Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
Ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик – фуқаролик жамияти пойдевори
Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшаб, Ватанимизни янада равнақ топтириш йўлида меҳнат қилиб келишмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олишлари, қизиқиш ва лаёқатлари бўйича касб-ҳунар эгаллашлари, маданиятлари, анъана ҳамда қадриятларини сақлаш, ривожлантиришлари учун барча зарурий шарт-шароитлар яратиб берилган. Бундай эътибор натижасида кўп миллатли халқимизнинг бой тарихий-маданий мероси қайта тикланди, қадр топди.
Шунингдек, асосий Қонунимизда ҳам бошқа миллат вакилларининг ҳақ-ҳуқуқлари кафолатланган, жумладан: “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади” (4-модда) .
Президентимиз ташаббуси билан миллий маданий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида 1992 йил январда Республика байналмилал маданият маркази ташкил этилди. Ушбу даврдан бошлаб юртимизда турли миллат вакилларининг тили, маданияти ва урф-одатларини аввайлаб асрашга ҳамда ривожлантиришга хизмат қиладиган миллий-маданий марказлар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда, шу жумладан, 1995 йилда уларнинг сони 70 тага, 2000 йилда эса 100 тага етди. Бугунги кунда мамлакатимизда 140 дан зиёд миллий-маданий марказлар фаолият кўрсатмоқда.
Бугунги кунда ҳам халқлар ва динлар орасидаги бағрикенглик, толерантлик ғояси дунёда энг долзарб муаммоларидан биридир. Шу муносабат билан ЮНЕСКО ташкилоти 1995 йил Парижда "Бағрикенглик тамойиллари декларацияси"ни қабул қилди. Бирлашган миллатлар ташкилоти эса ҳар йилнинг 16 ноябрини "Бағрикенглик куни" деб эълон қилди.
Миллий-маданий марказлар жамиятимиздаги тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, миллий ва умумбашарий анъаналарни равнақ топтириш, уларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилишга ҳамда бугунги ислоҳотларимизнинг бош мақсади бўлган фуқаролик жамиятини барпо этиш ва ривожлантиришда ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Шу жумладан, улар томонидан ташкил этилаётган кўплаб тадбирлар, концерт дастурлари, бадиий кечалар, фестиваллар, кўрик-танловлар, конференцияларни алоҳида таъкидлаб ўтиш мумкин. Масалан, “Ўзбекистон — умумий уйимиз”, “Ватан ягонадир, Ватан биттадир”, “Қудратимиз — бирлик ва ҳамжиҳатликда” каби шиорлар остидаги фестиваллар кўп миллатли аҳолимизнинг чинакам дўстлик байрамига айланиб улгурган, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган санага бағишлаб ҳамда Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан илмий-амалий конференциялар, учрашувлар ўтказиш йўлга қўйилган. Булар сирасига миллий маданият кунлари, декадалари ва миллий байрамларни ҳам киритиш мумкин.
Бу борада Тошкент вилоятида фаолият олиб бораётган миллий маданий марказлар томонидан ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда. Вилоят аҳолисининг миллий таркиби жиҳатидан ўзига хос бўлиб вилоятда асосан ўзбеклар, қозоқлар, тожиклар, руслар, татарлар, корейслар, қирғизлар ва бошқа миллатлар истиқомат қилиб келишмоқда. Шу ўринда миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари томонидан миллатлараро дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ташкил этилган илмий-амалий анжуман, мажлис, “давра суҳбати” ва маърифий тадбирлар вилоятдаги маънавий ва маърифий муҳитнинг янада соғломлашувида ижобий аҳамият касб этаётганлигини таъкидлаб ўтиш зарур.
Вилоятда фаолият кўрсатаётган 26 та миллий маданий марказлар давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда 2012 йилда миллатлараро муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган 938 та илмий-амалий анжуман, мажлис, “давра суҳбати”, 544 та бадиий (концерт, учрашув, шеърхонлик) кечалари ўтказилган. Миллий маданий марказлар қошида 11 та бадиий жамоалар мавжуд бўлиб, улар вилоят, шаҳар ва туманлар миқёсида ўтказилаётган байрам тадбирларида фаол қатнашиб келиши вилоятдаги маънавий ва маърифий муҳитнинг янада соғломлашувида ижобий аҳамият касб этмоқда.
