Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
ХОТИН-ҚИЗЛАР ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЭРКИНЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ - фуқаролик жамияти барпо этишнинг муҳим омилидир
Пойтахтимизда “Хотин-қизлар ҳуқуқлари ва эркинлиги, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маданий ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш: Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида халқаро конференция ўтказилди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, жамоат бирлашмалари ҳамда бир қатор халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда Америка Қўшма Штатлари, Италия, Германия, Хитой Халқ Республикаси, Малайзия, Россия, Молдова каби қатор давлатлардан экспертлар, шунингдек, мамлакатимиз парламенти аъзолари, фуқаролик жамияти институтлари, илмий тадқиқот марказлари ҳамда ҳудудий хотин-қизлар қўмиталари раислари қатнашди.
Конференцияда Ўзбекистонда хотин-қизлар масаласининг ҳал этилиши, оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, “Соғлом она — соғлом бола” тамойилини ҳаётга кенг татбиқ этиш, аёлларнинг жамиятдаги ўрнини кучайтириш каби йўналишларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хорижий мамлакатлар аёллари ҳаракатининг бу борадаги тажрибалари атрофлича муҳокама қилинди.
Маълумки, мамлакатимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, сиёсий фаоллигини ошириш, касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом оилани шакллантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар тизимли равишда олиб борилмоқда.
Конференцияда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларни иш билан таъминлаш ва уларнинг иқтисодий жабҳадаги фаоллигини юксалтириш, хотин-қизларнинг таълим ва фандаги ролини кучайтириш, бу борада фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ишини мувофиқлаштириш ва ўзаро ижтимоий ҳамкорлик самаралари хусусида миллий ва хорижий мутахассислар томонидан маърузалар тингланди.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, мустақиллик йилларида аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар қабул қилинди. Уларда аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган нормалар ўз ифодасини топди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 10 июндаги Фармони асосида таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти ва унинг соҳибалари, уларнинг бугунги кунда эришаётган ютуқлари алоҳида эътироф этилди. Дарҳақиқат, 2000 йилдан буён аъло хулқи, зукколиги, ўқишдаги муваффақиятлари, ташаббускорлиги билан ноёб истеъдодини намоён этаётган иқтидорли қизлар адабиёт, маданият, санъат, фан ва таълим йўналишларидаги ютуқлари учун тақдирланаётган мазкур мукофот соҳибалари орасида фан номзодлари, халқаро олимпиадалар, санъат танловлари ғолиблари бор.
— Ёш бўлса-да, Давлат мукофотига сазовор бўлган қизлар учрашув чоғида мени жуда ҳайратда қолдирди, — дейди АҚШ Аёллар ташкилотлари миллий кенгаши раиси Сьюзен СКЕНЛАН. — Қизларнинг шарқона лутфи, хорижий тилларда эркин сўзлашиши, бадиий ижодни юксак даражада тушуниши ва тингловчига етказиб бериш иқтидори таҳсинга лойиқ. Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари орасида деярли барча соҳаларда ютуқларга эришган қизларни кўриш мумкин. Бундай имконият, албатта, юртингиз равнақи учун жуда ҳам муҳим. АҚШ мисолида айтадиган бўлсам, бизда кўпроқ бизнесга катта эътибор қаратилган. Бизнес билан шуғулланадиган корпорациялар 500 га яқин бўлиб, улардан 11 тасини аёллар бошқаради. Албатта, Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибаларини ўрганиш, ўзимизникини уларга кўрсатиш ва шу тариқа давлатларимиз ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш бугун айни муддао.
Ўзбекистонда оналик ва болалик муҳофазасига алоҳида эътибор қаратиш, уларнинг саломатлигини асраб-авайлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, “Соғлом она — соғлом бола” дастури умуммиллий ҳаракатга айланди. Чунончи, жойларда (оила, маҳаллалар, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида) аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, репродуктив саломатликни асраш каби мавзуларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётир. Бунинг самарасида Ўзбекистон дунёнинг 125 давлати орасида хотин-қизлар учун қулай шароитлар яратиш ва оналикни муҳофаза қилиш борасида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Жаҳон рейтингида мамлакатимиз ўсиб келаётган ёш авлод саломатлиги ҳақида энг кўп ғамхўрлик кўрсатаётган давлатлар ўнталигига киритилди.
Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимиз ва вилоятларимизда замонавий диагностика, скрининг ва перинатал марказлари, янги туғуруқ мажмуалари барпо этилаётгани, биргина “Она ва бола скрининги” Давлат дастури доирасида барча минтақавий марказлар бюджет маблағлари ҳисобидан замонавий диагностика ва лаборатория ускуналари, зарур материаллар билан таъминлангани, ўз навбатида, кўплаб ирсий касалликларнинг олдини олиш ва даволашни юқори даражага кўтариш болаларнинг ирсий хасталиклар билан ва нуқсонли туғилишининг хавфини камайтириш имконини бермоқда.
— Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган ислоҳотлар самарасини кўриб, танишиб, очиғи, бу борада катта ишлар олиб борилаётганига гувоҳ бўлдик, — дейди БМТнинг Аёллар тузилмаси лойиҳа координатори Виталий ТАБАРЧА. — Бу рақамларда ҳам кўриниб турибди. Айниқса, қабул қилинган давлат дастурларида оналар ва болалар саломатлигини асраш учун ажратилаётган маблағлар ва шунинг асносида ҳудудларда бепул тиббий текширувлар ўтказилаётгани, шубҳасиз, соғлом авлод туғилиши ва вояга етиши учун ҳукумат томонидан кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрлик натижасидир. Кўпгина мамлакатларда соғлиқни сақлашдаги барча харажатлар фақат тиббий суғурта ҳисобидан амалга оширилади. Ўзбекистонда эса ушбу тизим давлат томонидан молиялаштирилаётгани — бу жуда катта муваффақият.
Хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида олиб борилаётган ишларга конференция давомида алоҳида тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, аёллар бандлигини таъминлашга қаратилган дастурлар асосида яратилаётган иш ўринлари йилдан-йилга ортиб бормоқда. Жумладан, 2012 йилда хотин-қизлар учун 430 607 та иш ўрни яратилган бўлса, 2013 йилнинг биринчи чораги давомида бу кўрсаткич 114 мингтани ташкил этди.
— Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида мамлакатингиз эришаётган ютуқлар ҳар қанча эътирофга сазовор, — дейди Малайзия тадбиркор аёллар халқаро ассоциацияси президенти Нозаризах БОРХАН. — Айниқса, уй меҳнатини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар диққатимни тортди. Бу, ўз навбатида, аёлларнинг оила моддий фаровонлигига муносиб улуш қўшишларига, шу билан бирга, фарзанд тарбияси билан бевосита шуғулланишларига имкон беради.
Юртимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар самараси ўлароқ, республика тижорат банклари томонидан 2012 йилда 491,7 млрд. сўм кредит ажратилди. “Обод турмуш йили” Давлат дастурига кўра, 2013 йилнинг биринчи чораги давомида оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида 319 млрд. сўм йўналтирилгани хотин-қизларнинг ўз бизнесларини йўлга қўйишларига шароит яратмоқда.
— Ўзбекистонда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар, ўтказилаётган лойиҳаларнинг қиймати жуда катта, — дейди Германия Омонат кассалари жамғармаси департаменти директори Матиас ФОСС. — Жамғарма қошида ташкил этилган ахборот-маслаҳат марказимизда ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган хотин-қизларга зарур маслаҳатлар берилмоқда. Ҳозир ўзига ишончи мустаҳкам 130 нафар аёл лойиҳа доирасида Ўзбекистон банклари томонидан 1 млрд. 988 млн. сўм миқдорида кредит олишга муваффақ бўлди. 515 нафардан кўп хотин-қиз ўзига муносиб иш билан таъминланди. Малакали мутахассислар, экспертлар томонидан ўтказилаётган иқтисодий тренинглар натижасида кўплаб иштирокчи аёллар тадбиркорлик фаолиятининг муҳим жиҳатлари, бу борада қабул қилинаётган миллий қонунчилик меъёрлари билан атрофлича таништирилаётгани диққатга сазовор.
Анжуманда аёллар меҳнатини муҳофаза қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларга ҳам тўхталиб ўтилди. Чунончи, шу бўйича кейинги йилларда корхона, ташкилот ва муассасаларда имзоланаётган жамоа шартномаларига аёллар учун қўшимча имтиёзлар, хусусан, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ҳомиладор ва ёш болали аёлларга қўшимча таътиллар бериш, 2 ёшгача фарзанд тарбияси билан банд бўлган ишловчи аёлларга қўшимча меҳнат таътиллари куни белгилаш ёки қўшимча дам олиш куни бериш каби мажбуриятлар киритилди. Бу, ўз ўрнида, аёл меҳнатини бола тарбияси билан қўшиб олиб бориш, оналик ва болаликни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш имконини яратади.
Юртимизда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш йўналишида 539 та ННТ самарали фаолият юритмоқда. Экспертлар “Тадбиркор аёл” уюшмаси, “Аёллар Кенгаши” Республика жамоатчилик фонди, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, “Меҳр нури” жамғармаси ва бошқа бир қатор ташкилотлар, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институти — маҳалла фаолиятига катта қизиқиш билдиришди.
Конференция доирасида иштирокчилар учун Тошкент Фотосуратлар уйида “Шанхай аёллари ҳаётидаги ажойиб бир кун” мавзусида фотокўргазма намойиш этилди.
— Ўзбек аёлларининг хислати, фазилатлари Хитой аёллариникига жуда ўхшаш, — дейди Шанхай аёллар федерацияси президенти Цзяо ЯН. — Айниқса, уларнинг тежамкорлик, оила, фарзанд тарбиясига масъулият билан ёндашиши, миллий қадриятларга риоя этишлари, умуман, ҳаёт тарзимиз, интилишимиз ҳам бир-бирига ҳамоҳанглиги юртингизга бўлган қизиқишимни орттирди. Айнан шу боис илк маротаба Ўзбекистонда фотокўргазма ташкил этиб, Хитой аёлларининг яшаш тарзини суратлар орқали изоҳлашга ҳаракат қилдик. Биласизми, халқнинг кучи, аввало, аёлларнинг иқтидори, улар яратаётган ишларга бевосита боғлиқ. Ўзбекистонда ана шундай сиёсат туфайли бугун хотин-қизлар ўз иқтидорларини тўла-тўкис намоён этмоқдалар.
Конференция доирасида хорижий экспертлар мамлакатимизда хотин-қизларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишлари учун, даставвал, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари билан учрашишди, ҳунарманд, тадбиркор аёллар томонидан яратилган миллий маҳсулотлар кўргазмаси билан яқиндан танишишди. “Ўзбекистон маданияти ва санъати” форуми жамғармасининг аёллар жамоат ташкилотлари пойтахтимиз меҳмонлари учун ўз фаолияти юзасидан тақдимот ўтказди. Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида учрамайдиган ягона миллий тизим — маҳалла институти тажрибаси билан таништириш мақсадида меҳмонларнинг Тошкент шаҳридаги “Журжоний” маҳалла фуқаролар йиғинига, шунингдек, баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги кенг ислоҳотларни тарғиб этиш мақсадида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси қошидаги “Тиббий ижтимоий” марказига ташрифи ташкиллаштирилди.
Конференцияда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг бандлиги, меҳнат ва таълим олиш шароитларини яхшилаш, аёлларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом оилани шакллантириш ва мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оилалар билан ишлашни кучайтириш борасида қизғин фикр-мулоҳазалар ўртага ташланиб, зарур тавсия ва таклифлар билдирилди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.
Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» №109(5783) 06.06.2013 й.