Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
Сайлов-2016. ЎзЛиДеПнинг сайлов кампаниясида иштироки
Мамлакатда фуқаролик жамияти институтларининг ривожланиши ва бу жараён учун зарур бўлган кўпчилик фуқароларнинг иштирок этиш маданияти, аҳоли сиёсий онгининг даражасига боғлиқдир. Шу боис Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ривожланишининг турли жиҳатларини ўрганиш мақсадида ўтказиладиган тадқиқотларда фуқароларнинг сиёсий мақсадлари, хоҳиш ва истаклари алоҳида ўринга эга. Жамиятнинг демократлашиш жараёнини белгиловчи асосий мезонлардан бири – бу шубҳасиз фуқароларнинг жамият ва давлат бошқарувида иштирок этиш ҳуқуқларининг таъминланганлигидир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасида белгиланганидек, Президент мамлакат фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланади.
Ҳозирда ватанимиз мамлакат ҳаётининг энг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаси – давлат раҳбари сайлови остонасида турибди. Шу сабабли, унинг кейинги ривожланиши барча сайлов жараёни иштирокчиларининг, жумладан, сиёсий партияларнинг фаоллигига боғлиқ. 2016 йил 9 сентябрда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг йиғилиши бу жараённинг бошланғич нуқтаси бўлди. Зеро айнан шу йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 96,117-моддалари, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг8-моддаси,“ЎзбекистонРеспубликаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонуннинг 5,9-моддаларига асосан 2016 йил 4 декабр Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни деб эълон қилинди.
Шунинг билан бирга МСК жорий йилнинг 9 сентябридан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлигини эълон қилди. Бугунги кунда сайловга тайёгарлик МСК томонидан тасдиқланган асосий тадбирлар Дастури асосида олиб борилмоқда. Таъкидлаш жоизки, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича барча тадбирлар “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга тўлиқ амал қилган ҳолда МСК томонидан очиқ ва ошкора амалга оширилмоқда. Алоҳида, айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистонда сиёсий, ҳуқуқий тизимларни босқичма босқич модернизация қилиш натижасида энг юқори демократик талабларга жавоб берадиган миллий сайлов тизими шакллантирилди.
Қайд этиш лозимки, бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик жамиятни демократлаштириш ва ислоҳ қилиш, инсонларнинг сиёсий, ижтимоий фаоллиги, фуқаролик масъулияти жараёнларининг чуқурлашуви, шунингдек, уларнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларнинг боришига ҳамда сиёсий партияларнинг фаолиятига баҳо беришда юқори талабларни қўйишлари шароитида ўтмоқда. Шу боисдан ЎзЛиДеП Ўзбекистондаги сиёсий жараёнларнинг асосий иштирокчиларидан бири сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампаниясига фаол киришди.
Ўз ўрнида ЎзЛиДеПнинг ўзига хос фаолиятини белгилаб берувчи кўрсатгичларни келтириб ўтсак. Бугунги кунда ЎзЛиДеПнинг аъзолари сони 310 мингдан ошди. Уларнинг ярмини 34 ёшгача бўлганлар ташкил этиб, шундан учдан бир қисмдан кўпроғини аёллар ташкил этади. Партия аъзоларининг асосий қисмини мулкдорлар синфининг ўрта қатлами, жумладан, тадбиркорлар, фермерлар, давлат ташкилотлари ишчилари, нодавлат сектор вакиллари ва ёшлар ташкил этади. ЎзЛиДеП мамлакатнинг барча шаҳар ва қишлоқлардаги аҳоли яшаш пунктларини қамраб олган 11 мингдан зиёд бошланғич партия ташкилотлари тармоғига эга.
ЎзЛиДеП 2004 йилдан бошлаб давлат ҳокимияти вакиллик органларини шакллантирган барча сайлов кампанияларида фаол иштирок этиб келмоқда. 2014 йил парламентнинг қуйи палатасига бўлиб ўтган сайловларда партия 52 депутатлик ўрнини эгаллаган ҳолда Қонунчилик палатасида мунтазам энг катта партия фракциясини шакллантирмоқда.
Маҳаллий ҳокимият вакиллик органларида ҳам ушбу тенденциянинг мавжудлигини ажратиб кўрсатиш мумкин. Мисол учун, туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашларига ўтказилган сўнги сайловларда ЎзЛиДеПдан 1.796 нафар ҳамда вилоят ХДПдан эса 301 нафар депутатлар сайланган.
Шуни таъкидлаш лозимки, бу рақамлар ФЖШМҚМИ томонидан ўтказилган турли социологик тадқиқотлар натижасида олинган маълумотлар билан ўзаро мос келмоқда. Масалан, қайси партияни афзал кўришга оид ўтказилган тадқиқот натижасига кўра респондентларда кўпроқ ЎзЛиДеП яхши таъсир қолдирмоқда (бу саволга 41,1% иштирокчи жавоб берган), бу эса ЎзЛиДеПга рейтинг жиҳатдан яқин бўлган партиянинг кўрсатгичидан 1,6 баробар каттадир (мазкур тадқиқотда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва мамлакатнинг барча вилоятларидан жами 1.399 респондентлар иштирок этишган).
ЎзЛиДеПнинг сайловчилар томонидан қўллаб қувватланиши ва жамоатчиликнинг берган юқори даражадаги ишончи 2007 ва 2015 йиллардаги Президент сайловларида Ислом Каримовнинг мазкур партиядан номзод этиб кўрсатилганлиги билан ифодаланади.
