Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш ва хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари

Жорий йилнинг 12 октябрь куни Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг конференц-залида Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси, Тошкент вилояти Адлия бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш ва хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, тадбиркорларнинг соҳага оид ҳуқуқий билимларини ошириш, мамлакатимизда хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳуқуқий ҳимоя қилишга доир олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ёритиш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда ва ташкил этишда тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш, муҳокама этиш ва уларни бартараф этиш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

Давра суҳбатида Фуқаролик жамияти шакилланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси мутахассислари, вилоят Адлия бошқармаси вакиллари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси ходимлари, Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутатлари, Тошкент вилоятида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари, фуқаролар йиғинлари раислари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда мустақилликнинг ўтган 25 йили давомида мамлакатимизда изчиллик билан босқичма-босқич тарзда олиб борилаётган ислоҳотлар доирасида хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, тадбиркорларга эркинлик бериш, бу йўлда ғов бўлиб турган барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш йўлида амалга оширилаётган ишларнинг ўрни беқиёслиги таъкидланди.

Тадбирда жорий йилнинг 5 октябрь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони ҳам айни шу соҳадаги ҳозирги амалиётни чуқур таҳлил қилиш, истиқболни ўйлаб ундан хулоса чиқариш натижасида вужудга келган муҳим дастуриламал ҳужжат бўлганлиги ҳамда ушбу Фармон мамлакатимизда қулай бизнес ва инвестицион муҳитни шакллантириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши айтиб ўтилди.

Шунингдек, маърузачилар томонидан мазкур Фармон “кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик”ни энг муҳим устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида мустаҳкамлашини ва Фармонга кўра жорий этилаётган муҳим янгиликлардан бири Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этилиши қайд этиб ўтилди.

Шу билан биргаликда тадбир давомида Фармон асосида коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, давлат ва бизнеснинг ўзаро ҳамкорлигидаги маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, давлат ресурсларидан фойдаланишнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш доирасида умумий эътироф этилган халқаро стандартлар асосида ва қонунчиликни янада либераллаштириш мақсадида бир қатор қонунларни, шу жумладан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”, “Давлат харидлари тўғрисида”, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги бир қатор янги қонунларни қабул қилиш, амалдаги “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонунга, Жиноят кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Солиқ кодексига, Жиноят-процессуал кодексига ва бир қанча бошқа қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилганлиги айтиб ўтилди.

Бундан ташқари маърузачилар томонидан фуқаролик жамияти иқтисодий жиҳатдан мамлакатда хусусий мулкчиликка кенг йўл очиб беришга қаратилган бозор иқтисодиёти шаклланишига ҳамда эркин иқтисодий фаолият таъминланишига асосланиши қайд этилиб, ушбу фармоннинг қабул қилиниши эса мамлакатимизда шахснинг мулкий мустақиллиги тан олиниши, шунингдек, фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши ва ундан манфаатдор бўлиши учун кафолатлар ҳамда шароитлар яратишда мустаҳкам ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилиши таъкидланди.

                                                                                                        Институт  Ахборот хизмати