Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
Республикамиз ҳудудларида ўтказилган сайёр қабулларнинг якунлари
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти фаолияти йўналишларидан бири халқ билан мулоқот ҳолатини ва ривожланишини чуқур ўрганиш, давлат органлари фаолияти очиқлигининг, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилишининг тизимли мониторингини йўлга қўйишдир.
Шу ўринда Институт жорий йилнинг март-июнь ойларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан ташкил этилган қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари иштирокида жойларда сайёр қабуллар мониторингини олиб борди.
Ушбу сайёр қабулларда вазирлик ва идоралар, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари масъул ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари масалаларига тегишли бошқа тузилмалар вакиллари иштирок этишди.
Қабуллар мақсади – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни мазмун-моҳиятини аҳолининг барча қатламларига ҳамда жойлардаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакилларига тушунтириш; халқ билан очиқ мулоқотнинг ривожланишига кўмаклашиш; давлат органлари фаолияти очиқлигини йўлга қўйиш; жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқишда масъул шахсларнинг масъулиятини ошириш ҳамда ушбу йўналишда ишлар самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, Президент номига Ўзбекистон Республикаси Виртуал қабулхонаси ва Қўнғироқларни қайта ишлаш марказидан (телефонлар 10-00, (0800) 210-00-00), Халқ қабулхоналари ҳамда сайёр қабуллар давомида келиб тушган қўшимча мурожаатларнинг умумий сони 8754 тани ташкил этди.
Ҳудудлар кесимида келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳри (20%) ва Тошкент вилояти (17%)дан келиб тушганини кўрсатмоқда. Кейинги ўринларни Сурхондарё (8,1%), Жиззах (7,3%), Хоразм (6,7%), Самарқанд (6,5%) вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси (5,3%), Бухоро (5,3%), Фарғона (4,3%), Сирдарё (4,2%), Андижон (4,1%), Қашқадарё (3,9%), Наманган (3,6%) ва Навои (2,9%) вилоятлари эгалламоқда.
Мурожаатларнинг аксарият қисми уй-жой хўжалиги (13%) ва суд-ҳуқуқ соҳасидаги муаммолар билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий масалалар (10,5%)га тегишли. Энг кам кўтарилган масалаларга моддий ёрдам ажратиш (3,2%), суд қарорлари ижросини таъминлаш (3%), давлат органлари фаолияти (2,8%)га оид муаммоларни қайд этиш мумкин.
Келиб тушган мурожаатларнинг кўп қисми жойларда ҳал қилинган бўлиб, қолган муаммолар юзасидан мутасадди ташкилотларга уларни ечиш борасида аниқ топшириқлар берилган.