Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

Сайловда ёшлар овози ҳал қилувчи кучга эга

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасида республика фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгалиги, бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш эса сайлов орқали амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов “Сайловлар – бу мамлакатимизда амалда бўлган ҳуқуқий нормаларнинг нечоғлиқ демократик руҳда эканини намоён этадиган, демократик ҳуқуқий давлатнинг узвий белгиси, халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишининг, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокининг асосий шакли бўлиб, ўта муҳим ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга масаладир”, – деб таъкидлаб ўтган эди. Шундай экан, сайлов демократиянинг муҳим мезонларидан бўлиб, у орқали фақат давлат органлари эмас, балки давлат бошлиғи – Президент ҳам сайланади.

Ўзбекистон тарихида Президент лавозимининг таъсис этилиши энг муҳим сиёсий воқеалардан бири сифатида эътироф этилади. Айниқса, Президент лавозимининг собиқ иттифоқ таркибида бўлган вақтимизда, иттифоқчи республикалар орасида биринчи бўлиб таъсис этилиши Ўзбекистоннинг мустақиллик учун қўйган энг катта қадами эканлиги ҳозирги кунда янада яққолроқ намоён бўлмоқда.

Президент лавозимининг таъсис этилиши демократик мамлакатлар давлатчилиги тажрибасини Ўзбекистонда қўллаш ҳамда ўзбек миллий давлатчилик анъаналарини тиклаш бўлди. Президент лавозимининг таъсис этилиши билан сайлов тизимимизда ҳам сезиларли ўзгариш рўй берди. Бу сайловни тартибга солиш учун 1991 йил 18 ноябрда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, унинг асосида 1991 йил 29 декабрда мамлакатда биринчи марта муқобиллик асосида Президент сайлови ўтказилди ва халқ давлат бошлиғини сайлаб олди.

Шу нуқтаи назардан, жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда улкан аҳамиятга эга бўлган муҳим сиёсий тадбирдир.

Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимизда сайловчиларнинг умумий сони 21 миллион 435,9 минг кишини ташкил қилади. Сайлов қонунчилигига мувофиқ Президент сайловида 18 ёшга тўлган барча фуқаролар иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бўлажак сайловда 636,9 (2,9%) мингга яқин йигит ва қизларимиз бундай ҳуқуқдан илк бор фойдаланадилар.

Таъкидлаш жоизки, сайловчиларнинг, хусусан ёшларнинг сайлов тўғрисидаги билимини юксалтириш масаласига Марказий сайлов комиссияси ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка, шу жумладан ёшларга миллий сайлов қонунчилигимизнинг мазмун ва моҳиятини тушунтириш борасида бир қатор амалий ишлар қилинмоқда.

Бу борада Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан ҳам тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Институтнинг “Демократик ислоҳотларни амалга ошириш, фуқаролик жамиятини барпо этишда ёшларнинг роли ва ўрни” лойиҳаси томонидан 2014йил 21-декабрда бўлиб ўтган Парламент сайловлари олдидан ёшларда сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида “Биринчи маротаба овоз берувчилар учун сайлов бўйича савол-жавоб” қўлланмаси ишлаб чиқилди. Бундан ташқари ёшлар орасида турли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиб, қатор давра суҳбатлари, телекўрсатувлар ташкил этилди. Ўтказилган тадбирларда ёшларнинг ҳуқуқий билимлари, ҳуқуқий маданиятини ошириш, ёшларда мамлакат Конституцияси ва қонунларига ҳурмат ҳиссини мустаҳкамлаш, йигит-қизлар томонидан ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғри англаб сайловларда фаол иштирок этишлари юзасидан фикр мулоҳазалар билдирилди.

Ҳозирги кунда мазкур ишларни тизимли давом эттириш мақсадида яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этувчи ёшлар учун махсус қўлланма ишлаб чиқилмоқда. Мазкур қўлланма Марказий сайлов комиссияси билан келишилган ҳолда Республиканинг барча ҳудудларига тарқатилиши режалаштирилган.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда демократик талаблар ва халқаро стандартларга мос сайлов тизими шакллантирилди. Сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш, фуқаролар, жумладан, ёшларнинг сайловларда фаол иштирокини таъминлаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

Саиджасур Саидқодиров,

Институт етакчи мутахассиси