Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

Сайловлар - фуқаролик жамияти шаклланишидаги асосий омил

Жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссияси томонидан мазкур сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Асосий тадбирлар дастури қабул қилинди ва дастурда белгиланган вазифалар изчил амалга оширилиб келинмоқда. 

Маълумки ҳуқуқий демократик давлат ҳамда очиқ фуқаролик жамиятини барпо этиш халқ ҳокимиятчилиги конституциявий тамойилларини рўёбга чиқариш, демократик сайловларни ташкил қилиш ва ўтказиш учун зарур шароит яратиш билан узвий боғлиқдир. 

Сайловлар замонавий демократиянинг муҳим институти, халқ ўз хоҳиш-иродасини билдириши ҳамда сиёсий жараёнларда, жамият ва давлат ишларини бошқаришда, шу жумладан, ҳокимиятнинг вакиллик органларини шакллантиришда иштирок этишининг асосий воситаларидан бири ҳисобланади. Эркин сайловлар нафақат ҳокимиятни шакллантириш тамойили, айни пайтда унинг халқ олдидаги жавобгарлиги ифодаси ҳамдир.

Шу билан бирга, сайлов натижалари сиёсий партияларнинг таъсир даражасини холис баҳолаш имконини беради, сайловчилар кайфиятини, мамлакат сиёсий ҳаётида кечаётган тенденцияларни кўрсатади.

Давлатнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи кўп жиҳатдан ушбу мамлакатда амал қиладиган сайлов тизимининг демократик тамойилларга мувофиқлиги билан боғлиқдир. Шу маънода, Ўзбекистонда сайлов тўғрисидаги қонунчиликнинг изчил такомиллаштирилишини демократик ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми сифатида кўриш мумкин.

Жорий йилги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови қонун ҳужжатлари талабларига тўлиқ мувофиқ ҳолда, фуқароларнинг масъулияти ҳамда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларга, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтларига талабчанлиги ошган бир шароитда бўлиб ўтади.

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида фуқароларнинг сайлаш ҳамда сайланишга доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида сайловга юксак демократик даражада тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишнинг ҳуқуқий кафолатлари яратилди.

Хусусан, сайлов жараёнининг демократик принциплари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги ва бошқа қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган.

Мазкур қонун ҳужжатларида демократик сайловларни амалга оширишнинг асосий тамойиллари сифатида унинг умумийлиги, тенглиги ҳамда тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш, сайловда қатнашишнинг ихтиёрийлиги, уни ўтказишнинг очиқ ва ошкоралиги кабилар белгилаб қўйилган.

Халқаро ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилган асосий тамойилларга сайлов ҳуқуқининг умумийлиги киради. Бу Конституция ҳамда сайлов қонунчилигимизда асосий тамойиллардан бири сифатида эътироф этилган. Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 1-моддасида келтирилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширадилар. 

Сайлов кунига қадар ёки сайлов кунида 18 ёшга тўладиган, тегишли сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб турган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритилиш ҳуқуқига эгадирлар. “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасида сайловчилар қаерда бўлишларидан қатъи назар, уларга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида бевосита қатнашиш ҳуқуқи кафолатланади. 

Умумий сайлов ҳуқуқи фуқароларнинг сайловда иштирок этиши ҳеч қандай ҳуқуқий қоидалар билан чегараланмаганини англатмайди. Ўзбекистонда бошқа демократик мамлакатларда бўлгани каби давлат бошлиғи сайловига оид қонун ҳужжатларида камситувчи хусусиятга эга бўлмаган бир қатор чекловлар мавжуд.

Жумладан, Конституциямизнинг 90-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин.

Шунингдек, суд томонидан муомалага лаёқатсиз, деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ҳамда сайловда қатнашмайдилар. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.

Тенг сайлов ҳуқуқи тамойилига кўра, Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси бир овозга эга. Аёл ва эркаклар бир хил сайлов ҳуқуқига эга, ҳарбий хизматчилар бошқа фуқаролар билан бир хил сайлов ҳуқуқидан фойдаланади. Сайловда ҳеч ким ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ҳамда мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ҳамда хусусиятига қараб устуворликка эга бўлмайди.

Тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи тамойилига кўра, фуқаролар сайловда ўз хоҳиш-иродасини бевосита ифода этади. Овоз бериш жараёнида сайловчилар шахсий қараш ва фикрларидан келиб чиқиб, ўз танловини амалга оширади. Бунда агар фуқаро сайлов вақтида хорижда бўлса, у Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида тузиладиган сайлов участкасида овоз бериши мумкин.