Буларнинг барчаси ЎзЛиДеПнинг Ўзбекистондаги сайлов кампаниялари барча даражаларида муваффақиятли иштирок этиши учун етарлича бой тажриба эга эканлигини намоён қилади. ЎзЛиДеПнинг сайлов жараёнида иштирок этиш тажрибасидан келиб чиққан ҳолда шуни алоҳида таъкидлаш мумкин: мамлакатимизда сайловлар умумэътироф этилган стандартлар, тенг сайлов ҳуқуқлари, тўғридан-тўғри ва яширин овоз бериш, сайловларда ихтиёрий иштирок этиш ва ошкоралик асосида ўтказилади.
ЎзР МСК томонидан сайлов кампаниясининг бошланганлиги эълон қилинганидан сўнг 2016 йил 16 сентябрда ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгашининг Пленуми ўтказилиб, 2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг иштирокига доир масалалар кўриб чиқилди. Пленумда мазкур жараёнда партиянинг фаол иштирок этишига доир амалий масалалар муҳокама қилинди. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннингн 242-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан амалга оширилиши инобатга олинган ҳолда, йиғилиш иштирокчилари томонидан партиянинг навбатдаги Съездини чақиришга келишиб олинди.
Бугунги кунда партияда Марказий сайлов штаби ташкил этилган бўлиб, ЎзЛиДеПнинг жойлардаги Кенгашлари (ҳудудий бўлимлари) даражасида мос ҳолда вилоят, туман ва шаҳар ишчи гуруҳлари ташкил этилди.
Партиянинг ҳудудий бўлимлари томонидан энг муҳим сиёсий жараёнда ҳар бир фуқаронинг фаол иштирокини таъминлаш, сайловни юқори даражада ташкил этиш мақсадида тарғибот-тушунтириш ишлари бошлаб юборилган. ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси қарорига биноан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бошланғич партия ташкилотларининг умумий йиғилишлари бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир масалалар ҳар томонлама кўриб чиқилди ҳамда туман ва шаҳар партия ташкилотлари конференциялари делегатлари сайланди. Ҳозирги кунда партия туман, шаҳар ва вилоят Кенгашларининг конференциялари бўлиб ўтмоқда. Унда Съездда иштирок этувчи делегатлар аниқлаб олинмоқда.
ЎзЛиДеП сайлов қонунчилигида белгиланган муддатларга мос равишда ўз вақтида Марказий сайлов комиисиясига партиянинг сайловда иштирок этиши тўғрисида хужжатларни топширди. Ўз ўрнида Марказий сайлов комиссияси “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 241-моддаси ва “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига биноан ЎзЛиДеПнинг 2016 йилги Президент сайловларида иштирок этиши учун тақдим этган аризаси ва бошқа хужжатларини кўриб чиқиб, партиянинг сайловларда иштирок этишига рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилди.
МСК партияга рўйхатга олинганлик тўғрисида гувоҳнома ва белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкаларини топширди. Бу эса, партияга Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни қўллаб-қувватлаш учун сайловчиларнинг имзоларини иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида тўплаш ҳуқуқини берди. Қайд этиш жоизки, 29 декабр 2015 йилда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришларга биноан сиёсий партия томонидан тақдим этилган имзо варақаларидаги имзолар сони Ўзбекистон Республикаси жами сайловчилари умумий сонининг 5 фоизидан 1 фоизига камайтирилди. Бу 214.350 сайловчининг имзоси демакдир. Бу ҳолат партияларнинг имзо тўплаш жараёнини жиддий енгиллаштирди.
Сайлов жараёнининг шаффофлигини белгиловчи асосий тамойиллардан бири бу кузатувчиларнинг фаолиятидир. Сайлов жараёнига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни овоз бериш биносида ва овозларни санаш пайтида ҳар бир сайлов участкасида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатган партиядан биттадан кузатувчи иштирок этиши мумкин. Ҳозирги кунда ЎзЛиДеПда партиядан кўрсатиладиган кузатувчиларнинг маълумот базаси шакллантирилган бўлиб, МСК томонидан номзод расмий рўйхатга олингандан кейин улар билан ишлаш бошланади. Мисол учун, бу ишлар партиянинг вилоят Кенгашларида партия кузатувчиларининг сайлов қонунчилигига оид билимларини ҳамда уни амалиётда қўллаш кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган семинар-тренингларни мунтазам ўтказишни назарда тутади.
Умуман олганда ЎзЛиДеП фаолиятининг таҳлили Ўзбекистонда Президентликка номзодлар учун қонунчилик билан мустаҳкамланган тенг шароит ва имкониятлар яратилганлигини кўрсатмоқда. Шу ўринда ЎзЛиДеП бу йилги сайловга фаол қўшилди. Сайлов кампанияси тўлалигича очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосига қурилади ҳамда МСК ўз фаолиятини мустақиллик, қонунийлик, коллегиалик, ошкоралик, адолатлилик тамойиллари асосида фаолият юритади. Бу эса, сайловчиларнинг ўз хоҳишларини эркин билдиришлари ва сайловларни янада демократлаштириш кафолати бўлиб хизмат қилади. Биз бўлиб ўтадиган сайловлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида мустаҳкамланган, умумэътироф этилган қоида ва меъёрлар асосида ўтишига ишонамиз.
Азамат Сеитов,
Институт ходими