомийлик дастурларини амалга оширишда иштирок этадиган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлашга нисбатан қўлланилмайди. (ЎзР 07.12.2007 й. ЎРҚ-121-сон Қонуни тахриридаги жумла)

Фонднинг мол-мулки фондга алоқадор шахслар ўртасида тақсимланиши мумкин эмас.

Фонднинг мол-мулкини кўпайтириш учун фондга маблағ киритган шахслар маблағ бераётганда бу маблағлардан белгиланган мақсадда фойдаланилиши тўғрисида, шу жумладан фондни қайта ташкил этишда ёки тугатишда маблағларни қайтариш шартлари тўғрисида фонд билан шартномалар тузиши мумкин.

25-модда. Фондда ҳисобга олиш ва ҳисобот

Фонд ўз фаолияти натижалари ҳисобини юритади ҳамда белгиланган тартибда давлат солиқ хизмати органлари ва давлат статистика органларига ҳисобот тақдим этади.

Фонд ҳар йили олдинги йилдаги ўз фаолияти тўғрисида қуйидагиларни ўз ичига олган ҳисобот эълон қилади:

фонднинг ҳисобот давридаги фаолияти шарҳини, бу фаолият фонднинг уставида белгиланган мақсад ва вазифаларга мувофиқлиги даражасини кўрсатган ҳолда;

фонднинг йиллик молиявий ҳисоботини, аудиторлик ташкилотининг хулосасини кўрсатган ҳолда;

фонд олган ихтиёрий хайриялар тўғрисидаги маълумотларни;

фонднинг тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлари (фойдаси) тўғрисидаги маълумотларни, бу даромадларнинг (фойданинг) келиб чиқиш манбаларини алоҳида-алоҳида кўрсатган ҳолда;

харажатлар умумий суммасини, фонд фаолиятининг айрим турлари бўйича ва маъмурий харажатлар бўйича алоҳида-алоҳида кўрсатган ҳолда;

фонд устави ва фонд органларидаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни;

фонднинг уставида ёки фонднинг васийлик кенгаши томонидан белгиланган бошқа маълумотларни.

V. ФОНДНИ БОШҚАРИШ

26-модда. Фонднинг васийлик кенгаши

Фонднинг васийлик кенгаши фонднинг органи бўлиб, у фонд фаолияти устидан назоратни амалга оширади.

Фонд васийлик кенгашининг таркиби камида уч кишидан иборат бўлиши керак. Васийлик кенгаши дастлабки таркибининг аъзолари муассислар (муассис) томонидан ёки фонд васиятнома бўйича ташкил этилган бўлса, васиятномада назарда тутилган тартибда тайинланади.

Фонднинг васийлик кенгашини тузиш, васийлик кенгаши йиғилишларини чақириш ва васийлик кенгашининг қарорларини қабул қилиш тартиби фонд уставида белгиланади.

Фонд васийлик кенгашининг аъзолари айни бир вақтнинг ўзида фонднинг бошқаруви ва тафтиш комиссиясига аъзо бўлишлари мумкин эмас.

Фонднинг уставида фонд васийлик кенгашининг аъзоларига ҳақ тўлаш ва уларнинг ўз вазифаларини бажариш билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш назарда тутилиши мумкин.

27-модда. Фонд васийлик кенгашининг ваколатлари

Фонд васийлик кенгашининг ваколатларига қуйидагилар киради:

фонд фаолияти устидан ҳамда ушбу фаолият қонун ҳужжатлари ва фонд уставига, фонд васийлик кенгашининг қарорларига мувофиқ бўлиши устидан назоратни амалга ошириш;

фонд уставига киритиладиган ўзгартишлар ва қўшимчаларни тасдиқлаш;

фонднинг бошқаруви ва тафтиш комиссиясини тузиш;

фонднинг пул маблағлари ва бошқа мол-мулкидан фойдаланилиши устидан назоратни амалга ошириш;

фонд бюджетини тасдиқлаш;

фонднинг йиллик балансини, йиллик молиявий ҳисоботини, шу жумладан фонд бошқарувининг ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлаш;

фонд фаолиятини навбатдан ташқари текшириш учун аудиторлик ташкилотини жалб этиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

фонд бошқарувининг фонд уставида белгиланган мақсад ва вазифаларга зид бўлган қарорлари ижросини тўхтатиб қўйиш ёки уларни бекор қилиш;

фондни қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилиш.