Ўзбекистон сайлов қонунчилигида алоҳида холатларни ҳисобга олган холда муддатидан олдин овоз бериш қоидаси белгилаб қўйилган. Яъни сайлов куни касаллиги ёки бошқа сабабларга кўра, ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Сайловчи соғлиғи ёмонлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра, сайлов участкасига кела олмаган ҳолларда участка сайлов комиссияси сайловчилар турган жойда овоз беришни ташкил этиши мумкин.

Сайловда ихтиёрий иштирок этиш тамойили - фуқаролар ушбу сиёсий тадбирда ўз хоҳишига кўра, ҳеч қанақа мажбурловсиз қатнашишини англатади. Сайловчиларнинг хоҳиш-ирода билдиришларини назорат этишга йўл қўйилмайди. 
Ўзбекистонда сайловчи овоз беришнинг мақсадга мувофиқлиги ҳамда зарурлиги масаласини ўзи ҳал қилади. Фуқарога ўз сайлов ҳуқуқини амалга оширишда қандайдир мажбурият юкланмайди. Мамлакатимиздан фарқли ўлароқ бир қатор давлатларда сайловда овоз бериш фуқароларнинг мажбурияти сифатида кўрилади ва ундан бўйин товлаш нафақат жарима тариқасидаги жавобгарликка тортилишга, айни пайтда озодликдан маҳрум этилишига ҳам асос бўлиши мумкин. 

Сайловларнинг ошкоралиги тамойили- сайлов кампаниясини оммавий ахборот воситаларида ёритишни кўзда тутади. Бутун сайлов кампанияси том маънодаги ошкоралик асосида ўтказилади. Ошкоралик сайлов комиссияларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, жумладан, овозларни санаб чиқиш, овоз бериш натижаларини аниқлаш ҳамда сайлов натижаларини белгилаш тадбирлари очиқ ўтказилишидан далолатдир.

Ҳар бир фуқаро сайлов жараёнида сайлов округи ва участкалари тузилиши, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган ери ҳамда иш вақти, Президентликка номзодлар, овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақида ахборот излаш, олиш ҳамда тарқатиш ҳуқуқига эга. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасида белгиланишича, сайлов комиссиялари фуқароларни ўз ишларидан, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган ери ва иш вақтидан воқиф этадилар, сайловчиларнинг, шунингдек, сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхатлари билан таништирадилар. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар хусусидаги маълумотлар, овоз бериш ҳамда сайлов якунларидан хабардор қиладилар. Бундан ташқари, сайлов округлари ва участкалари, сайлов комиссиялари таркиби, номзодларни рўйхатга олиш, овоз бериш ҳамда сайлов якунлари ҳақидаги ахборот матбуотда эълон қилиниши қонун билан мустаҳкамланган.

Сайлов кампаниясининг ошкоралигини оммавий ахборот воситалари билан бир қаторда яна бир институт – маҳаллий ва хорижлик кузатувчилар таъминлайди. Қонунга кўра, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир тадбирларда, ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Президентликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ҳамда ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эга.

Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи соҳасидаги халқаро стандартлардан яна бири адолатли сайлов тамойилидир. Бу сайловларнинг даврийлигини қонун билан белгилаб қўйиш, сайловолди кампаниясини олиб боришда номзодларга тенг имкониятлар тақдим қилиш, сайловларнинг очиқ ва ошкоралиги, сайлов жараёнининг барча босқичида кузатувчилар иштирок эта олишидир. Мазкур принцип сайлов жараёнини нохолислик, фирибгарлик ҳамда сайлов натижаларини сохталаштиришдан самарали ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон сайлов қонунчилиги сайлов ҳуқуқлари бузилиши ва сайлов жараёни субъектларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш имкониятларини кафолатлайди.

Умуман олганда, миллий сайлов қонунчилиги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг эркин танлов ҳуқуқини тўла-тўкис рўёбга чиқаришига хизмат қилади. Жорий йилнинг 4 декабрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови юртимизнинг ҳар бир фуқароси ҳаётига дахлдор бўлиб, бу муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирга ҳеч ким бефарқ қарай олмайди. Зеро, фуқаролар сайловда иштирок этиш ва ўз хоҳиш-иродасини билдириш орқали мамлакатимизнинг ҳуқуқий демократик давлат ҳамда фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлидан изчил боришини таъминлашга ўз хиссасини қўшадилар. 

         Шарофиддин Турдиев,

Институтнинг  Сурхондарё вилоят

 ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси