Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

Ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси Тошкент вилояти фаоллари муҳокамасида

26.01.2017 - 13:00

Жорий йилнинг 25 январь куни Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг мажлислар залида Тошкент вилоятидаги мутасадди ташкилотлар, муассасалар ва вилоят фаоллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Институтнинг Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан ташкил этилган давра суҳбатидан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган йиғилишида сўзлаган нутқида белгилаб берилган вазифаларни, шунингдек 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасини вилоятнинг ташкилот ва муассасалари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида атрофлича муҳокама қилиш ва тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

Давра суҳбатида Тошкент вилояти ҳокимлиги, Тошкент вилояти Адлия бошқармаси, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси, сиёсий партиялар вилоят кенгашлари, Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси, «Нуроний» жамғармаси Тошкент вилояти бўлими, «Камолот» ЁИҲ Тошкент вилояти Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси ходимлари, тадбиркорлар, фермерлар, ННТ ва ОАВ вакиллари, жами 90 нафардан ортиқ фаоллар иштирок этди.

Учрашув давомида Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгиланган вазифалар атрофлича муҳокама қилинди, вилоятда амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил қилиниб, муаммоларни бартараф этиш йўллари белгиланди.

Шунингдек, давра суҳбати давомида ҳозирги пайтда юртимиз жамоатчилиги томонидан кенг муҳокама қилинаётган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси” лойиҳаси тўғрисида экспертлар томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Бу лойиҳада белгиланган вазифалар мутасадди ташкилотлар, муассасалар раҳбарлари, вилоят фаоллари билан кенг муҳокама қилинди, зарур таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари, давра суҳбати иштирокчилари мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев пойтахт вилоятининг истиқболи тўғрисида алоҳида ғамхўрлик кўрсатаётганлари, аҳоли фаровонлигини ошириш, ҳаёт сифатини кўтариш, ёшларни юқори ҳақ тўланадиган иш билан таъминлаш, она ва бола саломатлигини, умуман, соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан яхшилашга жуда катта эътибор бераётганларини таъкидлаб ўтдилар. Муҳокамалар жараёнида вилоят фаоллари, қай соҳада бўлмасин, раҳбарлик курсисини эгаллаб ўтирган шахснинг масъулияти юз карра ошганини, ён-атрофда бўлаётган ишларга бевосита дахлдорлик ҳисси энди ҳар бир раҳбар учун шахсий жавобгарлик туйғуси билан боғланиши лозимлигини қайд этдилар.

“Ҳаракат стратегияси” муҳокамаси давомида ушбу ҳужжатда белгиланган устувор йўналишлар, жумладан, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш ҳамда хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги янгиланишлар Ўзбекистонни янада юксакликка кўтариши, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўринга сазовор бўлишига хизмат қилиши таъкидланди.

 “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” демократиянинг энг муҳим талаби бўлган ошкоралик, халқчиллик ва инсонпарварлик тамойилини давр талабига айлантиргани, одамлар қалбида, дилида тўпланиб қолган муаммолар, шикоятлар энди ўз ечимини осон ва тез топиши даркорлиги тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Учрашувнинг мазмуни фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштириш, ҳокимият идоралари устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, ижтимоий ҳамкорлик муҳитини яхшилаш, ижтимоий ҳимоя тизимини юқори босқичга кўтариш ғоялари билан бойитилди.

Шу билан бирга, мутахассислар томонидан ижтимоий-фойдали меҳнатга жалб этилмаган, вояга етмаган ёшлар орасида жиноятчилик масаласи ҳам давра суҳбати давомида муҳокама этилди. Адлия бошқармаси, прокуратура ва ички ишлар идоралари фаолиятига жамоатчилик кўмагини ошириш тўғрисида тегишли таклифлар билдирилди.

Учрашув қатнашчилари ишлаб чиқилган таклиф ва тавсияларнинг муҳимлигини алоҳида эътироф этиб, уларнинг вилоят миқёсида самарали татбиқ этилишига, пировард мақсадда, мамлакатимизнинг яқин истиқболдаги ривожланишига муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирдилар.

Учрашув сўнгида Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тегишли ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда вилоятнинг туман ва шаҳарларида “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси” лойиҳасининг кенг жамоатчилик муҳокамасига бағишланган қатор тадбирлар ўтказилишига келишиб олинди.

                                                                                              Институт Ахборот хизмати