Фонднинг уставида фонд васийлик кенгашининг ваколатларига бошқа масалалар ҳам киритилиши мумкин.

Фонд васийлик кенгашининг ваколатларига киритилган масалалар ҳал этиш учун фонднинг бошқаруви ёки тафтиш комиссиясига ўтказилиши мумкин эмас.

Фонднинг васийлик кенгаши фонднинг бошқа органларидан фонд фаолиятига тааллуқли ҳужжатларни талаб қилиш ва олишга ҳақли.

Фонд васийлик кенгашининг қарорлари фонднинг бошқаруви ва бошқа органлари, фонд ходимлари учун мажбурий ҳисобланади.

28-модда. Фонд бошқаруви

Фонд бошқаруви фонднинг ижроия органидир. Фонд бошқарувининг таркиби фонд васийлик кенгаши томонидан шакллантирилади.

Фонд бошқарувининг раҳбари ва аъзолари фонд васийлик кенгаши ва тафтиш комиссиясининг аъзолари бўлиши мумкин эмас.

Фонд бошқаруви йилига камида бир марта ўз фаолияти тўғрисида васийлик кенгашига ҳисобот тақдим этади.

29-модда. Фонд бошқарувининг ваколатлари

Фонд бошқарувининг ваколатларига қуйидагилар киради:

фонднинг жорий фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш;

фонд томонидан ташкил этилган тадбиркорлик тузилмалари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш;

фонд васийлик кенгаши билан келишув асосида фонд ходимларининг штат жадвали ва иш ҳақи миқдорини белгилаш;

фонд васийлик кенгаши билан келишув асосида ваколатхоналар очиш ва филиаллар ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолияти устидан назоратни амалга ошириш;

фонднинг ваколатхоналари ва филиаллари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш, уларнинг раҳбарларини тайинлаш.

Фонд устави фонд бошқарувининг ваколатларига бошқа масалаларни ҳам киритиши мумкин.

30-модда. Фонд бошқарувининг раҳбари

Фонд бошқарувининг раҳбари фонд бошқаруви фаолиятига раҳбарлик қилади, давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва чет эл ташкилотлари, шунингдек бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда фонд номидан иш кўради.

VI. ФОНД ФАОЛИЯТИ УСТИДАН НАЗОРАТ

31-модда. Фонднинг тафтиш комиссияси

Фонднинг молиявий фаолиятини ҳамда унинг пул маблағлари тўғри сарфланиши ва мол-мулкидан тўғри фойдаланилишини назорат қилиш учун камида уч кишидан иборат таркибда фонд тафтиш комиссияси тузилади.

Фонд тафтиш комиссиясининг аъзолари фонд васийлик кенгаши томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади. Фонд тафтиш комиссиясининг таркиби, ваколатлари ва фаолият муддати фонд уставида белгиланади.

Фонд тафтиш комиссиясининг аъзолари айни бир вақтнинг ўзида фонднинг васийлик кенгаши ва бошқаруви аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Фонд тафтиш комиссияси фонд васийлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши чақирилишини талаб қилишга ҳақли.

Фонд уставида фонднинг тафтиш комиссияси аъзоларига ҳақ тўлаш ҳамда уларнинг ўз вазифаларини бажариш билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш назарда тутилиши мумкин. Тўланадиган бундай ҳақ ва компенсация миқдори фонднинг уставига мувофиқ фонд васийлик кенгаши томонидан белгиланади.

32-модда. Фонд тафтиш комиссиясининг текширувлар ўтказиши

Фонднинг молиявий фаолиятини ва фонд бошқаруви томонидан пул маблағлари тўғри сарфланаётганлигини ҳамда бошқа мол-мулкдан тўғри фойдаланилаётганлигини текширишни фонд васийлик кенгашининг қарорига биноан фонд тафтиш комиссияси фонднинг бир йиллик ёки бошқа муддатдаги фаолияти якунлари бўйича амалга оширади.

