Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

Аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошиб бормоқда

Ўзбекистонда мустақиллик йилларида аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий ҳаётида уларнинг тўлақонли иштирокини таъминлашга қаратиган бир қатор чора-тадбирлар режаси амалга оширилган. Давлатимизда аёлларнинг жамиятдаги роли ва мавқеини ошириш бўйича миллий дастурлар босқичма-босқич амалиётга тадбиқ этилмоқда. Демократик ислоҳотларни амалга ошириш ва фуқаролик жамиятини ташкил этишда хотин-қизларнинг тенг иштирокини таъминловчи тегишли норматив-ҳуқуқий база яратилган ва йилдан йилга мукаммаллаштирилиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси барча фуқароларнинг бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглигини белгилайди. Бундан ташқари, аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқли эканликлари фуқаролик, оила ва меҳнат кодексларида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.

Мустақиллик йилларида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида Ўзбекистон бир қатор конвенция ва халқаро ҳужжатларга аъзо бўлди. Хусусан, Марказий Осиёдаги давлатлардан биринчи бўлиб “Аёлларга нисбатан камситишларнинг барча турларини бартараф этиш” тўғрисидаги БМТ конвенциясига қўшилди. Ушбу соҳадаги бошқа халқаро ҳужжатлар – “Иш вақтини ҳафтасига 40 соатгача қисқартириш”, “Оналик ва болаликни ҳимоя қилиш” тўғрисидаги, Вена декларацияси (1993 йил), 1995 йилги Пекин декларацияси ва Ҳаракат платформаси, шунингдек, бошқа халқаро ва миллий ҳуқуқий ҳужжатларни кўрсатиб ўтишимиз мумкин.

Аёлларнинг аҳволини яхшилашга қаратилган бир қатор аниқ чора-тадбирлар анъанавий тарзда, 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилинган кунда эълон қилинадиган алоҳида давлат дастурларини амалга ошириш доирасида бажарилади. Жумладан, 1999 йилда Ўзбекистонда “Аёллар йили” деб эълон қилиниб, тегишли тарзда аёлларнинг оиладаги, давлат ва жамият бошқарувидаги ролини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва маънавий ҳимояси тизимини мукаммаллаштиришга қаратилган Давлат дастури бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва тўлиқ амалга оширилди. Юқорида тилга олинган амалий ишлар “Баркамол авлод йили” (2000 й.), “Она ва бола йили” (2001 й.), “Қарияларни эъзозлаш йили” (2000 й.), “Соғлом турмуш йили” (2005 й.), “Ёшлар йили” (2008 й.), “Соғлом бола йили” (2014 й.) каби давлат дастурлари доирасида ҳам давом эттирилди. Жорий 2016 йил Ўзбекистоннинг биринчи Президенти И. Каримовнинг ташаббусларига биноан “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниб, ушбу йилги давлат дастурида хотин-қизларнинг соғлигини мустаҳкамлаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ғоялари асосий ўринни эгаллаган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил
1 августдаги Ўзбекистонда 2014-2018 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмир ёшларнинг соғлигини ҳимоя қилишга қаратилган №ПФ-2221 Фармони тасдиқланди ва самарали тарзда амалга оширилиб келинмоқда.

Шунинг билан биргаликда, Ўзбекистонда аёлларнинг таълим олишлари ва малакаларини оширишлари учун етарли қулай шарт-шароитлар яратилган. Олий ёки ўрта- махсус маълумотга эга ҳар иккита мутахассисдан биттаси – аёллардир.

Охирги йилларда мамлакатимизнинг чекка туманларида яшовчи хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан аёлларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши кенг ривожланиш палласига кирди, бу айниқса саноат йўналишларини ривожлантиришга қаратилган фаолиятда ўзининг яққол ифодасини топмоқда. Бунда асосан халқ истеъмоли молларини ишлаб чиқаришда республикамиздаги табиий хомашё ресурсларидан фойдаланишга эътибор қаратилмоқда. Аёлларнинг шахсий бизнесларини ташкил этиш ва бошқаришда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг кўмаги муҳим рол ўйнамоқда. Қўмита томонидан аёлларга имтиёзли кредитлар олишда ёрдам кўрсатилмоқда.

Хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеи янада ошиб бораётганини Ватанимизнинг энг юксак мукофоти – Ўзбекистон Қаҳрамони деган шарафли номга 15 та аёллар лойиқ кўрилганлиги ҳам тасдиқлаб турибди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, хотин-қизларни давлатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ривожлантириш масалаларини ҳал этишда кенг жалб этиш, оила, оналик ва болаликни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни кучайтириш шунингдек, ушбу йўналишлар юзасидан вазирликлар, ташкилотлар, ҳудудий бошқарувнинг бошқа органлари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида янги лавозим – Бош вазирнинг оила, оналик ва болаликни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари бўйича ўринбосари таъсис этилди.

Тегишли тарзда ҳокимларнинг бундай лавозимлари барча вилоят ва туман ҳокимликларида ташкил этилди.

Жамиятда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини олға суриш, уларнинг ўз имконият ва салоҳиятларини намоён қилиш учун қулай шароитларни яратишда сезиларни ишларни мамлакатимизда фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ҳам ўзига хос ўрни бор. Бундай ташкилотлар 2016 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра 295 тани ташкил этади. Хусусан уларнинг асосий қисми ўз фаолиятини республика минтақаларида олиб боради.

Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Г. Маъруфова ўз суҳбатида “Бугунги кунга келиб, аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини илгар суриш ва ривожлантириш бўйича миллий механизмлар, шунингдек, уларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётнинг барча қатламларида ролини кучайтириш бўйича миллий институтлар ташкил этилган”лигини таъкидлаб ўтди. Бунинг тасдиғи сифатида аёлларнинг сиёсий партиялардаги фаоллигини 36 фоиздан 50 фоизгача ошиш тенденциясини кузатишимиз мумкин. Жумладан, “Миллий тикланиш” демократик партиясидаги аёлларнинг умумий улуши 40% дан 46% га, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар либерал-демократик партиясида 35% дан 37,3 % га, Халқ демократик партиясида 41% дан 48% га, “Адолат” социал-демократик партиясида эса 38% дан 51% га ошганини кўришимиз мумкин.

2014 йилги сайловлар жараёнида сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодларнинг 30 фоизидан кам бўлмаган қисмини аёллар ташкил этиши кераклигини назарда тутувчи норма тўлиқ бажарилди. Жумладан, Олий Мажлис қуйи палатаси депутатлигига сайловларда 24 (16%) та аёл сайланди, уларнинг 9 таси фан номзодлари ва 7 та юристдан иборат.

Олий Мажлис Сенатида аёлларнинг улуши юқори палата аъзоларининг 17 фоизини ташкил этади.

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар маҳаллий Халқ депутатлари Кенгашларида хотин-қизларнинг улуши 23,5 фоизга, туман ва шаҳар Кенгашларидаги эса 22 фоизгача оширилди.

Яна бир алоҳида аҳамиятга эга факт шундаки, бугунги кунга келиб аёллар мамлакатнинг сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 20-21 сентябрь кунлари бўлиб ўтган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари сессияларида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўтказиладиган сайловларда округ сайлов комиссияларининг аъзоларига номзодллар масаласи муҳокама қилинди.

Тақдим этилган таклифлар кўриб чиқилгач, Марказий сайлов комиссияси 14 та округ сайлов комиссиясининг шахсий таркибини белгилаш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Унга кўра ушбу комиссияларнинг аъзолари сифатида 154 та юқори мавқеига эга жамоат ташкилотлари вакиллари тайинланди. Округ сайлов комиссияларининг учдан бир қисми (35,7%) ни аёллар ташкил этади. Бундан ташқари, 14 та сайлов округ комиссияларининг 7 тасида аёллар комиссия раислари ўринбосарлари сифатида, шунингдек, 5 тасида комиссия котиблари сифатида белгиланган. Таққослаш мақсадида шуни кўрсатиб ўтиш мумкинки, 2015 йилдаги Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўтказилган сайловлар жараёнида аёллар округ сайлов комиссиялари аъзоларининг фақатгина 15,8 фоизини ташкил этган эди. Улардан фақат 2 тасигина комиссия котиблари сифатида фаолият олиб борган эдилар.

Юқоридаги кўрсаткичлар, энг аввало, аёлларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоя қилинишига давлат томонидан кучли эътибор қаратилишидан дарак бериш билан биргаликда, уларнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошишига имконият берилаётганлигини англатади .

Институт Ахборот хизмати