Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

Маданий-тарихий ва маърифий соҳадаги ННТлар Форуми бўлиб ўтди

06.10.2016 - 12:45

Маданий меросни сақлаш, ўрганиш, уни келажак авлод вакилларига етказиш жамиятнинг барқарор ривожланиши ҳамда маънавий юксалишида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, маданий мерос, халқимизга хос қадриятлар, қадимий тарихий ёдгорликлар маънавият шаклланишининг энг муҳим асосларидан биридир. Шу боис  мамлакатимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ, маданий мероснинг муҳофаза қилинишини таъминлаш, уни ўрганиш, оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Албатта, ушбу жараёнда ўзаро ҳамкорликнинг ривожлантирилгани, табиат ва маданият ёдгорликларини муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий ҳамда институционал тизими яратилгани муҳим омил бўлмоқда.

Ушбу вазифаларни бажаришда давлат органлари билан бир қаторда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ҳам ўзига хос ўрни бор.

Жумладан, “Ҳунарманд” уюшмаси, халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди, “Мерос” халқаро хайрия илмий-амалий экспедицияси фондлари маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишда фаол иштирок этмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда маданий мероснинг кўчмас объектлари 8000 дан ортиқни (уларнинг 50 фоиздан ошиғи археология мероси объектларига тўғри келади), музейларда юз минглаб кўчар объектлар, архивларда миллионлаб сақланаётган ҳужжатлар маданий мерос объектларидир.

Ўтган давр мобайнида мамлакат миллий бойлиги бўлган маданий мерос объектларини қайта тиклаш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни тартибга солувчи ҳуқуқий асослар яратилди.

Жумладан, “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги, “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Архив иши тўғрисида”ги, “Музейлар тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўнга яқин қарорларнинг қабул қилингани ушбу масалага давлат томонидан қаратилаётган эътиборнинг юксаклигини тасдиқлайди.

 “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги ҳамда “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги қонунларнинг ижросини таъминлашда жамоат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан тизимли ишлар олиб борилаётганлиги тўғрисида халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди, “Ҳунарманд” уюшмаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, ЎзННТМА, ФЖШМҚМИ ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган Маданий-тарихий ва маърифий соҳадаги ННТлар Форумида қайд этиб ўтилди.

Форум доирасида иштирокчилар маданий меросни муҳофаза қилишда ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ННТлар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳамкорлиги, ушбу соҳадаги дастур ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бажарилишида парламент назоратини кучайтириш масалалари, шунингдек, тарихий-маданий меросни тарғиб қилиш ва муҳофаза қилишда давлат органлари ва ННТлар ўртасида ўзаро ижтимоий шерикликнинг бугунги ҳолати ва истиқболдаги режалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, миллий маданий-тарихий меросни сақлаш ва оммалаштиришда нафақат Маданият ва спорт ишлари вазирлиги балки бу соҳада фаолият олиб борувчи ННТлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳозирги кунда муҳим масала сифатида турибди. Зеро, вазирлик таркибидаги Маданий меросни сақлаш ва ундан фойдаланиш бошқармаси вакилининг сўзларига қараганда, ҳозирги кунда вазирликда ушбу соҳада атиги 59 та мутахассис ўз фаолиятини олиб боради. Агар мамлакатимизда минглаб моддий ва номоддий тарихий бойликлар мавжудлигини ҳисобга оладиган бўлсак, ушбу вазифа ННТлар олдидаги алоҳида аҳамиятга эга вазифа ҳисобланилади.

Форум якунида иштирокчилар алоҳида секцияларга бўлинган ҳолда мамлакатимизнинг тарихи ва маданияти учун алоҳида аҳамиятга молик археологик ва моддий маданий объектлардан фойдаланиш, уларни муҳофаза қилишга давлат органлари ҳамда ННТларнинг ўзаро ҳамкорлиги, шунингдек, бу соҳада ОАВ воситаларининг роли ва ўрнини оширишга қаратилган тегишли тавсия ва таклифларни ишлаб чиқдилар.

                                                                                                  Институт  Ахборот хизмати