Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
Давлат грантлари ижтимоий лойиҳалар рўёби учун
Мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига молиявий кўмак берилиши натижасида улар ўз фаолиятларини ривожлантириш баробарида умумаҳамиятли долзарб вазифаларни бажарилишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Хусусан, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан 6 та танлов ўтказилди. Давлат ижтимоий буюртмаси тақдим этиш ва давлат грантлари ажратиш бўйича ўтказилган мазкур танловларда 214 та лойиҳа ғолиб деб топилди ва уларнинг амалдаги рўёби учун 5 миллиард 230 миллион сўм ажратилди.
Ана шу фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси яқинда ННТлар ва оммавий ахборот воситалари ўртасида ўтказилган бешинчи ва олтинчи танловлар ғолибларини эълон қилди. Улар орасида вилоятимиз вакиллари ҳам борлиги қувончлидир.
Жумладан, “Атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларини ҳал этишда аҳоли, фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш” мавзусидаги бешинчи танловда “Тиббиёт ва замон” журнали таҳририяти ҳамда “Барҳаёт сайёра” табиатни муҳофаза қилишда кўмаклашиш ва ушбу йўналиш ҳаракатларини қўллаб-қувватловчи экология маркази лойиҳалари ғолиб чиқиб, 25 миллион сўмлик грант шаклидаги давлат бюджети маблағлари билан молиялаштирилди. “Мустақиллик йилларида республика ҳаётининг турли соҳаларида эришилган ютуқлар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш” мавзусидаги олтинчи танловда эса “Келажак нури” нодавлат нотижорат ташкилоти, “Репетитор” ва “Ўзбегойим” газеталари таҳририятлари ҳам шу миқдордаги давлат грантларига сазовор бўлдилар. “Репетитор” лойиҳаси “Мамлакатимизда юритилаётган кучли ижтимоий сиёсатни ноанъанавий усуллар орқали тарғиб қилишда ва таълим жараёни муаммоларига танқидий - таҳлилий муносабат билдиришда ёшлар нодавлат нашрининг ўрни” масалаларига бағишлангани билан долзарбки газета таҳририяти грант доирасидаги тарғибот тадбирларини бошлаб юборди. Чунончи илк учрашув Андижон Давлат университети қошидаги Асака академик лицейида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан “Касб байрами – умумхалқ байрами” мавзуида бўлди.
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Наманган ҳудудий бўлинмаси вилоятимиздаги нодавлат нотижорат ташкилоти ва оммавий ахборот воситаларининг давлат гранти доирасида амалга ошираётган тадбирларини мунтазам равишда мониторинг қилиб боради. Давлат грантига сазовор бўлган ННТ ва таҳририятлар лойиҳа доирасидаги тадбирларни ўз вақтида ва юқори савияда амалга ошириб борсалар ҳамда Жамоат фонди билан тузган шартномалари талабларига қатъий риоя қилсалар мақсадга мувофиқ бўлади.
2015 йилда ғолиблар сафидан жой олган вилоятимиздаги 1 та маҳалла фуқаролар йиғини, 9 та нодавлат нотижорат ташкилоти ва 8 та газета таҳририяти 221 миллион 307 минг сўмлик грант маблағлари билан молиялаштирилган. 2016 йилнинг ўтган даврида 1 та маҳалла фуқаролар йиғини, 3 та нодавлат нотижорат ташкилоти, 1 та журнал ва 4 та газета таҳририяти ғолиб деб топилди ва бу лойиҳаларга 225 миллион сўм сармоя йўналтирилди. Қиёслар шуни кўрсатмоқдаки, ғолиблар сони ўтган йилга нисбатан 50 фоизга камайган бўлсада, лойиҳалар учун ажратилган маблағ миқдори 3 миллион 693 минг сўмга ортган. Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, 2015 йилда ўтказилган 3-танловдан бошлаб ғолиб топилган ҳар бир лойиҳа 15 миллион сўм ўрнига 25 миллион сўмгача миқдорда молиялаштирилиши белгиланди.
Шунингдек, жорий йилнинг 20 сентябридан 20 октябригача “Нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатда кучли фуқаролик жамиятини барқарор ривожлантиришни таъминлашга ва ижтимоий шерикликни янада рағбатлантиришга қаратилган лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш” мавзусидаги қўшимча давлат гранти танлови эълон қилинди.
Ўйлаймизки, мазкур танловда ҳам вилоятимизда фаолият кўрсатаётган ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўзларининг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалари билан фаол иштирок этадилар ва ғолиблар қаторидан ўрин олиб, долзарб ижтимоий масалаларни ҳал этишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ижтимоий шериклик намуналарини кўрсатадилар.
Расулбек Умматов,
Институтнинг Наманган вилояти
ҳудудий бўлинмаси катта мутахассиси
Мақола «Наманган ҳақиқати» газетасининг 2016 йил 19 сентябрь №84 (19289) сонда чоп этилган.