Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

Мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда ёшлар тадбиркорлигининг ўрни

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, республикада инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида зарур норматив-ҳуқуқий база яратилиб, замон талабларидан келиб чиққан ҳолда мунтазам равишда такомиллаштирилиб борилмоқда.

Бу борада, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан мустаҳкамлаб қўйилганини қайд этиш лозим. Жумладан, жорий йилнинг 15 сентябрида қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 3-моддасига “ёшлар тадбиркорлиги” асосий тушунчалардан бири сифатида киритилди. Унга кўра ёшлар тадбиркорлиги деганда, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ёш фуқаролар томонидан, шунингдек таъсисчилари ёш фуқаролар бўлган юридик шахслар томонидан амалга ошириладиган тадбиркорлик фаолияти тушунилади.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов бошчилигида бу йўналишда кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилинганини таъкидлаш лозим. Хусусан, “Таълим муассасалари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ва “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашни янги даражага олиб чиқди.

Шуни таъкидлаш жоизки, тадбиркор ёшлар сафининг кенгайиши малакали кадрлар тайёрлаш баробарида миллий иқтисодиётни инновацион ривожланиш йўлидан боришини таъминлайди. Шу боис бугунги кунда давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан соҳада бир қатор самарали ишлар қилинмоқда.

Хусусан, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббуси билан бир қатор вазирлик, идоралар ва тижорат банклари ҳамкорлигида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мисол учун, Ҳаракат томонидан 2016 йилнинг 1-ярми давомида жами 24 мингдан зиёд тадбир ташкил этилиб, шундан, 3 мингдан ортиғи тадбиркорликни ривожлантириш йўналишида ўтказилди.

Мазкур тадбирлар орасида “Менинг бизнес ғоям”, “Ёш тадбиркор — юртга мададкор” каби танловлар – кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга, ёшлар эришаётган илғор натижаларни тарғиб қилишга, ёшларда мулкдор бўлиш ҳиссини кучайтиришга, тадбиркорларнинг имкониятларини юзага чиқаришга хизмат қилмоқда.

Жумладан, 2011 йилдан бери ўтказиб келинаётган “Менинг бизнес ғоям” танловида қарийб 577 минг 932 нафар йигит-қизлар иштирок этди. Улардан 2 373 нафарига 20 млрд. сўмдан ортиқ кредитлар ажратилди. Эртамиз эгаларининг бизнес лойиҳалари қўллаб-қувватланиши натижасида 5218 та иш ўрни яратилди. Саккиз йилдан буён ўтказилаётган “Ёш тадбиркор — юртга мададкор” танловида эса кредит олишга тавсия этилган ёшлар сони 9 472 нафарга етди. Шу пайтгача уларга берилган кредитлар туфайли 18 мингга яқин иш ўринлари вужудга келди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 8 июнида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати таъсисчилигида “Республика ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш Маркази” нодавлат нотижорат ташкилоти давлат рўйхатидан ўтказилди. Марказ фаолиятининг асосий мақсадлари ёшларнинг мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларда иштирокини янада фаоллаштириш, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва уларни ҳаётга татдиқ этишга кўмаклашишдан иборат.

Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларнинг паррандачилик, балиқчилик, иссиқхона, чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги ва бошқа кичик бизнес турлари билан шуғулланишлари учун ўзида намунали бизнес режалар тўпламлари, савол-жавоб учун ишонч телефони ва бошқа интерактив хизматлар мужассам бўлган интернет сайт яратиш ва мутахассисларнинг онлайн маслаҳатхонасини ташкил қилиш мақсадида интерактив онлайн хизматларини ўзида акс эттирган сайти фаолияти йўлга қўйилди.

Шунга қарамасдан, эришилган ютуқлар кўламини ошириш, уларни изчил давом эттириш, бугунги ўсиб келаётган ёшлар талабини тўла қондириш, улар учун янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш мақсадида мазкур соҳага оид республикамизда фаолият юритаётган давлат ва нодавлат ташкилотларини ижтимоий шерикчилик асосида бирлаштириб, фаолиятларини уйғунлаштириш имконини яратиш эҳтиёжи сезилмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил
5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони айни муддао бўлди.

Мазкур фармон, энг аввало, хусусий мулкни хуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ва ушбу соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишига қаратилган.

Хусусан, Фармон “кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик”ни энг муҳим устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида мустаҳкамлайди.

Фармонда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашишдан ишончли ҳуқуқий кафолатларни таъминлашга йўналтирилган давлат назоратининг принципиал жиҳатдан янги бир қатор механизмлари белгиланган.

Шунингдек, фармон қоидаларини амалда рўёбга чиқариш мақсадида тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, хусусий мулкчиликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш борасида бешта энг устувор соҳа бўйича 42 та аниқ чора-тадбир амалга оширилишини назарда тутувчи Комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Умуман олганда, Фармоннинг амалга оширилиши мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантиришнинг асосий омили сифатида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлидаги маъмурий ғовлар ва сунъий тўсиқларни бартараф этиш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти томонидан белгиланган йўлнинг узвийлиги ва изчиллигини таъминлаш имконини беради.

Хулоса қилиб айтганда, ҳужжатда тадбиркорларнинг, жумладан ёш тадбиркорларнинг ўз фаолиятларини эркин амалга оширишлари учун барча қулайликларни яратишга алоҳида эътибор берилган.

Ёшлар мамлакат иқтисодий ҳаётида катта куч ва ғайрат сарфлашга қодир, ҳаракатчан, барча янги ҳодисаларни тез қабул қилувчи ва ўзлаштирувчи жамиятимизнинг фаол қисми ҳисобланади. Уларни тадбиркорликка жалб этиш, янгича фикрлайдиган тадбиркорлар авлодини шакллантириш бугунги куннинг талабидир. Шу сабабли ёшларни тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишини рағбатлантириш аввало уларнинг иш билан таъминланишига ёрдам беради, қолаверса мамлакатимиз иқтисодиётини янада юксалишида муносиб хисса бўлиб қўшилади.

Саиджасур Саидқодиров

Институтнинг етакчи мутахассиси