Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
Сайлов-2016. Округ сайлов комиссиялари фаолиятининг асосий принциплари
2014 йил 16 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга асосан Марказий сайлов комиссиясига Конституциявий орган мақоми берилди ва мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлилик Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг асосий принциплари этиб белгиланди. Ушбу тамойиллар МСКнинг 2016 йил 15 снтябрдаги 732-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов округлари ва округ сайлов комиссиялари тўғрисидаги низомига мувофиқ округ сайлов комиссиялари учун ҳам белгиланди.
Мустақиллик принципи округ сайлов комиссияси фаолиятидаги энг муҳим принциплардан бири ҳисобланади. Ушбу тамойил округ сайлов комиссияси ва унинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга оширишини билдиради. Мазкур принцип сайлов комиссиясининг фаолиятига аралашмаслигини, сайловни ташкил қилиш ва ўтказишда турли давлат органларидан мустақиллигини, сайлов комиссияси фаолияти ҳолислиги ва сайлов натижаларининг ишончлилигини таминлашнинг кафолатидир. Қонун ҳужжатларига мувофиқ, Округ сайлов комиссияси аъзолари қарор қабул қилишда сиёсий мойиллар ва бошқа ёт таъсирлардан ҳоли бўлган ўз нуқтаи назарини билдиради. Шунингдек, округ сайлов комиссиясининг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Қонунийлик принципи округ сайлов комиссияси ва унинг аъзолари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ҳамда бошқа қонунларга амал қилишини англатади.
Коллегиаллик принципи сайлов комиссияси томонидан масалаларни кўриб чиқиш ва қарорлар қабул қилиш кенгашган ҳолда амалга оширилишини билдиради. Ушбу тамойил сайлов комиссияси аъзоларидан барча масалаларда маслаҳатлашган ҳолда фаолият олиб боришни талаб қилади. Шунингдек, сайлов комиссиясининг қарорларни қабул қилиш юзасидан йиғилишларда аъзоларнинг кўпчилик қисми иштирок этишини ҳамда улар томонидан батафсил муҳокама қилинишини билдиради.
Ошкоралик принципи округ сайлов комиссияси очиқ ва ошкора фаолият олиб боришини англатади. Хусусан, комиссия аъзолари таркиби, комиссия жойлашган бино, телефон рақами тўғрисида расмий босма нашрлар орқали маълумот бериши зарур. Қонунга мувофиқ, округ сайлов комиссияси мажлислари очиқ ўтказилади ва унда кузатувчилар иштирок этишга ҳақлидирлар. «Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ, «Бутун сайлов компанияси кенг ошкоралик асосида тузилади. Ҳар бир сайловчи сайлов давомида сайлов округлари ва участкаларини тузишга, сайлов комиссияларининг таркиби, комиссиялар жойлашган манзил ва иш вақтига, депутатликка номзодларни рўйхатга олиш, овоз бериш ва сайлов якунларига доир ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга». Ушбу норма округ сайлов комиссияларига маъсулият юклайди.
Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримов таъкидлаганларидек, «Сайловлар жараёнида ҳар қайси давлат, ҳар қайси жамиятда эркин тафаккур, хилма-хил фикрлар, одамларнинг хоҳиш-иродаси, орзу-умидлари, ижтимоий кайфиятлар, шу билан бирга, сиёсий ҳаракатлар ва кучларнинг интилишлари, айниқса, яққол намоён бўлади».
Адолатлилик принципи округ сайлов комиссиялари сайлов жараёни иштирокчиларининг мурожаатларини ҳартомонлама ҳолисона кўриб чиқишни ҳамда улар юзасидан қарорларни қабул қилишда алоҳида масъулият юклайди. Айниқса, сайлов жараёни иштирокчиларининг манфаатларини амалга ошириш сайловга оид қонун ҳужжатларида кўрсатилмаган бўлса, округ сайлов комиссияси бундай масалаларни Конституцияда белгиланган демократик принциплар ва адолатлилик асосида ҳал қилади.
Ҳар бир санаб ўтилган принциплар сайлов жараёнларининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини белгилашда бир-биридан фарқ қилади ва юридик жиҳатдан ўзига хосликка эгадир. Шу сабабли, ушбу принциплар сайлов жараёнларига бевосита таъсир кўрсатади.
Институт Ахборот хизмати