Ушбу ислоҳотлар натижасида истиқлол йилларида эришган энг катта бойлигимиз - халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётидир. Жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олийжаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун яшаш тамойили тобора мустаҳкамланиб бораётгани юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакилларининг жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда.
Ушбу эътирофнинг асосий омили мамлакатимиз Конституциясида ҳар бир шахснинг виждон ва эътиқод эркинлиги дахлсиз эканлиги белгиланганини кўрсатиб ўтишимиз мумкин. Унга кўра, “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” (31-модда). Шунингдек, бош Қонунимизнинг 18-моддасида “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар”. Республикада диний бағрикенгликни таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга ҳуқуқий қонун ҳужжатларидан бири сифатида "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонундир. Қонун 1991 йилда қабул қилинган бўлиб, 1993 йилда киритилган баъзи қўшимча ва ўзгартиришлар билан 1998 йилга қадар амалда бўлиб келди. Вақт ўтиши билан мазкур қонунни давр талабларига мос равишда тубдан ўзгартириш зарурати туғилди ва 1998 йилнинг 1 майида Республика Олий Мажлиси томонидан ушбу қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди. Асосий қонунимиз ва бошқа қонун ости ҳужжатларида шахснинг виждон ва эътиқод эркинлиги дахлсизлги ҳуқуқининг акс эттирилиши мамлакатимиз фуқароларининг виждон ва эътиқод эркинлиги таъминланишининг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Миллат ва дин вакилларининг миллий анъана ва қадриятларини янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган эзгу ишлар, кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамҳўрликлар, яратилаётган барча имконият ва шароитлар бугунги ҳаётимизда акс этмоқда. Ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистондаги диний ва миллатлараро тотувликни сақлашга доир юксак инсонпарвар сиёсат, жамиятдаги барқарорлик, ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат, мурувват ва шафқат, саховат муҳити дунёнинг кўплаб мамлакатлари учун ҳавас қилишга ва намуна бўлишга арзигуликдир.
Диний ва миллатлараро тотувликни таъминлаш ва ривожлантиришда борасида вилоятда амалга оширилган ишларнинг 2012 йил якунлари юзасидан сарҳисоб қилсак вилоятда диний-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш ва ривожлантириш юзасидан 6098 та ўқув семинарлар, учрашувлар, “давра суҳбат”лари ўтказилган бўлса, диний экстремистик оқим аъзолари, уларнинг оила аъзолари, “тариқатчилар”, “отинойилар” ва миссионерлар билан якка тартибда 816 та суҳбатлар ўтказилган. Вилоят ОАВларида диний-маънавий ҳолатни соғломлаштиришга доир 190 та чиқишлар амалга оширилган: жумладан, 59 та - ТВ кўрсатувлар, 19 та – радио эшиттиришлар берилган ҳамда газета ва интернет сайтларида 136 та мақолалар чоп этилган.
Ўтказилаётган тадбир, “давра суҳбати” ва семинарларда “Ҳозирги замон ва динлараро мулоқат”, “Ўз уйингни ўзинг асра”, “Огоҳликни мен қандай ҳис этаман”, “Ёшлар диний экстремизмга қарши”, “Диний бағрикенглик ва динлараро муносабатлар” каби мавзулар доирасида ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Дарҳақиқат, вилоятимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакиллари ягона оила бўлиб, Ватанимиз равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб, бундан рағбат, файзу барака топмоқдалар. Зеро, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик фуқаролик жамияти ривожланишининг асосий мезонларидан бири бўлиб, ушбу тамойиллар Юртимиз тараққиёти ва тинчлигининг гаровидир.
Хулоса қилиб айтганда, юртимизда миллатлараро ва динлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва ташаббусларнинг пайдо бўлаётганлиги дўстлик ва ҳамжиҳатлик қўрғонининг янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилади. Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек “Ўзбекистоннинг бойликлари кўп, лекин бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз – жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамкорликдир”.
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси Тохир Хатамов
“Тошкент ҳақиқати” 29.06.2013й №53