Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейин бозор муносабатларига асосланган иқтисодиёт йўлини танладик. Бу йўлда асосий эьтибор фуқароларнинг кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратиб беришга қаратилди. Натижада хусусий мулк, хусусий тадбиркорлик, кичик ва оилавий бизнес тушунчалари пайдо бўлди.

Ўз навбатида бир қатор қонун ҳужжатлари, фармон ва қарорлар қабул қилиниб, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, соҳа вакиллари фаолиятини рағбатлантириш, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Қувончлиси, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш, хусусий сектор вакилларига кенг имконият ва имтиёзлар яратиш борасидаги ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилмокда. Ўзбекистан Республикаси Президентининг шу йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бунга ёрқин мисол бўлади. Ушбу Фармон кичик биз­нес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, республикада инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан айниқса, аҳамиятлидир. Фармонга мувофиқ, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинади.

Бутун мамлакатимизда бўлганидек, Андижон вилоятида ҳам тадбиркорлик субъекатларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, улар олдида турган тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, уларнинг фаолиятига салбий таъсир қилувчи турли хил текширишларни камайтириш ҳамда тадбиркорлар ҳуқуқларини мустаҳкам ҳимоя қилиш  бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Маълумотларга кўра, биргина жорий йил­нинг биринчи ярмида судларга тадбиркорлар манфаатларини кўзлаб 1152 та даъво аризалари киритилган. Шундан 891 таси қаноатлантирилган ёки 35807,9 миллиард сўм маблағлар тадбир­корлик субъектларини фойдасига ҳал қилинган.

Савдо-саноат палатасининг вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан вилоят ҳокимлиги ва вилоят прокуротураси билан ҳамкорликда “Ягона дарча” марказларида “Тадбиркорлар куни” тадбирлари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг биринчи ярми давомида 400 дан ортиқ мана шундай тадбирлар ўтказилиб, уларда 13500 нафардан зиёд тадбиркорлар иштирок этган. Тадбиркорлардан тушган 810 та мурожаатлар мутасадди ташкилотлар билан биргаликда ўрганилган ва тегишли чоралар белгиланган.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида мутасадди ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш, улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда услубий ва амалий ёрдамлар кўрсатиш мақсадида жами 15 марта семинарлар ташкил қилинган. Семинарларда 2500 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этиб, ўз билим ва малакасини оширганлар.

Мухтарсар қилиб айтганда, ўтган даврда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг фаолиятига нисбатан ҳар қандай тўсиқ ва ғовни бартараф этиш ҳамда қонун ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилишга алоҳида эътибор қаратилди ва ушбу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Зеро, тадбиркорлик субъектлари вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ва ишонли ҳимоя қилиш, улар учун қулай  ишбилармонлик муҳитини яратиш –  аҳоли фаровонлигини янада ошириш ва иқтисодиётимизни барқарор суръатлар билан ривожланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 

Тоҳиржон Аҳмадалиев,

Институтнинг  Андижон ҳудудий

бўлинмаси раҳбари  ўринбосари

Мақола «Oltinko’l» газетасининг  2016 йил 15 октябрь №42 (3132) сонда чоп этилган