Фонднинг мансабдор шахслари фонд тафтиш комиссиясининг талабига биноан комиссияга фонднинг молиявий фаолияти тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этиши шарт.

Фонднинг молиявий фаолиятини текшириш натижалари асосида фонд тафтиш комиссияси қуйидагиларни ўз ичига олган хулоса тайёрлайди:

ҳисоботлардаги ва бошқа молиявий ҳужжатлардаги маълумотларнинг ишончли эканлигига берилган баҳо;

бухгалтерия ҳисоби юритилиши ва молиявий ҳисобот тақдим этиш тартиби бузилганлиги ҳоллари тўғрисидаги маълумот;

аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар, шунингдек фонд молиявий фаолияти самарадорлигини оширишга оид таклифлар.

33-модда. Фонд фаолиятини аудиторлик текширувидан ўтказиш

Фонд қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳар йили ўз фаолиятини аудиторлик текширувидан ўтказади.

Аудиторлик ташкилотини фонднинг васийлик кенгаши танлайди.

Фондга алоқадор шахслар фонд фаолиятини аудиторлик текширувидан ўтказишга аудитор сифатида жалб этилиши мумкин эмас.

34-модда. Фонд фаолиятини тўхтатиб қўйиш

Фонд қонун ҳужжатларини ва фонд уставида белгиланган талабларни бузган тақдирда унинг фаолияти рўйхатдан ўтказувчи органнинг аризасига биноан суд томонидан тўхтатиб қўйилиши мумкин.

Фонд фаолиятини тўхтатиб қўйиш тартиби ва муддатлари қонун ҳужжатларида белгиланади.

35-модда. Фонд фаолияти устидан давлат назорати

Фонд фаолияти устидан давлат назорати рўйхатдан ўтказувчи орган ва бошқа ваколатли органлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

VII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

36-модда. Фондни қайта ташкил этиш

Фонднинг васийлик кенгаши қарорига биноан фонд қайта ташкил этилиши мумкин.

Фонднинг қайта ташкил этилишига фақат бошқа фонд билан қўшиб юборилган, бошқа фондни бирлаштириб олган ёки бошқа фондга бирлаштирилган ҳолларда йўл қўйилади.

37-модда. Фондни тугатиш

Фондни тугатиш манфаатдор шахсларнинг аризасига асосан суднинг қарорига биноан амалга оширилади.

Фонд қуйидаги ҳолларда тугатилиши мумкин:

фонд ташкил этилишидан кўзланган мақсадга эришилганлиги муносабати билан;

фаолият муддати тугаганлиги муносабати билан;

агар фонднинг мол-мулки фонд ўз олдига қўйган мақсадларга эришиш ва вазифаларни амалга ошириш учун етарли бўлмаса, зарур мол-мулкни олиш эса эҳтимолдан йироқ бўлса;

агар фонд ўз олдига қўйган мақсадларга эришиш мумкин бўлмаса, мазкур мақсадларни эса зарур тарзда ўзгартириб бўлмаса;

фонд ўз уставида белгиланган мақсад ва вазифалардан четга чиққан бўлса;

қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Фондни тугатиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Фонднинг кредиторлар талаблари қондирилганидан кейин қолган мол-мулки фонднинг муассислари (муассиси), шунингдек фонднинг васийлик кенгаши, бошқаруви, тафтиш комиссияси аъзолари ёки фонд ходимлари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас ва ундан фонд уставида назарда тутилган тартибда, фондни ташкил этишдан кўзланган мақсадларда ва (ёки) хайрия мақсадларида фойдаланилади.

38-модда. Низоларни ҳал этиш

Фондларни ташкил этиш, уларнинг фаолият юритиши, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

39-модда. Жамоат фондлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Жамоат фондлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

 

Ўзбекистон Республикасининг

             Президенти                                                                                             И.Каримов